Ўзбекистон | 12:22 / 05.05.2021
22579
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна бир Dreamliner қабул қилиб олди

Бугун, 5 май куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси навбатдаги, олтинчи Boeing Dreamliner 787-8 ҳаво кемасини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур борт билан Project C.U.R.E. дастури доирасида COVID-19 инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида Оролбўйи минтақасига навбатдаги инсонпарварлик ёрдам юки олиб келинди.

Boeing 787 самолётлари енгил материаллардан тайёрланган. Шовқини Boeing 767’га қараганда 60 фоизга камайтирилган. Кенг салонга эга, дизайни Boeing SkyInterior йўналишида яратилган. Ҳар 2 дақиқада салон ҳавосини тозалаб туради. 

“Самолёт 270 ўринга мўлжалланган. 24таси бизнес класс, қолгани эконом ўриндиқлар”, дейди Uzbekistan Airways авиакомпанияси муҳандиси Қудрат Мирзаев.

Компания Оролбўйи аҳолисини тиббий жиҳозлар билан таъминлашни мақсад қилган. Инсонпарварлик ёрдами ичида 8та койка, матрас ва ногиронлик аравачаси олиб келинди. 

Boeing компанияси Project C.U. R. E. дастурининг тиббий жиҳозлар инсонпарварлик ёрдамини қўллаб қувватлаш учун учун 100 минг доллар ажратишини эълон қилган. Бу Uzbekistan Airways ва Boeing ўртасидаги учинчи инсонпарварлик ёрдами. Олдинги 2таси 2016 йилда олиб келинганди.

Бундан аввалроқ 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида Uzbekistan Airways 2021 йилда янги Boeing-787-8 самолётини харид қилиши кўзда тутилгани, Dreamliner’нинг харид қиймати 141,7 миллион доллар бўлиб, шундан 107,1 миллион доллари Хитой давлат тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши маълум қилинганди. 

Мавзуга оид