Жаҳон | 08:02
2049
3 дақиқада ўқилади

Type 96 дронларга қарши: 2500 та Хитой танки янги ҳимоя билан жиҳозланди

Хитой Халқ-озодлик армияси қуруқликдаги қўшинларни модернизация қилишни жанг ҳаракатлари табиати ўзгариб бораётган бир пайтда жадаллаштирди. Зирҳли танк уруши трансформацияни бошдан кечирмоқда: учувчисиз аппаратлар ва юқори аниқликдаги қуроллар бундай техникалар учун тобора каттароқ таҳдидга айланяпти. Бунга жавобан дунё армиялари эскирган техникани тўлиқ алмаштириш ўрнига, уни янги ҳимоя даражалари билан кучайтиришни маъқул кўрмоқда.

Фото: Weibo/China Youth Daily

Шу фонда Хитой эски танкларни янги таҳдидларга мўлжалланган мудофаа тизимлари билан жиҳозлашни бошлади. Хитой давлат ОАВ GL-6 фаол ҳимоя тизими билан жиҳозланган Type 96A асосий жанговар танкларини намойиш қилди. Бу Пекин эҳтимолий юқори интенсивликдаги можароларга, жумладан Тайван атрофидаги эҳтимолий сценарийга тайёргарликка ёндашувини қайта кўриб чиққанини кўрсатади.

Модернизациянинг асосий урғуси — замонавий можароларда роли кескин ошган дронлар ва танкка қарши ракеталарга қарши курашиш. Бу қадам, шунингдек, Хитой қуруқликдаги қўшинлари мослашаётганини ва амфибия операциялари учун имкониятларни мустаҳкамлаётганини ҳам англатади.

GL-6 фаол ҳимоя тизими зирҳли машиналар учун ҳимоя қалқони вазифасини бажаради. У айлана бўйлаб ишлайдиган радарни инфрақизил ва оптик сенсорлар билан бирга қўллайди. Бундай комбинация яқинлашаётган таҳдидлар — дронлар, реактив снарядлар ва бошқариладиган ракеталарни аниқлаш имконини беради. Таҳдид аниқланганидан кейин тизим тўсиб қолувчи ўқ-дориларни ишга туширади ва нишонни зарба етиб келишидан олдин йўқ қилади. Бундай кўп қатламли ҳимоя замонавий зирҳли танк урушида стандартга айланиб бормоқда.

Хитой GL-6 тизимини 2024 йилда тақдим этган, кейинчалик эса уни янги платформаларда — жумладан тўртинчи авлод Type 100 танклари ва ёрдамчи машиналарда намойиш қилган. VT-4A1 каби экспорт моделлари ҳам ушбу тизим билан жиҳозланган.

Type 96 танклари оиласи қарийб 30 йилдан бери қуролланишда турибди. Шу вақт мобайнида бу машиналар бир неча бор модернизация қилинган — двигател, ҳаракатчанлик, ўт очиш қудрати ва ҳимояси яхшиланган. Бугунги кунда сафда 2 500 тадан ортиқ шундай танк қолмоқда. Уларни фаол ҳимоя тизими билан жиҳозлаш барча зирҳли техника ҳимояси даражасини бир хиллаштиришга, шунингдек замонавий юқори аниқликдаги қуроллар қўлланган шароитда уларнинг яшовчанлигини оширишга интилишни кўрсатади.

Type 99 каби оғирроқ танклар билан таққослаганда, Type 96 бир қатор афзалликларга эга: у енгилроқ ва десант кемалари ҳамда ҳаво ёстиқчали кемалар ёрдамида ташиш осонроқ. Бу эса уни десант операцияларининг илк тўлқинлари учун айниқса мос қилади. Соҳилбўйи релъефи ҳаракатчанлик ва ҳимояни уйғунлаштирган техникани талаб қилади — ва афтидан, модернизация айнан шундай вазифаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид