Жаҳон | 16:32 / 31.10.2025
11014
4 дақиқада ўқилади

Суданда даҳшатли қирғин: исёнчилар шифохонадаги 460 кишини отиб ташлаган

Мамлакатда икки йилдан ошиқ вақтдан буён фуқаролик уруши давом этмоқда. БМТнинг собиқ комиссари буни дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз деб атаб, у «кўздан панада содир бўлаётгани ва деярли ҳеч ким эътибор қаратмаётгани»ни таъкидлаган.

Mohammed Jamal / Reuters / Scanpix / LETA

2025 йил октябр ойи охирида Суданда ҳукумат армиясига қарши турган «Тезкор ҳаракат кучлари» ҳарбийлашган гуруҳи Ал-Фашир шаҳрини эгаллаб олди. Бу мамлакат ғарбидаги Шимолий Дарфур минтақасининг маъмурий маркази бўлиб, тахминан бир ярим йил давомида қамалда бўлган. Бир неча кун ўтгач, ҳуқуқ ҳимоячилари Ал-Фаширнинг асосий шифохонаси ҳисобланган Саудия касалхонасида (the Saudi Hospital) бир неча юз киши ўлдирилгани ҳақида хабар беришди.

«Судан шифокорлар тармоғи» нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари касалхонада бўлганларнинг барчасини, жумладан, беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилган одамларни «совуққонлик билан ўлдирган». Бундан ташқари, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари олти нафар тиббиёт ходимини – тўрт нафар шифокор, фармацевт ва ҳамширани ўғирлашда айбланган. «Судан шифокорлар тармоғи» уларни озод қилиш учун 150 минг доллардан ортиқ товон пули талаб қилинаётганини маълум қилди. Ташкилот қурбонлар сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас – аммо шаҳар эгаллангач, ўз тиббиёт муассасалари «қассобхоналарга айлангани»ни таъкидлади. Саудия шифохонасига ҳужум ҳақида маҳаллий фаоллар гуруҳи бўлган Ал-Фашир қаршилик қўмитаси ҳам хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари қуролсиз кишиларни ўлдираётгани акс этган видеоёзувлар тарқалган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг айтишича, Саудия касалхонасида 460 дан ортиқ бемор ва уларга ҳамроҳлик қилган одамлар ўлдирилган. Бундан ташқари, аввалроқ ЖССТ Судандаги тиббиёт муассасаларига 185 та ҳужумни қайд этган, натижада 2023 йил апрел ойида бошланган фуқаролик уруши даврида 1204 киши ҳалок бўлган ва яна 416 киши жароҳатланган.

ЖССТ баёнотида айтилишича, 26 октябр куни шаҳарда қисман ишлайдиган ягона тиббиёт муассасаси бўлган шифохонага бир ой ичида тўртинчи марта ҳужум уюштирилган (бунда ташкилот шифохонага ким ҳужум қилганига аниқлик киритмаган ва «Тезкор ҳаракат кучлари»ни тилга олмаган). Шу куни бир ҳамшира ҳалок бўлган, яна уч нафар тиббиёт ходими жароҳат олган. Орадан икки кун ўтиб, 28 октябр куни олти нафар тиббиёт ходими ўғирлаб кетилган. Шу куни шифохона биносида 460 дан ортиқ одам отиб ўлдирилди, дея таъкидлайди ЖССТ.

Ал-Фашир қамали бир ярим йил давом этди. 2025 йил феврал ойидан бошлаб – очарчилик ва оммавий ҳужумлар шароитида – шаҳарга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш блокланди, озиқ-овқат ва дори-дармонлар захиралари деярли тўлиқ тугади. Шу билан бирга, у ерда 260 мингга яқин тинч аҳоли, жумладан, 130 минг бола қолмоқда. Кўпчилик учун Саудия шифохонаси сўнгги бошпанага айланганди.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича собиқ вакили Ян Эгеланд Ал-Фаширни «Ер юзидаги энг ёмон жой» деб атаган. «Барча ойлар давомидаги қийинчиликлар, очлик ва тиббий ёрдамнинг йўқлигига оммавий қотилликлар ҳам қўшилди. Бу дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз бўлиб, деярли бутунлай қоронғиликда содир бўлмоқда – унга жуда кам эътибор қаратилмоқда», – дейди у.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид