Ўзбекистон | 09:23 / 17.07.2020
50023
11 дақиқада ўқилади

Янги агентлик Ўзбекистонда коррупцияни жиловлай оладими? – Акмал Бурҳонов билан интервю

Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 15 июль куни директор тайинлади. Сўнгги вақтларда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси сифатида фаолият кўрсатиб келган Акмал Бурҳонов президент қарори билан бу лавозимни эгаллади.

Kun.uz Акмал Бурҳонов билан агентлик фаолияти юзасидан режалари, коррупция, непотизм, лоббизм, офшор масалалари ва жамиятдаги бошқа муаммолар юзасидан интервью уюштирди.

– Коррупция ўзбек миллий менталитетига сингиб кетган иллат. Афсуски, бу масалага дуч келинганда оддийгина қилиб «ўзбекчилик» дейилади. Ўзбекчилик тушунчаси коррупция сўзи билан синонимга айланиб кетган деса ҳам бўлади. Бу жуда оғир вазият ва шундай мураккаб вазиятда ишни нимадан бошламоқчисиз?

– Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича алоҳида мустақил тузилманинг ташкил этилиши коррупцияга қарши кураш бўйича ташланган энг катта қадамлардан бири десак бўлади. Аввал ҳам коррупцияга қарши курашилган, турли тузилмалар бўлган, бу ишлар асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этилган, асосан жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан шуғулланишган. Ёки республика комиссиялари бўлган ва улар жамоатчилик асосида ишлашган. Алоҳида агентлик ташкил этилишини Ўзбекистонда коррупцияга қариш кураш бўйича олиб борилаётган очиқлик сиёсатнинг мантиқий давоми десак бўлади. Дастлаб давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги, уларнинг парламент олдида ҳисоб бериш амалиётининг йўлга қўйилгани биринчи қадам бўлган бўлса, иккинчидан, давлат хизматларини кўрсатишнинг янги тизими пайдо бўлди. Коррупцияга қарши кураш агентлигининг тузилгани давлатнинг энг катта сиёсий иродаси. Бу бир томондан, мамлакат бу иллат ўзида чуқур илдиз отганини тан олгани бўлса, иккинчи томондан давлат раҳбари даражасида коррупцияга қарши курашиш кераклиги ва бунинг учун тузилманинг ташкил этилгани бўлди.

Тан олиш керак, барча мамлакатларда коррупция бор, ҳеч қайси давлатда коррупция тамомила йўқ деб айта олмаймиз. Давлатлар бир-биридаги коррупция даражаси билан фарқланиши мумкин. Бизда, афсуски, энг қуйи поғонадан тортиб, энг юқори даражагача коррупция ҳолатлари мавжуд ва айрим соҳаларда бу ҳаттоки менталитет, «ўзбекчилик» сифатида ҳам баҳоланадиган бўлиб қолган. Аслида бундай бўлмаслиги керак.

Бу тамомила янги ташкилот, янги тизим. Бу ташкилот бошқа давлат идоралари учун ўрнак бўлиши керак – ходимларни ишга олишдан тортиб, уларнинг фаолияти, ОАВ ва жамоатчилик учун очиқлиги, ҳар бир қадамигача.

Биринчи навбатда, халқаро стандартлар ва шаффофлик механизми асосида ташкилотни тузиб олиш керак. Бу Ўзбекистон учун янги тузилма бўлгани боис ўзимизнинг олдинги тажрибани эмас, хориж тажрибасини ўрганиш муҳим. Жанубий Корея, Сингапур, Европанинг ривожланган давлатлари тажрибасини ўрганишни бошлаймиз. Ҳозирда халқаро ташкилотлар билан музокаралар бошлаб юборилди. Улар ҳам ҳамкорликка тайёрликларини билдиришди.

Иккинчидан, биздаги бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик. Биринчи ўринда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи турибди.

Учинчидан, ўзимизнинг аниқ режаларимизни ишлаб чиқмоқчимиз. Бу режани коррупцияга қарши кураш бўйича миллий кенгаш билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширамиз.

Мақсадимиз коррупционерларни топиб жазолаш эмас. Афсуски, ҳозиргача коррупция ҳолатлари таҳлил қилинмаган. Нима учун порахўрлик ҳолатлари ОАВда кўрсатилаётганига қарамай, жазо чораларига қарамай давом этмоқда?! Биз бунинг таҳлилини бошлашимиз керак. Фуқароларнинг фикрини ўрганиш бўйича етарлича сўров ва тадқиқотлар ўтказилган. Фуқароларнинг фикрини умумлаштириб айтганда – Ўзбекистонда коррупция илдиз отиб кетган, буни енгиб бўлмайди. Бу лавозимга тайинланганим ҳақидаги хабарлар чиққанда ҳам ижтимоий тармоқларда бу иш жуда қийинлиги, эплолмайди, тизим еб юборади, агентлик ишласа ҳам энг паст бўғиндаги ҳолатларни ўрганади, лекин асосий наҳанглар яна четда қолиб кетади, деган фикрлар ҳам билдирилди. Атайлаб шунақа ёш, тажрибасиз кадр қўйилган деганлар ҳам бўлди. Халқнинг фикри бўйича тадқиқот ўтказиш шарт эмас, бунинг натижаси ҳаммага маълум. Ёки бўлмаса сийқаси чиқиб кетган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам иш бермайди.

Биринчи ўринда, қонунчиликда, тизимда нима шароит яратиб берганмиз – мана шуни таҳлил қилиб бериш. Аниқ вазифалар давлат раҳбарининг 29 июндаги қарорида ҳам белгилаб ўтилган. Мана шу вазифаларни амалга оширишга киришамиз.

– Ўзбекистонда ҳокимиятларнинг бўлиниш принципи нормал даражада ишламайди. Чунки улар бир-бирининг устидан тўла назорат ўрнатмаган, ёки бошқача айтганда барча назорат амалда ижро органи ваколатида бўлиб қоляпти. Назаримда, бу сизни фаолиятингизда бош муаммо. Демоқчиманки, уларнинг нормал ишламаслиги сизнинг ташкилотингиз фаолиятини барибир кучсизлантиравермайдими?

– Коррупция ҳолатларига энг кўп йўл қўйилаётган нуқталар маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари эканлигини кўряпмиз. Сенат раиси раҳбарлигида 44та аъзодан коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши ташкил этилди. Уларнинг орасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, жамоатчилик органлари вакиллари ҳам киритилган. Ва ҳар бир ҳудудда коррупцияга қарши кураш бўйича комиссия тузилган. Бу кенгашларнинг раҳбарлари ҳокимлар ҳисобланади. Маълумки, ҳокимлар ва вазирлар парламент олдида ҳисоб беришади. Улар ҳисобот беришидан аввал ўша ҳудуднинг коррупциявий ҳолатини ўрганиб, бу масала бўйича уларнинг алоҳида ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўймоқчимиз.

Президент фармонида агентликка катта ваколат берилган – давлат ҳокимияти идоралари раҳбарлари томонидан чиқарилган қарорларга нисбатан коррупцион нуқтайи назардан шубҳа бўладиган бўлса, агентлик уларни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш хусусида тақдимнома киритиш ваколатига эга.

Яна бир марта айтаман – асосийси таҳлил. Биз коррупциоген вазиятни қонунчиликда яратиб қўйганмиз. Қаердадир ижро ҳокимиятига кўпроқ ваколат бериб қўйганмиз. Оддий мисол. Битта идорага ишга кириш учун битта ўринга 10та номзод бўлса, бўлди – коррупциоген вазият бор, бундан кимдир фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Шаффоф механизмни яратиш керак. Бунақа ҳолатлар жуда кўп – мактаб директорлигига қўйишдан тортиб, кичик ишчи ўринларигача – талаб борми, демак, у жойда коррупциоген вазият туғилади.

Агентликнинг асосий мақсади мансабдор шахсларда коррупциядан узоқлаштириш ва коррупция имкониятларини қийинлаштириш. Бунинг учун биз уларга шароит яратмаслигимиз керак.

– Бизда давлат ҳокимияти идораларидаги энг катта иллатлардан бири непотизм, яъни қариндош-уруғчилик. Бу ҳолат ҳатто энг юқори органларда ҳам сақланиб қоляпти. Шу жиҳатдан муаммолар ечимини қандай кўрасиз ва агентлик непотизм билан келгусида қандай курашади?

– Аслида давлат бошқаруви органларида непотизмни йўқ қилиш нисбатан осонроқ. Лекин биз қариндош-уруғчиликни йўқотиш қийин деб айтишга ўрганиб қолганмиз. Бошқарув соҳасида кадрларни қўйишда аниқ, шаффоф механизмлар бўлиши керак. Бу йўналишда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ишлаяпти, биз ҳам ишлаймиз. Биринчи ўринда аниқ мезонлар ва талаблар қўйилиши керак. Ўша жойда ҳақиқатан лойиқ кадрлар қўйилиши керак.

Непотизм иллати бизда кенг урчиган. Ачинарли жиҳати, ўсаман деган, малакали кадрлар бунинг натижасида сўниб боради. Барибир илгари ҳаракатлана олмайман, деган фикр пайдо бўлади. Хорижда ўқиган кўплаб малакали танишларим бор. Лекин улар келишга қўрқишади. Чунки менинг танишим йўқ, қариндошим йўқ, деган фикр ўрнашиб қолган.

Мисол учун, Японияда бирон ишга кирсангиз, қандай ишласангиз, 10 йилдан кейин ўзингизни қаерда кўришингизни биласиз. Аниқ тартиб-қоида бор. Мана шу тартиб бўйича ишласа, мана шу мезонларга жавоб берса, 10 йилдан кейин қаерда бўлишини аниқ билади ва шунга қараб интилади. Асосийси, у 10 йилдан кейин яхши ишламагани учун лавозимидан пасайтирилиши мумкин, лекин тажрибаси борлигининг ҳисобига ҳам ойлиги ҳатто раҳбарникидан баланд бўлиши мумкин. Биз ҳам мана шундай тизимни яратишимиз керак.  Непотизмни йўқотиш бошқа соҳаларда – бизнесда ва бошқа йўналишларда қийин, лекин айнан давлат бошқарувида мансабдор шахсларни тайинлашнинг қонуний асосларин такомиллаштирган, тизимни яратган ҳолда бунинг олдини олса бўлади.

– Коррупцияга қарши курашнинг энг яхши мисолларидан бири сифатида Грузия тажрибаси кўрсатилади. Бугун бизда ҳам коррупцияга қарши курашда айнан Грузиядаги каби радикал ислоҳотларга зарурат бор.

Сизнингча, халқ кутаётган бу ислоҳотлар амалга ошиши янги агентлик мисолида қанчалик реал орзулар?

– Коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа давлатларнинг ҳам яхши тажрибаси мавжуд, лекин Грузия бизга ҳар томонлама – географик, тарихий, менталитет жиҳатдан яқин. Лекин шундай менталитет бўлишига қарамай улар бу соҳада анча илгарилаб кетишди. Аммо биз коррупцияни қабул қилиш индексида 180та давлат орасида 158-ўриндамиз. Грузияда эса 2007 йилда Саакашвили даврида ислоҳотлар бошланди. Ўша пайтда Грузия бу индексда 79-ўринда бўлган. 2008 йилда уларда ҳам бизникига ўхшаган коррупцияга қарши кенгаш ташкил этилган. Бугун улар мазкур индексда 42-ўринда – 37 поғонага кўтарилган.

Кенгаш ёки агентлик бўлса кўтарилиб кетамиз, деган маънода айтмоқчи эмасман. Грузияда радикал чоралар ҳам кўрилган – жавобгарликни кучайтириш, у ёки бу соҳани тўлалигича ишдан бўшатиб, қайтадан танлов асосида ишга олиш масаласи, ойликни ошириш масаласи ҳам бор. Улар ишга олишда, давлат хизматларини кўрсатишда фуқаролар билан давлат ўртасида инсон омилини йўқотишга ҳаракат қилишган. Бошқа давлатлар қаторида Грузия тажрибасини ҳам ўрганяпмиз.

Ўзим ҳам қайсидир нуқталарда кескин, революцион чораларнинг кўрилиши тарафдориман. Биринчидан, пора олиш ва пора бериш жиноятлари учун жавобгарликни кескин кўпайтириш керак. Қайд этиш керакки, коррупциянинг фақат пора олиш ва пора бериш эмас, бошқа йўналишлари ҳам бор. Масалан, давлат харидларини амалга оширишда. Лекин уларнинг жавобгарлиги жуда ҳам кам. Иқтисодий жиноятни амалга оширади, жаримасини тўласа, жавобгарликдан қутулиб қолаверади. Ёки 10 йилга қамалади-да, амнистия билан 1-2 йилда чиқиб кетади. Коррупцион жиноятлар бўйича жиноятчиларга афв бермаслик, амнистияга туширмаслик масаласини қонунчиликка киритиш масаласини ҳам кўриб чиқамиз.

Шундай чоралардан яна бири давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашувини декларациялаш саналади. Бу қонун лойиҳаси устида ишланяпти. Йил якунигача бу қонун қабул қилинса, кескин ўзгариш бўлади.

Давлат харидларини назорат қилиш ва халқаро ёрдамлар, қарзлар тақсимотини аниқ назорат қилиш механизмларининг ўрнатилиши ҳам кескин чоралардан бири бўлади.

Интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди,

Тасвирчи: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид