Ўзбекистон | 15:49 / 13.11.2025
4051
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро тадбирлар сабаб транспорт ҳаракатига чекловлар киритилади

Фото: Kun.uz

14-17 ноябр кунлари Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва Марказий Осиё етакчиларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Шу муносабат билан хавфсизлик мақсадида Тошкент шаҳрига юк автомобилларининг кириши чекланади, шаҳар марказида юк машиналари ҳаракати тўхтатилади.

Бунда, водийдан келаётган ва водийга кетаётган транспорт воситалари D-012 йўли йўли орқали ҳаракатланади.

Шунингдек, пойтахтнинг айрим кўчаларида муайян вақт оралиқларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.

Ички ишлар вазирлиги ҳаракат чекланадиган кўчалар ва вақтларни маълум қилди:

— 15 ноябр куни соат 14:00 дан 19:00 гача Абдулла Қодирий – Ганга кўприги кесишмасидан бошлаб, Абдулла Қодирий, Қорасарой ва Зарқайнар кўчалари чорраҳасигача бўлган йўл вақтинча ёпилади. Ҳайдовчилар Себзор ва Нурафшон кўчалари орқали айланма тарзда ҳаракатланишлари мумкин.

— 15 ноябр куни соат 09:00 дан 19:00 гача Абдулла Қодирий – Қорасарой кўчалари чорраҳасидан бошлаб, Қорасарой кўчаси бўйлаб Нурафшон – Қорасарой чорраҳасигача ҳаракат вақтинча чекланади. Айланма йўл сифатида Қорасарой кўчасидан Кичик ҳалқа йўлига ва Нурафшон кўчасидан Себзор кўчаси йўналишига ҳаракатланиш тавсия этилади.

— 16 ноябр куни соат 10:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов – Ботир Закиров кўчалари чорраҳасидан бошлаб, Ислом Каримов кўчаси бўйлаб Фурқат кўчаси чорраҳасигача вақт-вақти билан қисман ёпилади. Ҳайдовчилар Ботир Зокиров – Алишер Навоий ҳамда Олмазор – Бешёғоч кўчалари орқали айланма йўлдан фойдаланишлари мумкин.

— 16 ноябр куни соат 09:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов – Фурқат чорраҳасидан Фурқат кўчаси бўйлаб Хадра майдонигача иккинчи даражали йўл вақтинча ёпилади. Айланма йўл сифатида Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари орқали ҳаракатланиш мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид