Жамият | 18:35 / 18.08.2021
51451
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилояти ИИБ Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши бўйича қўшимча маълумотлар берди

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ қўшимча маълумотлар берди. Унга кўра, бир гуруҳ шахслар унга оғир тан жароҳатлари етказиб, спортчини Чироқчи туманига ташлаб кетишган.

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 август куни соат 10-00ларда етти нафар совуқ қуроллар билан қуролланган шахслар Қарши шаҳрида яшовчи Элбек Раҳимовнинг кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб турган. Спортчи кўчага чиққанидан кейин бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб унга оғир тан жароҳати етказишган ва «Жентра» машинасига мажбуран ўтқазиб олиб кетишган. Сўнг жиноий қилмишларини яшириш мақсадида уни Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига олиб бориб ташлаб кетишган.

Оқибатда, Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган. Жиноятни фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор қидирув суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида жиноятга алоқадор Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи фуқаролар Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокурори томонидан жами етти нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л», «п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди ҳамда ҳимоячи билан таъминланиб, Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган. Таъкидланишича, ҳолат юзасидан қўшимча равишда маълумот берилади.

Мавзуга оид