Жаҳон | 21:07 / 09.10.2025
5561
8 дақиқада ўқилади

«67 минг қурбон» – Ғазодаги Исроил геноцидининг икки йиллиги рақамларда

Сўнгги 24 ой ичида Исроил ҳарбий ҳужумлари оқибатида Ғазо аҳолисининг 10 фоизидан кўпроғи ўлдирилди ёки яраланди. Секторда уйлар, мактаблар, шифохоналардан иборат қарийб 80 фоиз бинолар вайрон қилинган. Яқин Шарқда илк марта инсон қўли билан яратилган очарчилик юзага келди. Ғазода сўнгги 2 йилда I ва II жаҳон урушини қўшиб ҳисоблаганидан ҳам кўпроқ журналистлар ўлдирилди.

2023 йил 7 октябрь куни Ҳамаснинг қуролли қаноти – Ал-Қассам бригадалари ва бошқа фаластинлик гуруҳлар Исроилнинг узоқ йиллик зулмларига жавобан жанубий Исроилга ҳужум уюштирди. Расмий Тел-Авивга кўра, ўша куни 1 минг 139 киши ҳалок бўлган, тахминан 240 киши эса гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган. Бунга жавобан, Исроил Ғазони бомбардимон қилишни бошлади ва 16 йил давом этган қамалдан кейин секторнинг блокадасини янада кучайтириб, уни тўлиқ блокадага олди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Al-Jazeera таҳлилчилари бутун дунёнинг ларзага солган уруш жиноятининг қурбонлари ҳақида рақамларни жамлади.

Икки йил давом этган Исроил ҳужумлари камида 67 минг фаластинликни ўлдирган. Яна минглаб одамлар вайроналар остида қолган. Бу – ҳар 33 кишидан бири, яъни урушгача бўлган аҳолининг тахминан 3 фоизи ҳалок бўлганини англатади.

Фото: CNN

Ўлдирилганлар орасида камида 20 минг бола бор. Демак, охирги 24 ой ичида ҳар соатда битта бола ўлдирилган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлим ҳолатларини касалхонага олиб келинган ёки расмий рўйхатга олинган одамлар асосида санайди. Ҳақиқий рақамлар эса номаълум, эҳтимол анча юқори бўлиши мумкин. Чунки расмий ҳисобда вайроналар остида қолган ёки бедарак йўқолганлар йўқ.

Омон қолганларнинг фожиаси

Ғазо секторида 169 мингдан ортиқ киши яраланган, кўпларининг тан жароҳатлари умрбоқий ногиронликка сабаб бўлган.

UNICEF ҳисоб-китобига кўра, Ғазода 3–4 минг бола бир ёки иккала оёқ-қўлини йўқотган. Ғазодаги оз сонли соғлиқни сақлаш муассасалари дори-дармон, жиҳоз ва наркоз танқислигидан оғир аҳволда ишламоқда.

Исроил шу муддат ичида Ғазодаги деярли барча шифохона ва тиббий марказларга ҳужум қилган. Сўнгги икки йил ичида камида 125 тиббиёт иншооти, жумладан 34 та шифохона зарарланган.

Исроил зарбалари ва бомбардимонлар оқибатида 1 722 нафар тиббиёт ва ҳуманитар ходим ҳалок бўлган.

Фото: AP

«Health Care Workers Watch» маълумотига кўра, 22 июль ҳолатига, Исроил кучлари 28 нафар таниқли шифокорни, жумладан 18 нафар жарроҳлик, наркоз, реанимация ва педиатрия бўйича етакчи мутахассисларни ҳибсда сақламоқда. Бу эса Ғазонинг вайрон бўлган соғлиқни сақлаш тизимида катта йўқотиш ҳисобланади. Улардан икки нафар етакчи шифокор қийноқлар натижасида қамоқда вафот этгани, жасадлари эса ҳалигача берилмагани хабар қилинган.

ЖССТ маълумотига кўра, 2023 йил октябрдан бери Ғазодаги тиббиёт инфратузилмаларига 790 дан ортиқ ҳужум қайд этилган.

Тўртинчи Женева конвенцияси, 18-22-моддаларига кўра, шифохоналар ҳужум нишони бўлиши мумкин эмас. Халқаро жиноят суди Рим статутининг 8-моддаси 2-бандига биноан, шифохонани атайлаб нишонга олиш – уруш жинояти ҳисобланади.

Инсон қўли билан яратилган очарчилик

Исроил ҳарбий чекловлар орқали Ғазога ёрдам киришини тўхтатиб, озиқ-овқатни қуролли назорат остига олиш орқали оммавий очликни юзага келтирди. 2025 йил 22 август куни БМТ қўлловидаги IPC кузатув гуруҳи Ғазода расмий очарчилик эълон қилди — бу Яқин Шарқ тарихидаги биринчи ҳолат ҳисобланади.

Шу кунгача секторда камида 459 киши, жумладан 154 бола инсон қўли билан яратилган очарчиликдан ҳалок бўлган.

Фото: Anadolu

IPC маълумотига кўра, ҳозирги пайтда Ғазо шаҳрида очарчилик мавжуд ва у Деир ал-Балаҳ ва Хон Юнус вилоятларигача кенгайиши кутилмоқда. Аҳолининг учдан бири – 641 минг киши «катта офат» даражасида яшамоқда.

Болалар орасида ўта тўйиб овқатланмаслик кескин ошган: фақат июль ойининг ўзида 12 мингдан ортиқ болада «ўткир озиш» ҳолати қайд этилган — бу йил бошидагидан олти баравар кўп. Ҳар тўрт боладан бири ўта озғин, ҳар беш чақалоқдан бири эса муддатидан олдин ёки кам вазнда туғилмоқда.

27 май куни АҚШ ва Исроил қўлловидаги Gaza Humanitarian Foundation (GHF) ёрдам операцияларини БМТдан мустақил олиб боришни бошлади. Натижада ўта хавфли тақсимот тизими жорий этилди.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, GHF тарқатиш жойларида озиқ-овқат олишга уринган 2 600 дан ортиқ киши ўлдирилган, 19 мингдан ортиқ киши яраланган — уларни Исроил аскарлари ва GHFда ишлайдиган хусусий хавфсизлик ходимлари отган. Исроиллик аскарлардан бири бу жойларни «ўлдириш майдони» деб атаган, Исроил ОАВлари ҳам ёрдам олиш жойларида аскарларга «отиш буйруғи берилганини» тасдиқлаган.

Сув, инфратузилма ва вайрона шаҳарлар

2023 йил октябрдан бери Исроил Ғазонинг сув инфратузилмасини мақсадли йўқ қилди – қудуқлар, қувурлар, шўр сувни тозаловчи заводлар ва оқова тизимларига зарбалар берилган.

БМТ экспертларига кўра, сектор сув ва санитария тармоғининг 89 фоизи вайрон қилинган, натижада 96 фоиздан ортиқ оилалар ичимлик сувисиз қолган.

Фото: Reuters

Бугун Ғазо аҳолисининг ярми ичиш ва пиширишда фойдаланиш учун – кунига 6 литрдан кам сув билан яшамоқда. Аҳолининг 28 фоизи эса 9 литрдан кам сувдан фойдаланади. Бу рақамлар даҳшатли. Чунки, «қисқа муддатли тирик қолиш» учун зарур меъёрнинг ўзи 20 литр. Ғазодаги ҳолат эса 2 йилдан ошди.

БМТ маълумотларига кўра, август ҳолатига барча уйларнинг 92 фоизи ва тижорат биноларининг 88 фоизи вайрон бўлган. Жорий йил июлга келиб, БМТнинг UNOCAT дастури Ғазодаги барча иншоотларнинг 78 фоизи йўқ қилинганини тасдиқлаган.

Жаҳон банкининг февралдаги ҳисоботига кўра, секторга етказилган бевосита моддий зарар 55 миллиард долларга тенг. Бу – уйлар, мактаблар, шифохоналар ва инфратузилманинг тўлиқ йўқ қилинишини ўз ичига олади.

Таълим тизими

Ғазода таълим тизими бутунлай қулаган. 658 минг мактаб ёшидаги бола ва 87 минг талаба энди ўқиш имкониятидан маҳрум.

Камида 780 нафар ўқитувчи ҳалок бўлган, мактабларнинг 92 фоизи бутунлай қайта қурилиш ҳолига келган.

Фото: UN

2 300 дан ортиқ таълим муассасаси, жумладан 63 университет биноси йўқ қилинган. Қолганлари эса кўчирилганлар учун бошпана сифатида ишлатилмоқда.

Қамоқлардаги минглаб фаластинликлар

Нашр маълумотларига кўра, ҳозирда 10 минг 800 дан ортиқ фаластинлик Исроил қамоқхоналарида сақланмоқда, уларнинг 450 нафари бола, 87 нафари аёл.

Уларнинг кўплари Ғазода ва Ғарбий Соҳилда ўтказилган рейдлар пайтида қўлга олинган. Хусусан, 3 мингдан ортиқ инсонлар ҳеч қандай айбловсиз, «махфий далиллар» асосида маъмурий ҳибсда ушлаб турилибди.

Ғазо — журналист бўлиш энг хавфли жой

2023 йил 7 октябрдан бери Ғазода 250га яқин журналист ва медиа ходимлари ўлдирилган. Ғазога хорижий ОАВларга кириш тақиқланган, фақат Исроил армияси билан юрувчи айрим мухбирлар қатъий цензура остида ҳудудга киритилади.

Фото: Anadolu

БМТнинг сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Ирен Хан бу кампанияни фаластинлик журналистларнинг «овозини ўчириш» деб атаган:

«Аввал Исроил журналистни обрўсизлантиради, уни терроризмда айблайди, кейин эса ўлдиради. Бу фақат журналистни эмас, ҳақиқатнинг ўзини ўлдиришдир», — деди у.

Браун университетининг "Cost of War" лойиҳаси маълумотларига кўра, Ғазода сўнгги икки йилда – Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари, Корея, Ветнам ва Афғонистондаги урушлардан кўра кўпроқ журналист ўлдирилган.

Фото: Al-Jazeera

Сулҳ умиди

Бугунга қадар Ғазодаги урушни тугатиш бўйича келишилган кўплаб ҳаракатлар бесамар кетди. Лекин, Исроилга ягона таъсир кучига эга давлат – АҚШ президенти Доналд Трамп ишлаб чиққан урушни тугатиш режаси ҳозирча энг умидли бўлиб турибди. Хусусан, 8 октябр куни Мисрдаги музокараларни якунлаган Ҳамас-Исроил расмийлари узоқ кутилган ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагилар алмашинуви бўйича келишувга эришганини эълон қилди

Мавзуга оид