Ўзбекистон | 16:11 / 11.10.2022
23592
5 дақиқада ўқилади

«Заҳарли ҳаво одам танламайди» — Интернетда «Чангкент»га айланаётган Тошкент ҳавоси мавзуси кўтарилди

Британияда яшовчи ўзбекистонлик журналист ҳар сафар Тошкентга келганида шаҳар ҳавоси қанчалик ифлосланиб бораётганини ҳис қилиши ҳақида гапириб берди. Гидрометеоролог мутахассис буни тасдиқлаб, бир мисолни келтирди: унинг айтишича, 2 октябр тонгида пойтахт ҳавоси бир муддат нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлос бўлган.

8 октябр соат 13:00да Тошкент шаҳрида олинган сурат / Фото: Kun.uz

Куни кеча Ўзбекистонга келган BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо Тошкент об-ҳавоси 2-3 йил ичида умуман яшаб бўлмайдиган даражага келиб қолишидан хавотир билдирди.

«Ўзгаришлар мендек одамга кўпроқ сезилади, чунки йилига атиги икки марта келаман. Ҳаво шу қадар ифлоски, ҳаводаги заҳар ҳатто жигаррангда кўзга кўриниб туради. Уни нафас йўлларингда ва таъм қабул қилгичларингда сезасан. Палапартиш қурувчи компаниялар занжирини узган қутурган итдек, қурилишлардаги чанг-тўзон машиналардан чиққан карбонат ангидрид, азот оксиди ва метан билан қўшилиб ўпкангни емиради. Деҳлига борганимда худди шундай ҳавони сезгандим. Ҳатто аҳоли ўта зич жойлашган Чилонзордек мавзелардаги ҳар қарич жойда кўп-кўп қаватли турар жойлар қуриляпти. Машиналар тирбандлигидан чарчаб метрога тушсам, авваллари кундузи бемалол бўладиган метро вагонлари ҳам одамларга тўла.

Эй тўхта, фаросатинг борми, ўзимиз яшаймиз шу ерда, дейдиган одам борми бу шаҳарда ўзи? Кеча икки тоннали Бентлида бир одам ўтиб кетди. Лекин Бентлида бўласизми, қасрда яшайсизми, шу шаҳарда бўлсангиз, сизнинг ҳам ўпкангиз чиқиндихонага айланган. Болаларингиз касал бўлиши хавфи жуда юқори. Пандемияда вирус бой ва камбағални ажратмаганидек, ёмон ҳаво ҳам одамни танлаб ўтирмайди. Вакуум яратолмайсиз. Бу заҳарли ҳаво нафақат ўпка касалликлари ё саратон, юрак-қон касалликлари, томирлардаги тромблар ва мияга қон қуйилишига ҳам сабаб бўлади», – деб ёзди журналист ўзининг Facebook'даги саҳифасида.

«Ўзгидромет» ходими Эркин Абдулаҳадов ҳам Тошкент ҳавоси баъзида нафас олиб бўлмас даражада ифлосланаётганини тасдиқлади.

«Ҳа, пойтахт ҳавоси муттасил доимий бўлмаса-да, ора-орада нафас олиб бўлмас даражада ифлосланаётганидан хавотирга тушасан. Баъзан ўта зич транспорт ҳаракати эффекти «Ўзгидромет» стационар постлари маълумотида ҳам кўриниб қолади. Масалан, 2 октябр эрта тонг соат 07:00 да пойтахт ҳавоси бир муддат нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланди. Асосий манба карбонат ангидриднинг кескин ошиб кетишида кўринди. Ўшанда PM-2,5 майда дисперс заррачаси ҳам меъёрдан ортиб кетди.

Медикларга маълумки, соч толасидан 40 баробар кичкина деярли кўринмас PM-2,5 майда дисперс заррачаларининг ҳавода меъёрдан кўп бўлиши кишилар нафас олганда ҳеч қандай тўсиқларсиз, ўпка тўқималарига урилиб, тўғридан тўғри қон орқали юракка етиб бориш хусусиятига эга. Ва бу – табиийки, инсон саломатлиги учун ўта хавфли жараён экани кундек равшан», – деб ёзади мутахассис.

У пойтахт ҳавосидаги вазият ва келгуси прогнозлар ҳам ҳавас қиларли даражада эмаслигини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқнинг қатор фойдаланувчилари юқоридаги фикрларни қўллаб-қувватлаган.

«Мен бу ҳақда тез-тез ёзиб тураман. «Дом»ларнинг орасидаги ҳимоя ҳудудларига ҳам янги бинолар қуришяпти. Тошкент одам яшаб бўлмайдиган шаҳарга айланиб бўлган. «Шаҳарнинг мутлақ эгаси менман», дейдиган тоифа пайдо бўлган. Улар экологияни ҳам, архитектурани ҳам сариқ чақага олмайди», – дея изоҳ ёзган бир фойдаланувчи.

Бошқа бир фойдаланувчи Тошкентдан файз кетганини таъкидлаган.

«Тошкентдан файз кетганига анча бўлган. Машиналарнинг ҳаддан ташқари кўплиги, режасиз қурилаётган бинолар, ваҳшийларча кесилаётган дарахтлар пойтахтнинг кўринишини бутунлай ўзгартириб юборган. Туғилиб ўсган ва энг яхши йилларим ўтган шаҳарни таниёлмай қоляпман. Тошкентни асраб қолиш учун барча қурилишларни тўхтатиш, уларни шаҳардан ташқарига чиқариш керак, кўпроқ кўкаламзор зоналарни яратиш зарур. Ҳозирнинг ўзида Тошкент дунёдаги энг ҳавоси заҳарланган шаҳарлар қаторига кириб қолди – бу ниҳоятда ачинарли ҳолдир», – дейди у.

Яна бир тармоқ фойдаланувчиси "Азим Чангкентимиз кундан-кунга очилиб боряпти", – дея кинояли пост қолдирган.

Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойи давомида атмосфера ҳавосига умумий ташланмаларнинг 1 миллион 295 минг тоннаси (58,8 фоиз) транспорт воситалари ҳамда 909 минг тоннаси (41,2 фоиз) саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мавзуга оид