23:01 / 15.09.2020
13344

Қашқадарёда 855 нафар ўқитувчи коронавирусга гумон қилинган — СЭОМ

Фото: Getty Images

Қашқадарё вилоятидаги мактабларда ишловчи 855 нафар ўқитувчи дастлабки текширувда коронавирусга гумон қилинган, улардан қайтадан тест олинади. Бу ҳақда вилоят СЭОМ ахборот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ Қашқадарё вилоят ХТБ бошлиғи Абдуғани Ҳимматов берган маълумотга асосланган ҳолда, вилоятдаги мактабларнинг 855 нафар педагогида COVID-19 чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Вилоят СЭОМдан аниқлик киритилишича, лаборатория текширувидан ўтган мазкур ходимлар вирус юқтирганликда гумонланиб, дастлабки хулосалар берилган.

«Уларда коронавирус аломатлари мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш зарур. Шундай бўлса-да, улар зарурий дори дармон, тиббий воситалар билан таъминланиб, шифокорлар томонидан кузатувга олинди. Навбатдаги босқичда эса вирусни юқтирганликда гумонланган педагог ходимлар яна бир бор текширувдан ўтади. Бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этиб борилади», – дейилади СЭОМ ахборотида.

Қайд этилишича, вилоятда 1151 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 55 562 нафар ўқитувчи ва бошқа ходимлар ишлаб келмоқда. 15 сентябрга қадар СЭОМлар орқали 32 892 нафар педагог ходимдан коронавирусга тест олинган.

Қўшимча қилинишича, шу кунга қадар вилоят СЭОМнинг махсус лабораториясида 201 319 нафар фуқародан олинган таҳлил натижалари кўриб чиқилган бўлиб, 15 сентябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, вилоятда жами 1034 ҳолатда COVID-19 билан касалланиш қайд этилган.

«Айни пайтда эса вирусни юқтириб олган 958 нафар бемор даволаниб, соғайганларнинг умумий кўрсатгичи 93 фоизни ташкил қилмоқда», – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги мактабларнинг тахминан 25 фоизида анъанавий таълим йўлга қўйилди, айни пайтда бутун республика ўқувчилари учун масофавий дарслар бошланди.

1 октябргача барча умумтаълим мактаблари очилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан ўқитувчилардан COVID-19'га тест олиняпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 сентябрь ҳолатига 56,6 фоиз педагог (275,6 минг нафар) текширувдан ўтказилганини билдирган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top