Ўзбекистон | 02:02 / 22.12.2019
40835
2 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: «Амирсой» тоғ-чанғи курорти меҳмонларга хизмат кўрсатишни бошлади  

21 декабрь куни, “Амирсой” тоғ-чанғи курорти расман очилди. Ушбу курортни қуриш ишларига энг илғор ва инновацион технологиялар жалб қилинган. 

“Амирсой” лойиҳаси бўйича 2018 йилдан буён 892 гектар майдонда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилди. У 580 ўринга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида 300 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган ҳамда унинг умумий қиймати 100 млн АҚШ долларини ташкил қилади. 

Шунингдек, ҳудудда Австриянинг “Doppelmayr Seilbahnen GmbH” компанияси томонидан иккита замонавий дор йўли қурилди, унинг узунлиги 2 193 метр бўлиб, ўтказувчанлик қобилияти соатига 2 400 кишини ташкил этади. 

Қишки дам олиш зонасида Aргентина, Испания ва Дания мутахассислари назорати остида турли мураккабликдаги 15 км узунликдаги тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4 таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади ва энг узун трасса 3 550 метрни ташкил этади. Сунъий қор ишлаб чиқариш тизими эса чанғи мавсумини ноябрдан апрель ойигача узайтиришга хизмат қилади. 

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни олиб бориладиган профилактик ва ҳудудни тозалаш ишлари туфайли “Aмирсой” тоғ-чанғи курорти ўз фаолиятини тўхтатиб туради ва меҳмонларнинг ҳудудга кириши тақиқланади. 23 декабрдан курорт фаолиятини давом эттиради.

2020 йилда “Амирсой” сайёҳлик мажмуасини ишга тушириш ҳисобига ташриф буюрувчиларнинг сонини қўшимча 32,8 минг нафарга кўпайтириш назарда тутилган. 

Айни вақтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, “Амирсой” дам олиш маскани кенг жамоатчилик учун тайёр ҳолатга келтирилган. Лойиҳанинг “Ғарбий Aмирсой” деб номланган иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг учинчи чорагида якунланиши ва ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид