Ўзбекистон | 19:38 / 06.06.2024
7410
2 дақиқада ўқилади

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бўйича битим имзоланди

Шавкат Мирзиёев бу темирйўл Хитойни Марказий Осиё билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланишини таъкидлади. “Келгусида бу йўл мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 6 июн куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

“Мазкур темирйўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деди президент.

Битимнинг имзоланиш маросими муносабати билан Хитой раҳбари Си Жинпинг ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам мурожаат йўллаган.

Битимга мувофиқ, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши жорий йил октябр ойида бошланишини айтганди.

Мавзуга оид