Дипломатия давлатлар ўртасидаги низоли вазиятларни урушдан олдин ҳал қилиш воситаси сифатида мамлакатлар ва минтақаларнинг барқарорлиги учун муҳим рол ўйнайди. Аммо ХХI асрнинг дастлабки икки ўн йиллигида дипломатия асосан сиёсий жараёнларни эмас, балки иқтисодий ва савдо мунобатларини тартибга солиш воситасига айланиб қолди. Дипломат кадрлар учун халқаро ташкилотларнинг халқаро алоқалар бўйича вакили сифатида, ёки ақл марказларида таҳлилчи сифатида фаолият олиб бориш етакчи йўналишларга айланди. Шу тариқа низоли вазиятларда давлатлар ўртасида мувозанатли келишувларни таклиф эта оладиган, иштирокчи томонларнинг манфаатларини етарлича қониқтирадиган ечим ишлаб чиқа оладиган ва самарали сиёсий диалог ташкиллаштирадиган кадрлар танқислиги вужудга келди. Натижада классик дипломатия ўз ўрнини “бизнес музокарачилар” гуруҳига бўшатиб берди.

“Бизнес музокарачилар” бошқа давлатлар ҳудудида қўшма корхона очиш, савдо имтиёзлари олиш ва божхона келишувларига анча уста бўлишларига қарамасдан, 2022 йил февралдан кейинги 3 та ҳарбий тўқнашув – Россия-Украина, Ҳамас-Исроил ва Эрон-АҚШ ва Исроил – классик дипломатларга бўлган эҳтиёжни намоён этди. Ушбу уч ҳарбий инқироз фақатгина иштирокчи томонлар учун эмас, балки инқирозлар натижасида ўзгариб бораётган дунёдаги барча давлатлар учун тенденцияларни чуқур таҳлил қилиб, мувозанатли ташқи сиёсат олиб борадиган дипломатлар кераклигини кўрсатяпти.

Халқаро ташкилотларнинг заифлашуви (либерал тартибот қулаши)

2022 йил февралда бошланган Украина инқирози халқаро ташкилотлар йирик ҳарбий инқирозларни ҳал этишда ожиз эканликларини кўрсатиб берди. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва BRICS каби тузилмалар бу муаммо борасида амалий чоралардан тийилди. Дунёдаги энг катта халқаро ташкилот ҳисобланадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса ҳеч нарса қила олмаслиги кўриниб қолди. Айни шу инқироз БМТ амалдаги ишлаш услубининг самарасизлиги ёки замон талабига мос келмаслигини намоён этди. 2023 йил октябрда бошланган Ҳамас ва Исроил ўртасидаги низода ҳам ташкилот фуқаролар ўртасидаги йўқотишларни камайтириш учун ожизлик қилди. Деярли барча мустақил давлатни қамраб олган халқаро тузилманинг бу қадар заифлиги либерал дунё тартиботи ҳақидаги ғояларни савол остида қолдирди.

БМТдан ташқари, Украина инқирози синовдан ўтказган ташкилотлардан яна бири бу – Европа Иттифоқи дейиш мумкин. Улар амалда Россияга қарши 20 тача санкциялар пакетини эълон қилган бўлса, бу қарорларни қабул қилиш жараёнидаги мушкулликлар иттифоқ ичида қарор қабул қилиш жараёни инқирозларга тезкор жавоб бера олмаслиги ва якдиллик йўқлигини кўрсатди. Фақатгина иқтисодий, савдо ва божхона муносабатларида муваффақтиятли ишлаб келган европалик музокарачилар нафақат Кремл билан Украина инқирози борасида келишувга эришишда муваффақиятсизликка учради, балки ўзаро якдил қарорлар беришгаям қийналди. Европа мамлакатларида ўсиб бораётган ўнг қанот миллатчилиги ва популизмни ҳисобга оладиган бўлсак, “бизнес музокарачилар”дан иборат бўлган ташқи ишлар вазирликлари тизими келажакдаги инқирозлар фонида янада заифлашиши ва иттифоқ ичида тарқоқлик кучайиши мумкин.