Ўзбекистон | 18:08 / 24.12.2025
4634
2 дақиқада ўқилади

Қишки таътил олдидан қўшимча авиа ва поезд қатновлари йўлга қўйилади

26 декабрдан 12 январга қадар бир қатор ички йўналишларда қўшимча самолёт ва поезд қатновлари ташкил этилади.

Қишки таътил даврида йўловчиларнинг транспорт қатновига бўлган талабини қондириш мақсадида 26 декабрдан 12 январга қадар бир қатор йўналишларда қўшимча самолёт ва поезд қатновлари ташкил этилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, "Тошкент – Самарқанд – Тошкент" йўналишида 26–31 декабр кунлари ҳамда 4 январ куни "Афросиёб" электропоездининг қўшимча 14 та қатнови ташкил этилади.

"Тошкент – Бухоро – Тошкент" йўналишида 26–31 декабр кунлари "Афросиёб" электропоездининг қўшимча 4 та рейси бажарилади.

"Тошкент – Хива – Тошкент" йўналишида 12 январга қадар 12 та қўшимча йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.

"Тошкент – Хива – Тошкент", "Тошкент – Шовот – Тошкент", "Тошкент – Қўнғирот – Тошкент", "Тошкент – Термиз – Тошкент" ва "Тошкент – Бухоро – Тошкент" (Шарқ поезди) йўналишларида ҳаракатланувчи поездларга 12 январга қадар ҳар куни 4 тадан қўшимча вагон қўшилади.

Шунингдек, Uzbekistan Airways авиакомпанияси 28 декабрдан 11 январга қадар қатор маҳаллий йўналишларда қўшимча қатновларни бажаради.

Қўшимча парвозлар Тошкентдан Нукус, Бухоро, Урганч, Термиз ва Наманганга амалга оширилади.

Жумладан, Тошкент – Нукус – Тошкент йўналишида 28-31 декабр ва 3-4, 9, 10-11 январ кунлари; Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида 28-31 декабр ва 3-4, 9-11 январ кунлари; Тошкент – Урганч – Тошкент йўналишида 28-31 декабр ва 3-4, 9-11 январ кунлари; Наманган – Тошкент – Наманган йўналишида 9 январ куни; Тошкент – Термиз – Тошкент йўналишида 30 декабр ва 10 январ кунлари.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид