Ўзбекистон | 20:21 / 15.01.2026
4423
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат концепцияси янгиланади

Президент Шавкат Мирзиёев жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар замирида Ташқи сиёсат концепциясини ўзгартириш зарурлигини айтди. «Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим», деди давлат раҳбари.

Жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

«Сўнгги йиллардаги очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда. Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишлари, технологиялар ва энергия бозорларидаги трансформатсиялар ташқи сиёсатимиздан янада фаол, аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб этмоқда», деди президентимиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакат ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.

«Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим», деди давлат раҳбари.

Ишларни самарали ташкил қилиш учун элчихоналарнинг ҳар бирига қўшимча маблағ берилиши белгиланди. Дипломатларнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид