Ўзбекистон | 19:29 / 14.07.2021
7065
5 дақиқада ўқилади

Асакадаги атроф-муҳитга зиён етказаётган цемент заводи қачон ёпилади?

Андижон вилоятининг Асака тумани Ахтачи саноат зонасидаги «SING LIDA» МЧЖга қарашли цемент заводи атроф-муҳитга катта зарар етказаётгани мавзуси сўнгги тўрт йил мобайнида оммавий ахборт воситаларида кўп бор кўтариб чиқилди.

Бироқ цемент заводига танқидлар, экология қўмитаси текширувлари таъсир қилмади. Ахтачи цемент заводининг тик қувурларидан олдин қандай бурқсиб чанг кўтарилаётган бўлса ҳозир ҳам шундай чиқиб турибди.

2013 йилда иш бошлаган бу заводда дастлаб трубалардан ҳозиргидек ўта катта миқдорда тутун чиқмас эди. Мамлакатда жадал қурилиш ишлари бошлангач, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати ошиб, тутуни фалакни тутди. 2015-2016 йиллардан атрофдаги аҳоли ва бошқа тадбиркорлар ушбу хавотирли ҳолат бўйича турли ташкилотларга мурожаат қила бошлашади.

Асака томон ўтсангиз, ушбу завод ҳудуд атмосферани булғаб, атроф-муҳитга жуда катта зарар етказаётганига гувоҳ бўласиз.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза давлат қўмитаси томонидан ўтган 2020 йил 12-21 февраль кунлари Андижон вилояти Асака туманида жойлашган ушбу цемент заводи фаолиятида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросининг таъминланиши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текширишлар давомида Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлари талаблари бузилгани аниқланган.

Корхона раҳбариятига аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атроф-муҳитга ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатиш ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилгани эълон қилинган.

2019 йили завод Хўжаобод тумани ҳудудига кўчирилиши эълон қилинган ва Имом ота қишлоғида қурилиш бошлангани ҳақида хабарлар берилган эди.

Бироқ мазкур цемент заводи ҳозирги кунда ҳам бор қуввати билан ишлаб келмоқда ва атроф-муҳитга катта зарар етказяпти. Маҳаллий аҳоли айни пайтда цемент заводи куннинг қоронғи қисмида янада катта куч билан ишлаётганини айтмоқда.

Андижон вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан 13 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири бошқарма бошлиғи Азизбек Акбаровга цемент заводи айни кунда ҳам ҳавони зарарлаб ишлаб келаётгани, бу ҳолат қачонгача давом этиши борасида савол берди.

oZ-slBIdBIGfoM5bFgg8nJJloZ8HT--t.jpg (1280×735)

«Мазкур завод вилоятдаги энг катта миқдорда цемент ишлаб чиқарадиган корхона ҳисобланади. Заводни ишга тушириш чоғида улар Хитой технологиясидаги экологлар тили билан айтганда «пайпоқчали чанг-газ тутиш» ускунасини ўрнатишган. Бу – заводнинг катта хатоси эди. Чунки, завод эски, айни пайтда фойдаланилмай қўйилган ускуна ўрнатган эди. Фильтр иссиқда куйиб ишдан чиқиб қолаверди.

Айни пайтда вилоятда жуда катта қурилиш лойиҳалари амалга ошириляпти. Цемент зарур. Ҳолатни яхшилаш учун кўп бора текширишлар ўтказдик. Ўша «пайпоқчали» ускуналарнинг янги русумдагиларини олиб келтирмоқчи бўлдик. Имконияти бўлмади.

Қўмита билан биргаликда иш олиб бориб, режалаштириб шунга эришдикки, «SING LIDA» МЧЖ Хўжаобод тумани Хидирша қишлоғида янги завод қурди. Ўша заводга бориб, айнан ўзимизнинг соҳа бўйича қизиқиб кўрдим. Янги заводда тутун чиқадиган қувурларга замонавий фильтр қўйиляпти. Мазкур қурилма лаборатория компьютери орқали назорат қилиниб, унда қайси бир модда қай даражада тозаланиб чиқаётганини автоматик тарзда кўриб туриш имконияти бор.

Ҳавони ифлослантирмайдиган янги завод шу йилнинг сентябрь ойида ишга тушиши режалаштирилган. Биз «SING LIDA» МЧЖ раҳбарлари билан келишиб олдик – янги завод ишга тушган куни Ахтачидаги завод фаолияти тўхтатилади. Хом ашё тайёрлайдиган, тош майдалайдиган ускуналар ишлаши мумкин, лекин куйдириш печлари тўхтайди.

Нега экология бошқармаси шу пайтгача табиатга катта зарар етказаётган заводни тўхтата олмагани ҳақидаги саволга жавоб берсам. Мазкур корхонада 500-600 нафар ишчи ишлаб оиласини боқади. Биз мана шу жиҳатларга ҳам эътибор берганмиз», дейди Акбаров.

Мутасаддининг ваъда беришича, цемент завод шу йил сентябрь ойида бутунлай ёпилади. Беш йил чидаган Асака ва Андижон тумани аҳолиси яна бироз вақт чанг ва ғуборли ҳаводан нафас олиб турадилар...

Элмурод Эрматов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид