Украинада асир тушган ўзбеклар: бири мигрант, иккинчиси талаба
Украинанинг қарши ҳужуми давомида ортга чекинаётган Россия қўшинлари Балаклия атрофида асир тушаётгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, асирлар орасида Россия тарафида туриб жанг қилган ўзбекистонликлар ҳам бор.
Интернетда тарқалган видеода украин ҳарбийлари икки ўзбекистонликни асир олганини кўриш мумкин. Россия армияси сафида хизмат қилган ҳар икки эркак ўзларининг самарқандлик эканини айтишган.
Улардан бири видеода Россияда беш йилдан бери ишлаб келаётгани, ноқонуний ишлаб юрган пайтда урушга мажбуран юборилганини айтган бўлса, бошқаси талаба экани, пул учун ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлганини таъкидлайди.
“Москвада қурилишда ишлардим. Ҳужжатларим йўқ эди, шу ҳолатда 5 йил ишлаб келаётгандим. Мени бу ерга мажбурлаб юборишди. Бу ерга келишни хоҳламагандим. Келишга мажбур бўлдим. Кечиринглар мени. Биз келган машинада беш киши бор эди. Командирнинг исмини билмайман. Ўтган кеча тунаган жойимни аниқ билмайман”, дейди Самарқанд вилоятидан эканини айтган, бироқ йиғи аралаш овозидан фамилиясини англаб бўлмаган эркак.
“Ёшим йигирма иккида. Ҳеч қаерда хизмат қилмаганман. “Редут” хусусий ҳарбий компаниясига миномётчи бўлиб ёлланганман. Тўғриси, қаердан келаётганимизни ҳам, қаерга бораётганимизни ҳам билмайман. Бизни бу ерга “Камаз”да олиб келишди. Ёнимда Ўзбекистондан яна бир йигит бор эди. Россияда ўқирдим, пул керак бўлгани учун хусусий ҳарбий компанияга ёллангандим”, дейди ўзини Муҳриддин Аҳмедов деб таништирган йигит.
Ҳозирча Ўзбекистон томони воқеага ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
Аммо жамоатчилик фаоллари Украина ҳудудида Россия ҳарбийлари кийимида асирга тушган ватандошлар масаласига бефарқ қараб тургани йўқ. Жумладан, таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов Россияда ватандошларни урушга тарғиб қилаётган хоинлар борлиги ва улар албатта жавобгарликка тортилиши кераклигини айтмоқда.
Ҳошимовга кўра, ўзбек диаспорасининг раҳбарлари деб ҳисобланувчи бу шахслар ўз ватандошларининг қони ва жони ҳисобига “янги ватанларида” пул ва обрў орттиришдан ҳазар қилишмайди. Уларнинг алдовига учган илмсиз, содда йигитлар жони, қони ва озодлигидан маҳрум бўлишяпти.
Аввалроқ ўзини Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти етакчиси деб ҳисоблайдиган Жаҳонгир Жалолов ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари иштирокидаги қандайдир йиғилишда Амир Темур номидаги батальон ташкил қилиб, Россия тарафида туриб Украинага қарши жангга киришга даъват қилганди.
Шунингдек, ўзини Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари деб эълон қилган Баҳром Исмоилов Ўзбекистон фуқароларини Россия армиясига қўшилишга чақириб, бунинг эвазига ушбу мамлакат фуқаролигини олиш имконияти тезлашишини билдирганди.
Ўшанда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ватандошларни турли кўнгилли батальонларда иштирок этмасликка чақириб, бунинг оқибатларидан огоҳлантирганди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши жиноят ҳисобланади ва бундай ҳаракатни содир этганлар 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024