Ўзбекистон | 16:08
3207
2 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг энг коррупциявий ташкилотлари эълон қилинди

Аксилкоррупция агентлигига кўра, ўтган йилда Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар энг кўп коррупцион жиноятларни содир этган. Ҳокимликлар кесимида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятлари топ-учликда. “80-90 фоиздан кўпи ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ”, - дейди агентлик директори Акмал Бурҳонов.

Фото: Kun.uz 

6 феврал куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ўтган жамоатчилик кенгаши йиғилишида 2025 йилда қанча коррупцион жиноят кузатилгани ва уларнинг соҳалар кесимидаги улуши маълум қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йилда 6 373 нафар шахс томонидан 5 222 та жиноят содир этилган. 2024 йилда бу рақам 5 716 тани ташкил этган. Ҳудудлар кесимида коррупциявий ишлар Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида кўпайган, Хоразм, Қашқадарё, Тошкент ҳамда Самарқанд вилоятларида эса камайган.

2025 йилнинг энг кўп коррупцияга йўл қўйган ташкилотлари деб Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар топилган. 

“Туман-шаҳар даражасида коррупцион жиноятлар бўйича 12 нафар ҳоким жавобгарликка тортилган. [Жиноятлар] 300 дан кўп маҳаллий ҳокимликларга тўғри келади ва уларнинг ҳам аксарият, 80-90 фоиздан кўпи ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ. Ва биз буни таҳлил қилдик, ўргандик. Бу ерда жуда ҳам кўп коррупциявий омиллар бўлгани учун уларда мана шу жиноятлар кўп бўлган.

Ва биз ҳозир ўша субсидия бериш, имтиёзли кредитлар ажратишни инсон омилисиз, яъни ҳоким ёрдамчисига боғлиқ бўлмаган ҳолда, маҳалла еттилиги, коллегиал қарор қабул қилиш ва инсон омилисиз рақамлаштириш чораларини кўрдик. Ўйлайманки, худди аутсорсингни айтганимдек, 2026 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупциявий жиноятлар салмоғи кескин камайишига эришилади”, – деди Бурҳонов.

Қўшимча қилинишича, ҳокимликлар кесимида энг кўп коррупциявий жиноятларни Тошкент шаҳри – 612 та, Тошкент вилояти – 584 та, Фарғона вилояти – 455 та содир этган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева

Мавзуга оид