13:38 / 24.09.2021
21259

«Тиббиётда жуда кўп хато қилдик, билим йўқ» – Шавкат Мирзиёев

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги учрашув чоғида тиббиёт соҳасидаги муаммоларга тўхталди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Энди тиббиёт бўйича таълимни мутлақо бошқача қиламиз. Дастлабки курслардаги математика, физика каби тиббиётга алоқадор бўлмаган фанларни қисқартирамиз. Эски иттифоқ тизимидан воз кечиб, Ўзбекистон учун махсус дастур яратамиз.

Энг муҳими – 4-курсни битирган талабани бир йил ўз ҳудудига амалиётга жўнатамиз. Мана шу амалиёт чоғида ўша талаба ўзини англайди, ҳақиқий шифокор бўладими, йўқми, аниқ бўлади. Агар амалиётдан ўтса, бемор билан ишлай олса, уни бепул ўқитишга ҳам тайёрмиз. Лекин агар буни эплай олмаса, у билан шартнома бекор қилиш ҳам мумкин. Чунки ҳозир қаторлаштириб диплом беряпмиз, аммо битириб борган мутахассис бемордан қўрқади. Қўрқади! 

Тиббиётда жуда кўп хато қилдик, билим йўқ! Энди мана шу хатоларни тузатишимиз лозим. Янги ташкил қилинаётган университетлар ана шу вазифани бажариши лозим.

Пандемия бизга кўп нарсани ўргатди – соғлигига бефарқлар, ортиқча вазнлилар, қанд касалликлари бўлганлар оғир ўтказишди, ҳатто кўпчилигини йўқотдик ҳам. Энди бошқача ишлаймиз”, – дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top