Жамият | 15:37 / 30.12.2020
19228
13 дақиқада ўқилади

«Коррупцияга аралашган олимни олим ҳисобламайман» — математик Аброр Худойбердиев билан суҳбат

Физика-математика фанлари доктори Аброр Худойбердиев 28 декабр куни бир гуруҳ юртдошлар қаторида Кўксаройда президент томонидан «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

ЎзМУ профессори, ЎзФА Математика институти етакчи илмий ходими сифатида ишлаб келаётган Аброр Худойбердиев 34 ёшда. У 2015 йилда фан доктори илмий даражасини олган.

Kun.uz мухбири Кўксаройдаги маросимдан сўнг ёш олим билан суҳбат уюштирди.

Мактаб ўқувчиси математика менга нега керак деб сўраса...

— Баъзи одамларда математика қийин фан деган тасаввур бўлади. Бу тўғрими?

— Тўғри, кимлардир математикани қийин деб ўйлашади. Унинг қийин эмаслигини ҳис қилиш учун унга нисбатан озгина муҳаббат бўлиши керак деб ҳисоблайман. Агар инсонда фанга муҳаббат ёки қизиқиш бўлмас экан, унга исталган усул билан бўлсин ўргатиб бўлмайди.

Демак, биринчидан, муҳаббат керак. Иккинчидан, қобилият ва учинчидан, меҳнатсеварлик. Бу учаласини математикнинг маънавий устуни деса бўлади. Мактаб ўқувчисида дастлабки иккиси бўлса етарли, чунки қизиқиши ва лаёқати бор болага математикани ўргатиш қийин бўлмайди.

Меҳнатсеварлик нима учун зарур – агар инсонда муҳаббат ва қобилият бўлсаю, у ўз устида ишламаса, кўзланган мақсадга эришолмайди. Яъни бу кўпроқ инсон олдига қўйган мақсадларига боғлиқ бўлади.

— Мактабда ўқувчи математика менга нега керак деб савол берса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?

— Албатта, савол жуда ўринли. Кичик синфларда масалаларни бемалол ишлаб, уни ҳаётга боғлаб юрган бола катта синфга ўтганда математик қоидалар, масала-ю формулалар қийинлаша бошлайди. Шунда ўқувчида ҳаққоний савол пайдо бўлади – нима учун керак: шунчаки ўрганишим керакми, университетга киришим учун керакми, каби. Бу жойда ўқитувчининг маҳорати керак бўлади, яъни ҳар бир масалага алоҳида ёндашиш зарур.

Агар шундай йўл тутилса, ҳар бир масалани ҳаётга татбиқи бор ва уни тушунтириб бериш мумкин. Бу педагогнинг қай даражада маҳоратли эканига боғлиқ. Шу томондан ҳам камчиликларимиз бўлса керак. Аслида эса мактабдаги барча мисол ва масалаларни ҳаётга боғлаб тушунтириш мумкин.

Математика йўналишида таҳсил олаётган талабаларга педагогик томондан чуқурроқ ва болага қандай етказиб бериш, тушунтириш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш керак.

«Замонавий олим замонавий бизнесмендан кам фаол эмас»

— Математик дунёни қандай кўради?

— Унутмаслик керакки, қайси соҳада бўлмасин, олим ҳам аввало инсон. Шу жумладан, математик ҳам. Халқимиз «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин», деб бежиз айтмайди. Шундайки, ҳар бир олим биринчи ўринда одам, у ҳам инсонга хос хислатлардан холи бўлмайди.

Олимлар, айниқса математиклар ўзига яраша характери бўлади. Кўпчилиги бирор масалани ечаётган бўлса, унинг ич-ичига кириб кетади ва қаерда бўлса ҳам шу ҳақида ўйлаб юради, токи бунинг жавобини топмагунча.

Талабалик пайтимизда устозларимиз, масалани ечиш учун фақат бўш вақтда шуғулланиш керак эмас, ҳар доим шуни ўйлаб юриш керак деган гапни айтишарди.

Яна шуниси борки, математик аниқликни ва ҳар бир ишни ўз вақтида қилишни яхши кўради. Буни ҳаётда ҳам жуда кўп учратамиз, математик одам айтилган жойга, хоҳ тадбир, хоҳ дарс бўлсин, ўз вақтида етиб боради ва ўз вақтида бошлашга одатланган. Бирор иш бошласа, унга сидқидилдан ёндашади ва қўл учида киришиб ёки ишни ярмида қолдирмайди.

— Онгда қотиб қолган стериотиплар ҳам бўлади. Кўпчилик олим деганда эски бир стол, стул, чанг босган эски китоблар жавонини тушунади. Сизнингча, замонавий олим қандай белгиларга эга?

— Тўғри, олим деганда авваллари сиз айтган каби тасаввур бўлган бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги кунда олим замонавий, халқаро алоқаларга эга бўлиши, интернет тармоғидан самарали фойдалана олиши шарт. Чунки бугун ҳамма ишимиз интернет билан боғлиқ.

Тармоқда ҳар бир илм соҳаси учун махсус сайтлар, турли хорижий журналлар бор, улардан фойдаланиш имкони мавжуд. Ўзини замонавий олим ҳисоблаган ва ҳурмат қилган инсон бу ишларни қилади. Янаям тушунарли қилиб айтсам, замонавий олим ҳаётнинг исталган жабҳасида, ижтимоий тармоқлар бўлсин ёки бошқа – замонавий бизнесмендан кам фаол бўлмайди.

Мен ўзим ҳам бир неча соатлаб интернетдан фойдаланаман, илмий ишларни оламан, ўқиб таҳлил қиламан, ҳамкорлар билан алоқалар қиламан, хуллас ҳозирги замонда бусиз иложи йўқ. Агар кимдир ҳалиям олим кутубхонадагина ўтириб эски китобларни ўқиб ўтиради деса хато бўлади.

Шу ўринда бир қўшимча қилмоқчиман, ҳозирги кунда нафақат олим, балки талабалар ҳам замонавий илмдаги янгиликларни тез олиши керак, бундан жамоавий, оммавий фойдаланиш учун эса, университетлар томонидан ҳам халқаро журналларга «доступ» олиниши лозимлиги долзарб муаммолардан саналади. Бу борадаги ишлар тўлақонли шакллантирилмаган деб ўйлайман.

Ҳар бир олим ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда «доступ» олиш, фойдаланиш имкониятига эга, масалан, мен ўзимга керак бўлган мақолани олиб ўқишим мумкин. Лекин ҳаммада ҳам бу имконият йўқ ва буни ОТМлар таъминлаб бериши зарур. Европа билан таққослаганда бу жиҳатлар бизда анча орқада.

Доступ олиш учун ўша хорижий фирма ҳисобига пул ўтказилади. Қайси ҳисобдан ўтказилади, қандай ўтказилади? Агар тегишли ташкилотлар шу муаммоларни ҳал қилиб берса, илм учун катта хизмат қилинган бўларди.

Математика таълими: ОТМларда номутахассис йўналишларда математикани ўқитиш керакми?

— Бугун математика олий таълимида қандай йўналишлар ёки ёндашувлар жорий этилиши зарур деб ҳисоблайсиз?

— Математика йўналиши талабаларида бугун масъулият жуда катта, бу йўналиш қабул сони ҳам кўпайтирилди ва энди сифат тушишидан эҳтиёт бўлишимиз керак, чунки сон кўпайган жойда сифат тушиши мумкин.

Ҳар бир талабага алоҳида ёндашув лозим, турли йўналишларга йўналтиришимиз керак. Маълум қисмини фундаментал бўйича, маълум қисмини амалиёт билан ишлаш йўналишида, қанчадир қисмини педагогика бўйича тарбиялашимиз керак. Назарий математикага қизиққан ёшларни ҳозирдан илмий ишларга тайёрлаб боришимиз зарур.

— Бир олимдан эшитгандим. «Сен математикмисан, демак дастурчисан, сен дастурчимисан, математик бўлишинг керак, йўқса нолсан», деганди. Бу фикрни сиз қандай изоҳлайсиз?

— Дастурчилик ва математика бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳақиқатан ҳам дастурчи бўлиш учун математикани билиш шарт. Биринчи навбатда дастур тузишдан один унинг алгоритми, математик модели тузилади. Ана шу жойда математика катта рол ўйнайди, мантиқий боғламларни тўғри боғлаш ва энг оптимал алгоритм тузиш масаласида математик фикрлаш ўта муҳим.

Иккинчидан, математик одам дастурчи бўлиши масаласига тўхталсак, назария билан шуғулланган олим катта-катта ҳисобларни қўлда ҳисоблаб ўтирмайди, бу имконсиз; маълум компютерда унинг дастурини яратиб, ҳисоб-китобларни шунда ҳисоблайди. Бундан ташқари, математиклар учун волфрам математика деган математик тил бор, ўшандан фойдаланиб ҳисоб-китобларни амалга оширамиз. Бусиз замонавий математикани тасаввур қилиб бўлмайди.

— Номутахассис олий таълим йўналишларида математика ўқитилиши керакми ва бу қандай бўлиши керак?

— Саволингиз ўринли, ўқитилиши керакми деган саволга ҳа, албатта ўқитилиши шарт, деб жавоб бераман; лекин иккинчи томондан, ўйлашни талаб қилади: қандай ўқитилиши керак? Агар талаб даражасида ўқитилмаса, яна биринчи саволга қайтиб қолади. Нима учун бу фан қўйилди, керакмиди бизга ўзи деган. Чунки талабанинг умри бекорга сарф бўлмаслиги лозим.

Айнан шу иккинчи қисм оғриқли. Қайси мутахассисга математиканинг қайси жиҳатлари кераклиги, нималар унинг соҳасига мос, фикрлаш қобилиятини ўстиришга ёрдам бериши каби масалалар долзарб муаммолардан ҳисобланади. Шунингдек, ўрганганларини касбий фаолиятида амалда қўллай олиши ҳам лозим. Бу масалаларга эса ҳали тўлақонли жавоб берилмади.

Номутахассис йўналиш талабаларига дарс бермасам-да, уларнинг фан дастурларидан хабардорман ва шуни айта оламанки, жуда кўп дастурлар бир-бирига ўхшаш. Шундай бўлгандан кейин савол келиб чиқаверади.

Лекин ҳали мутахассисларимиз аниқ бир қолипга тушиб олгани йўқ. Айнан қайси мутахассисликдаги талабага қандай математика керак экани ҳақидаги қоидалар йўқ. Масалан, инженер ёки архитектор бўладиган бўлса, шу соҳадаги олимлар билан биргаликда ишланиши зарур.

«Коррупцияга аралашган олимни олим деб ҳисобламайман»

— Олим учун энг кераги нима?

— Олим учун энг муҳим нарса – ишлаш учун шароит. Иккинчидан, оиласи тинч бўлса, ўз севган иши билан чалғимасдан шуғулланиши мумкин. Математикка махсус лабораториялар талаб қилинмайди, ишлашга вақт ва хотиржамлик бўлса етарли.

— Олим, бюрократия ва коррупция. Бу тушунчалар ўзаро кесишиши ҳақида қандай фикрдасиз?

— Олим ва бюрократия деганда икки хил ёндашув билан қараш мумкин. Биринчиси, олимларни ичида ўзаро қараш мумкин ва иккинчиси, раҳбарият билан муносабат жиҳатидан қараш мумкин. Олимлар ичида, айниқса, математиклар орасида ўзаро бюрократия йўқ. Ҳамма ўз фикрини айтиши мумкин, устоз бўлиб туриб шогирди унинг илмий муҳокамаларда хато-камчилигини айтса, ҳеч қачон хафа бўлмайди. Семинарларимиз ҳам доим қизғин ўтади, ёши каттами, кичкинами, фикрини бемалол билдиради.

Лекин раҳбарият билан муносабатларда эса, бу ҳақда гапиришга қийналаман. Ўзига яраша нозик жиҳатлари бор. Раҳбарларда ёши кичкина бўлиб туриб, кескин муносабат билдирди деган тушунчалар бўлиши мумкин. Менимча, бу ҳам секин-асталик билан йўқолиб бормоқда ва келажакда ихтиёрий фикрни тўғри қабул қилиш пайдо бўлади.

Коррупцияга келсак, бу ишга аралашган олимни олим деб ҳисобламайман. Буни қабул қилиб бўлмайди. Устозларимиз ҳам шунга ўргатишган.

Ҳозирда юртимизда хорижий журналларда мақола чоп эттириш деган нарса оммалашди. Бунга қайсидир маънода кўр-кўрона талаб ва ҳаракатлар ҳам пайдо бўлди. Хорижий журналларда мақола чиқариш ҳақиқатан ҳам керак. Ҳар бир давлатнинг олими қилган иши халқаро жамиятда кўриниши учун халқаро журналларда чоп қилиниши лозим. Халқаро журналларнинг турли базалари бор: Scopus, Web of Sience – булар машҳурлари. Бизда айнан Scopus базасига кирувчи журналларда мақола чоп эттириш оммалашди.

Scopus базасидаги аксарият журналлар обрўли журналлар ҳисобланади, лекин сўнгги йилларда Scopus базасига ҳам ҳар хил сохта журналлар кириб келиши кўпайди. Бу журналлар пулини олиб мақолани чиқариб бериш билан шуғулланади, ҳеч қандай таҳрирсиз, текширувсиз. Пулини талаб қилади, пулини тўласа муаллифдан бошқа ҳеч нарса сўралмайди. Scopus талаб қилган критерияларни номига бажариб базага кириб олишган.

Яхши мақола чиқара олмайдиган олимлар айнан шу йўл билан мақола чоп эттиришмоқда, унга тўланадиган маблағ эса ўз ёнидан, университет ёки қайсидир грант ҳисобидан тўланмоқда. Афсуски, бу нарса авж олмоқда. Бунақа сохта журналларга пул сарфлаб мақола чиқартиришни йўқотиш керак деб ҳисоблайман. Бу ҳам қайсидир маънода коррупция, менинг наздимда.

Балки, Web of Sience базаси билан ишлашни йўлга қўйиш керакдир. Чунки бу базада сохта журналлар йўқ.

Яна бир нарса, магистрни энди битириб ОТМга ишга кирган мутахассисдан бирданига бундай мақолани талаб қилиб бўлмайди. Чунки у бундай юқори даражадаги илмий натижаларни олиши учун ишнинг ичига кириб олиши керак, бунга 1–2 йил вақт кетади; шундан кейин ҳам мақола тайёр бўлса, нуфузли журналда чоп этиш учун камида бир йил вақт кетади. Демак, янги ишга кирган мутахассис яхши мақола чиқариши учун 3–4 йил вақт талаб этилади.

Балки, кампаниябозлик ортидан қувиш оқибатида, сохта журналлар пайдо бўлгандир. Шу томонларини ҳам ўрганиб чиқиш керак.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид