Давлат органлари ва ташкилотларида янги лавозим жорий этилади
Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш мақсад қилинган.
Президентнинг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
2021 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотларида:
меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида фаолият юритаётган ходимга қўшимча вазифа юклаш орқали “Спорт тарғиботчиси” лавозими жорий этилади ва мазкур вазифалар юклатилган ходимнинг иш ҳақига қўшимча равишда 30 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилади;
меҳнат жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитларни яратишни (тренажер зали, “Workоut” майдончаси, спорт майдончалари ва хоналари) молиялаштириш давлат органлари ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида:
иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;
ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, бадминтон волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда) иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”;
мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши;
технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгилаш амалиётга жорий этилади.
Меҳнат жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш ‒ давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига:
республикадаги барча меҳнат жамоаларида ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши ҳамда бунинг учун зарурий шарт-шароитлар яратиш масалаларини касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномалари мазмунига киритиш;
“Жисмоний тайёргарлик даражаси” махсус спорт синовлари бўйича совринли ўринларни (I, II, ва III ўрин) қўлга киритган давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимларини йилига бир марталик дам олиш масканлари ёки санаторийларга имтиёзли йўлланмалар бериш тартибини жорий этиш;
жисмоний тарбия-соғломлаштириш учун шарт-шароитлар яратадиган, шунингдек, ишчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган иш берувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш тавсия этилади.
Мавзуга оид
15:24 / 04.12.2024
Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин — тадқиқот
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024