Жаҳон | 11:00 / 19.05.2026
2576
4 дақиқада ўқилади

Трамп «араб давлатлари илтимоси билан» Эронга янги ҳужумни ортга сурганини айтди

Фото: REUTERS/Evan Vucci/File Photo

АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни Эронга режалаштирилган янги зарбани Форс кўрфази давлатларининг илтимосига кўра кейинга қолдираётганини, чунки «ҳозир жиддий музокаралар олиб борилаётгани»ни айтди.

«Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва БАА президенти Муҳаммад бин Заид Ол Наҳайён мендан Эронга қарши эртага режалаштирилган ҳужумимизни қолдиришни сўради, чунки ҳозир жиддий музокаралар кетмоқда ва уларнинг буюк раҳбар ҳамда иттифоқчи сифатидаги фикрига кўра, келишувга эришилади», – дея ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Трамп уни АҚШ учун «мутлақо маъқул» ҳисобланадиган келишув тузилиши эҳтимоли ҳақида хабардор қилишганини айтиб, «Эронда ядро қуроли бўлмаслиги»ни қўшимча қилган.

«Ушбу раҳбарларга бўлган ҳурматим юзасидан мен Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Дэн Кейн ва АҚШ қуролли кучларига эртага Эронга ҳужум қилинмаслиги бўйича кўрсатма бердим. Аммо шу билан бирга, агар мақбул келишувга эришилмаса, биринчи буйруқ билан Эронга қарши тўлиқ миқёсли кенг қамровли ҳужум бошлашга тайёр туришни топширдим», – дея изоҳлаган Трамп.

У келишув Эроннинг ядро қуролига эга бўлмаслигини назарда тутиши лозимлигини таъкидлаган.

Эрон Трампнинг сўнгги баёнотлари юзасидан расмий муносабат билдирмади.

Сўнгги кунларда Трампнинг риторикаси кескинлашиши фонида АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий кампанияни қайтадан бошлашга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Хусусан, АҚШ президенти «Эрон учун вақт ўтиб бораётгани ва улар шошилиши кераклиги, акс ҳолда улардан ҳеч нарса қолмаслиги»ни айтиб, Теҳронга зарбаларни қайта бошлаш билан таҳдид қилганди.

Агар Эрон ўз позициясини ўзгартирмаса, АҚШ музокараларни «бомбалар ёрдамида» давом эттиришга мажбур бўлади, деб ёзган Axios нашри АҚШ раҳбариятидаги юқори мартабали манбага таяниб.

Исроил ва АҚШ ҳарбийлари 28 феврал куни Эронга ҳаво ҳужумларини бошлаган, бунга жавобан Теҳрон Форс кўрфази мамлакатларидаги Исроил ва Америка нишонларини дрон ва ракеталар билан ўққа тутганди.

Апрел ойига келиб «музокараларни осонлаштириш учун» вақтинчалик сулҳ тузилди, оташкесим вақти-вақти билан бузилиб турган бўлса-да, тўлиқ бекор бўлмади.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини назорат қилишда давом этмоқда ва дунёдаги нефт ва суюлтирилган газ етказиб беришнинг тахминан 20 фоизи ўтадиган ушбу ҳаётий муҳим сув йўлини амалда ёпиб қўйган. Теҳрон бутун дунёда нефт нархи кескин ошишига олиб келган бу қадамни АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларига жавоб деб атаган.

АҚШ ҳам Теҳронга босим ўтказиш ва уни келишув шартларига рози бўлишга мажбурлаш учун Эрон портларини блокада қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид