Жамият | 19:29 / 13.11.2020
45225
7 дақиқада ўқилади

Мактабларда SCIENCE фани жорий этилади. Ўқитувчиларни қизиқтираётган саволларга жавоблар

1–6-синфларда босқичма-босқич табиий фан – SCIENCE жорий этилиши белгиланди. Бу – ўқитувчиларда ҳозирги дарс соатлари қисқариши хавотирини уйғотяпти, табиий фанлардан ким дарс ўтиши ҳақида саволлар туғиляпти.

Ўзбекистон таълим тизимида ҳам 2021/22 ўқув йилидан бошлаб 1–6-синфларда табиий фанларни ўзида жамлаган «Табиий фан» (SCIENCE) жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz мухбири мазкур мавзуга алоқадор саволларга жавоб олиш, янги фаннинг қай тартибда жорий этилиши ҳақида маълумот олиш учун Республика Таълим маркази директори ўринбосари Меҳринисо Пардаева билан боғланди.

«Табиий фан ўқувчига фанларни ўқиш қийин эмас, қизиқ бўлишига ёрдам беради...»

— Табиий фан (SCIENCE) амалга киритилишидан олдин халқаро амалиёт, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хусусий ва хорижий мактаблар тажрибаси ўрганилди.

Янги фан ўқувчиларни кичик ёшидан табиий фанларни ўқишга рағбатлантириш, уларда олам ҳақида яхлит тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради. Бунинг билан бола табиий фанлар, жумладан физика ва кимё қийин эмас, қизиқ фанлар эканини англайди ва уни ўрганишга ўзида рағбат сезади.

Табиий фан (SCIENCE) қайсидир фандан воз кечиш ёки қайсидир фаннинг ўрнига жорий этилаётгани йўқ. Аксинча, у таълим сифатини ошириш учун мавжуд фанларни интегратив тарзда ўқитилишини таъминлайди.

Табиатда юз бераётган ҳодисаларни, масалан, ёмғир ҳодисасини ўрганиш жараёнида бола унинг таркиби (биологияга оид тушунчалар), физик хусусиятлари, қайси фаслларда ва қаерларда кўпроқ ёғиши (географик хусусияти), ёмғир таъсирида Ерда қандай ўзгаришлар бўлиши, ўсимликлар учун фойдаси ҳақида маълумотга эга бўлади.

Мазкур фан 1–2-синфларда «Атрофимиздаги олам», 3–4-синфларда табиатшунослик, 5–6-синфларда эса 3 та алоҳида фан – география, биология ва физика фанлари мазмунини ва кимё фанининг бошланғич тушунчаларини уйғунликда ўқитади. 7-синфдан бошлаб эса биология, география ва иқтисодиёт, физика, кимё фанлари алоҳида ўқитилади.

«Янги тартибнинг жорий қилиниши 5 йилгача муддатни олади»

— Табиий фан (SCIENCE) босқичма-босқич тарзда жорий қилинади. Биринчи босқич 2021/22 ўқув йилида 1–2-синфларда, кейин бошқа синфларда жорий қилинади.

Бу муддатда янги ўқув йили бошлангунга қадар 1–2-синф ўқитувчиларига мазкур фанни ўқитиш бўйича мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади ва келгусида фанни ўқитадиган мутахассис ўқитувчилар ҳам тайёрланади. Зарур бўлса, қайта тайёрлов курслари ташкил этилади.

«Табиий фан бошқа фанларни қисқартирмайди»

— Айни пайтда 1–2-синфда «Атрофимиздаги олам» – 1 соат, 3–4-синфда табиатшунослик – 1 соат, 5-синфда биология – 1 соат, география – 1 соат, 6-синфда физика – 2 соат, биология – 2 соат, география ва иқтисод – 2 соатдан ўқитилиб, 1–5-синфларда жами 12 соатни ташкил қилади.

Ҳозирги таклифларга кўра, табиий фан 1-синфда бир соат, 2–4-синфларда икки соатдан, 5–6-синфда эса 3 соатдан, жами 13 соат ўқитилиши тавсия этилмоқда. Бу – ҳали таклиф.

Табиий фанларни жорий этишдан олдин танлаб олинган мактабларда шу ўқув йилининг тўртинчи чорагида тажриба-синов асосида фанни ўқитамиз. Бу муддатда ўқув дастурлари, дарсликлар, дарс соати таҳлил қилиб кўрилади. Ва тажриба-синов натижалари асосида 13 соатлик таклиф ўзгариши мумкин.

Кўпчилик ижтимоий тармоқларда табиий фанлар соатлари камайиб кетади, бошқа фанлар соатига ўтказиб юборилади, дея фикр билдирмоқда. Лекин булар асоссиз: дарс соати камайтирилмайди. Олимлар, мутахассислар хулосалари билан балки кўпайтирилиши мумкин.

Юқорида айтилганидек, 7–11-синфлардан эса фанларнинг ўқитилиши доимий тартибда давом этади.

Табиий фанлардан қайси ўқитувчилар дарс беради?

— Агар бошланғич синфлар дарсликлари болалар учун жозибали, қизиқарли, ранг-баранг қилиб ишлаб чиқилса, фанни ўрганиш ўқувчиларга осон бўлади. Худди шунингдек, фанни ўқитиш учун энг мақбул методларни, тавсияларни ўз ичига олган ўқитувчилар учун ҳам алоҳида методик қўлланма – ўқитувчи китоблари ишлаб чиқилади. Улар ёрдамида дарс бериш устозлар учун ҳам оғир бўлмайди.

1-4-синфларда табиий фанни ўқитиш бошланғич синф ўқитувчиларига юклатилиши тавсия этилади. Ҳозир ҳам «Атрофимиздаги олам» фанидан асосан бошланғич синф ўқитувчилари дарс бериб келмоқда.

Айни пайтдаги дарсликларда айрим мавзулар ўқиш, «Атрофимиздаги олам», одобнома фанларида ҳам айнан такрорланган. Табиий фан (SCIENCE) фанида мавзулар бошқа фанлар билан бир-бирини мантиқий тўлдирувчи, фанлараро узвийликни таъминлаган ҳолда ишлаб чиқилади.

Она тилида бирор мавзудаги матннинг мантиқий жиҳати, табиий фанда эса матнда келтирилган ҳодиса, жараён ёки ўрганиш предметининг табиий хусусиятлари ўрганилади.

5-синфда табиий фан 3 соат ўқитилиши ва уни биология, география ва иқтисод фани ўқитувчилари, шунингдек, 6-синфда биология, география ва иқтисодиёт, физика фанлари ўқитувчилари ўтиши тавсия қилинмоқда.

Бунда савол туғилади: география ўқитувчиси физикани, физика муаллими биологияни ўқита оладими?

Буни аниқлаш учун ўқитувчилар билан ишланади. Уларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали улар шу дарсларни ўтишга тайёрланади. Бундай имконият уларга махсус мақсадли ўқув курсларидан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади.

«Табиий фан (SCIENCE) ўқитадиган мутахассислар тайёрланади»

— Табиий фан жорий этилгач, тегишли норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар ишлаб чиқилгандан сўнг, педагогика университетларига табиий фан (SCIENCE) фанини ўқитувчи кадрларни тайёрлашга буюртма берилади.

Педагогика институтларида физика йўналишида ўқиётган талабаларга география, биология бўйича дарс соатларини ёки аксинча, география йўналишида ўқиётган талабалар учун қолган 2 та фан бўйича дарс соатларини киритиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таклифлар ҳам берилади.

«Педагоглар жамоаси ўзгаришларга очиқ бўлиши керак»

— Таълимда жорий этилаётган ҳар бир янгилик нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам ўзини оқлаётган тажрибага асосланиши керак. Агар тизимни такомиллаштириш ва янгиликларни жорий этиш учун ўнлаб йиллар тажриба-синов қилинадиган бўлса, унда кўп нарса йўқотиш мумкин. Аслида, ўз самарадорлигини исботлаган таълим моделлари мавжуд.

Инсоният кашфиётларини амалиёт давомида исботлаган пайтлар кўп бўлган. Фақат бунинг учун ҳамма ҳаракат қилиши керак. Ўзгаришларга очиқ бўлишимиз, ўз устимизда ишлашимиз керак. Шунинг учун педагоглардан иборат жамоатчиликни янгиликлардан қўрқишга эмас, уларни амалга оширишга интилишга чақираман.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

  • SCIENCE фанининг таклиф этилаётган ўқув дастури билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.
Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид