Ўзбекистон | 16:58 / 06.10.2018
33620
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрининг икки туманига янги ҳоким тайинланди

2018 йилнинг 6 октябрь куни Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилган. 2016 йилдан буён Яккасарой туман ҳокими сифатида ишлаб келаётган Сарвар Тошматович Маҳаметов Чилонзор тумани ҳокими этиб тайинланди.

Сарвар Тошматович Маҳаметов

Маълумот учун, Сарвар Маҳаметов 1977 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1999 йил Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган. 2010 йилда - Бектемир тумани ҳокими, 2016 йилдан - ҳозирги вақтгача Яккасарой тумани ҳокими сифатида ишлаб келган.

Маҳаметов янги лавозимда бундан олдинроқ Тошкент шаҳри ҳокимининг Архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилган Даврон Ҳидоятов ўрнида иш бошлайди.

2018 йилнинг 6 октябрь куни Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашининг ҳам навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Cессияда ташкилий масала кўрилган. Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори сифатида ишлаб келаётган Бахтиёр Абдувахитович Шомуродов Яккасарой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бахтиёр Абдувоҳидович Шомуродов 

Маълумот учун, Бахтиёр Шомуродов 1978 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1999 йил Тошкент давлат аграр университети ва 2002 йил Солиқ академиясини тамомлаган. 2017-2018 йилларда - Сергели тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2018 йил - Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Яккасарой туманларига янги ҳокимлар тайинланиши хабар берилганди. «Kun.uz» Тошкент шаҳри ҳокимлигидаги манбаси Яккасарой тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов Чилонзор тумани ҳокими лавозимига ўтказилишини билдирганди.

Бундан аввал Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов Юнусобод туманига янги ҳоким этиб тайинлангани маълум бўлганди.

Мавзуга оид