Жаҳон | 08:51 / 11.11.2025
2283
3 дақиқада ўқилади

"Проект": РФда юқори даражадаги давлат хизматчиларининг 76 фоизи ҳокимиятда қариндошларга эга

Суриштирув нашри — “Проект” — РФда давлат бошқарувининг асосий соҳаларида лавозим эгаллаб турган 1329 нафар шахснинг қариндошлик алоқаларини ўрганди. Текширув қаҳрамонларидан 1012 нафарида ҳокимият тизимида ишлайдиган қариндошлар ҳам аниқланди.

Фото: Дмитрий Духанин, Коммерсантъ

Давлат тузилмаларида юқори лавозимда ишлайдиган россияликларнинг уч қисмига яқини — аниқроғи, 76 фоизи — ҳокимиятда ёки ҳокимиятга боғлиқ бизнесда банд бўлган қариндошларга эга. Бу хулосалар “Проект” онлайн-нашри ўтказган суриштирув натижалари бўлиб, у 10 ноябр куни эълон қилинди.

Журналистлар давлат бошқарувининг асосий соҳаларидаги (президент Владимир Путиндан тортиб энг йирик музейлар директорларигача) 1329 нафар мансабдорнинг қариндошлик алоқаларини ўрганди. Натижада текширув қаҳрамонларидан 1012 нафарида ҳокимият тизимида, давлатга боғлиқ бизнесда, жамоат ва сиёсий ташкилотларда ишлайдиган қариндошлар мавжудлиги аниқланди.

“Бу улкан улуш — ҳар тўрт россиялик раҳбардан уч нафари ё ўзи бошқа амалдорларга ‘меросхўр’, ёки фарзандлари ҳаётини давлат ҳисобидан таъминлаб қўйган”, — деб ёзади муаллифлар.

Ҳокимият органлари орасида, ходимларининг барчаси истисносиз ҳокимиятда ёки ҳокимиятга боғлиқ бизнесда қариндоши бор деб қайд этилган тузилмалар қуйидагилар: Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ), Олий суд ва Мудофаа вазирлиги. Худди шундай ҳолат Сбербанк, ВТБ, Газпромбанк, Россельхозбанк каби банкларда, шунингдек “Ростелеком”, иқтисодий ривожланиш ва инвестицияларга масъул давлат корпорацияси ВЭБ.РФ, “Автодор”, РЖД ва “Газпром”да ҳам кузатилган.

Ҳокимиятда ёки у билан боғлиқ бизнесда қариндоши борлар улуши Россия Банкида 92 фоиз, Бош прокуратурада 91 фоиз, ИИВда 89 фоиз, Федерация Кенгашида 86 фоиз ва Давлат думасида 84 фоизни ташкил этгани айтилади. Аксинча, бу кўрсаткич Фан ва олий таълим вазирлигида 33 фоиз, “Минцифра”да 36 фоиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 36 фоиз атрофида.

Бундан ташқари, журналистлар ҳокимиятда ёки ҳокимиятга боғлиқ бизнесда энг кўп қариндоши бор 25 мансабдор рўйхатини тузган. Унга кўра, биринчи ўринда — Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров. Унинг шундай қариндошлари 96 нафар. Кейингилар: РФ президенти Владимир Путин (27 қариндош), Федерация Кенгаши аъзоси Арсен Каноков (19), “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов (16), РФ президенти ёрдамчиси Николай Патрушев (15). “Проект” буни “ҳокимият сулолалари” деб атайди.

Владимир Путиннинг қариндошлари ва унга яқин шахслар орасида, “Проект” маълумотларига кўра, “Россияни бошқаришда иштирок этадиганлар” сифатида президентга яқинлардан Светлана Кривоногих — “Россия” банки акциядорига айланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид