Ўзбекистон | 22:56 / 24.02.2021
11711
3 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» агентлиги: сифатсиз цемент ишлаб чиқараётган ва импорт қилаётган бир неча тадбиркорлар аниқланди

Ўтган йили сифатсиз цемент ишлаб чиқарган 2та маҳаллий корхона ва Тожикистондан ўрнатилган талабга номувофиқ цемент импорт қилган тадбиркорга нисбатан қонуний чора кўрилган.

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги департамент бошлиғи Зоиржон Омонов 2020 йилда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган цемент маҳсулоти сифатини назорат қилиш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, ўтган йили бир неча маҳаллий корхоналар ва хориждан импорт қилинаётган маҳсулотларда амалдаги сифат талабларига мос келмайдиган ҳолатлар аниқланган.

«Ишлаб чиқариш ва импортни тартибга солиш бўйича 2020 йилда ҳукуматнинг 450–сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан ишлаб чиқарилган, импорт қилинаётган ва бозорларда сотилаётган цемент маҳсулотларининг тизимли назоратини ўрганиб бориш белгиланган.

Бу борада биз Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан 2020 йил мобайнида зарур тадбирларни амалга оширдик.

Хусусан, 11та савдо нуқталарида 11 марта назорат хариди амалга оширилиб, маҳсулотлар тегишли лабораторияларга топширилди.

Натижада маҳаллий корхоналардан 2 таси томонидан ишлаб чиқарилаётган цементнинг маркаси амалдаги талабларга номувофиқлиги аниқланди. Ушбу корхоналарга зудлик билан тегишли кўрсатмаларни бериб, зарурий чора-тадбирларни белгиладик.

Такрорий синовларни яна қайтадан амалга оширдик. Сертификатлаш идораси томонидан параллел равишда навбатдан ташқари инспекция назорати ўтказилиб, ўша икки корхонадаги номувофиқликларни бартараф қилишга эришдик. Четдан импорт қилинаётган цемент маҳсулотлари бўйича 28 та намуналар олиниб лабораторияларга тақдим қилинди.

Хусусан, Тожикистондан кириб келаётган цемент маҳсулотининг амалдаги талабларга номувофиқлигини аниқладик. Импортёрга ўзимизнинг тавсияларимизни бердик. Унинг маҳсулотларини сертификатлаштириш 2 ярим ой муддатга тўхтатилиб,то лабораторияда маҳсулотнинг синов натижаси ижобий бўлганидан кейингина қайта йўлга қўйилди.

Цемент маҳсулотларининг амалдаги стандартлар бўйича ишлаб чиқарилган кунидан бошлаб сақлаш муддати 45 кундан 60 кунгача. Яъни у қадоқланмаган цемент бўлса, 45 кундан кейин кимёвий хусусиятини йўқотиб маркаси тушади. Қадоқланган бўлса, 60 кун деб белгиланган. Биз ўрганган цемент маҳсулотлари ўша белгиланган муддатидан ўтганлиги маълум бўлган. Қурилиш инспекциясига маҳсулотни сотмаслик тўғрисида ёзма кўрсатма чиқарганмиз», – деди Зоиржон Омонов 24 феврал куни журналистлар билан мулоқотда.

Ўтган йилги цемент импортини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича ҳукумат қарорида мамлакатга олиб кирилаётган цемент намунаси импорт қилувчи субъект томонидан ихтиёрий равишда сертификат берувчи идорага берилиши, унинг сотилиши эса, айни сертификат олинганидан сўнггина амалга оширилиши белгиланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2020 йилнинг 9 ойида 7,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган. Цемент ишлаб чиқариш корхоналари томонидан республика миқёсида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жами ҳажмида энг юқори улуш Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Мавзуга оид