11:59 / 12.03.2020
43402

«Ўз қобиғимизда қолиб кетганмиз» – Азиза Шоназарова АҚШдаги таълим ва Ўзбекистондаги плагиат ҳақида

АҚШнинг Колумбия университетига умрбод профессорлик (tenure track) лавозимига қабул қилинган илк ўзбек олимаси Азиза Шоназарова айни кунларда Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Шоназарова ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимидаги бир қатор фарқларни санаб ўтди.

«АҚШда китоб ўқишади»

― Бизнинг таълим тизимимиз билан АҚШ таълим тизимининг фарқи ― у ерда китоб ўқилади. Китобни фақат талаба ўқимайди, профессор ҳам ўқишга мажбур. Ўзининг соҳасида чиқаётган янги китоб ва тадқиқотлардан хабардор бўлиши керак. Билиши ва ўша нарса ҳақида гапира олиши керак.

Бизнинг ўз тизимимиз атрофида, ўз қобиғимизда қолиб кетаётганимизнинг сабаби ҳам шу: биз дунёда бўлаётган янгиликлардан бохабар эмасмиз. Шунинг учун фақат ўзимизда, Ўзбекистон ичида айланаётган эски гапларга нимадир қўшиб, янгидан нималардир қилмоқчи бўламиз. Шуни тўғрилашимиз ҳам керак.

«Плагиат карьерани ўлдиради»

― Ўзимизнинг маҳаллий PhD диссертацияларга тақриз ёзиб беринг, деб жўнатишади. Автореферат учун мендан тақриз сўрашади. Автореферат 60 бетли нарса бўларкан, учта тилда бўлгани учун. Иккита тилни олиб ташласак, 20 бетли нарса. 150 бетли нарсанинг моҳиятини улар 20 бетда ёритиб бера олмайди. Тақриз ҳам 20 бетли нарса бўларкан. Советларда ҳам домласидан бошқа ҳеч ким диссертацияни ўқимас экан.

Нечта диссертациянинг бу ерда ёқланганини кўрдим. Савияси жуда ҳам паст. Совет даврида қолиб кетган нарсаларни, рус тилидагиларни таржима қилиб ёки Туркияда чиққан тадқиқотларни ўзбек тилига ўгириб, умуман йўқ ҳаволаларни бериб, илмий унвон олиняпти.

Америкада эса... Мақтагим келмаяпти, лекин ривожланишнинг сабаби ҳам шунда. У ерда плагиатни дарров билишади. Қаердан олинганини кўрсатувчи тизим бор. Битта гапни ҳам плагиат қилса, «сноска» бермаса, ўша дарсдан автоматик тарзда йиқилади.

Агар талабага шунақа тамға тушса, бўлди, унинг карьераси ҳам ўлади.

Плагиат жуда ҳам ёмон нарса. Бизда эса рефератлар ёзамиз, дейишади. Нима қилади? Ўзимнинг давримда ҳам шунақа эди: википедиядан олиб, кўчириб қўяди. Бу нарсаларни тўғриламасак, бизда ҳеч қандай илм-фан ҳам ривожланмайди, инновациялар ҳам бўлмайди.

«Университетлар профессорга инвестиция киритади»

 

― Бизда профессорлик унвон ҳисобланади. АҚШда эса бу – лавозим, унвон эмас. Балки шунинг учун ҳам бизда профессорлик унвонини олганлар фақатгина катта домлалар бўлишса керак. У ерда эса бу – университетда очилган бир штат, лавозим, иш ўрни.

Бу лавозимнинг ойлиги, катта имтиёзлари бор. Улар фақат ўзига айтилган соатда маъруза ўқиши керак. Бакалавр, магистр, докторантларга маъруза ўқишади. Шу билан бўлди, офисга келиб ишламайди. Уларга ҳеч ким институтга келиб ишлагин, демайди.

Кўпчилик профессорлар уйдан ишлашни яхши кўришади. Китоблари қаерда бўлса, ўша ерда ишлайди. Офисда ишласак, ҳамма эшикни тақиллатаверади, ишлагани қўйишмайди, дейишади.

Улардан яна ўзининг илмий иши билан шуғулланиши кутилади. Профессорликка олиндими, ўзининг соҳасида чиқишлар қилиши катта талаб ҳисобланади. Дунё миқёсидаги мақолалар чиқариш, китоблар чиқариш. Уларнинг бу чиқишлари университетнинг нуфузини белгилаб беради. Профессорнинг нуфузига қараб талабалар келади. Талабалар келди дегани, пул келди дегани. Чунки талаба ўқиш учун 50 минг АҚШ долларидан кам тўламайди. Жуда ҳам қиммат. Шунинг учун университет профессорга катта инвестиция киритади.

«Талабалар ўзига ёққан фанларни ўқийди»

― Шарқшуносликни битирганман. Бизда жадвал, расписание бўларди. Биз ўша бўйича ўқирдик. Бу нарса Америкада йўқ. Биринчи курсларда бор, уларнинг мажбурий оладиган курслари бўлади. Иккинчи курсдан буёғига талабалар ўзига ёққан мутахассислик бўйича дарс олади. Талаба ўзининг дастурини ўзи тузади. Раҳбарлар бириктирилади, улар билан маслаҳатлашиб, ўзига ёққан дарсларга ёзилади.

Ўқиш жуда ҳам қиммат. Шунинг учун улар ўзининг хоҳиши билан ўқийди. Шу ҳам бизда катта фарқ бўлса керак.

«Фақат қуруқ ёдлаш эмас»

― Дарсларда эслайман, конспектлар ёздиришарди. Кўп конспектлар ёзганим эсимда. Домла китобдан ўқиб берарди. Бу нарса АҚШда умуман йўқ. Нима қиламиз биз? «Syllabus» деган нарса бор. Бу – домла томонидан ҳар бир дарс учун тузиладиган жадвал. Ўша жадвалда баҳо қандай қўйилиши, талабанинг «5» баҳо олиш учун нима ишлар қилиши кераклиги, ҳар ҳафта қандай китоблар ўқилиши жадвали берилади.

Биринчи дарс бошланганда ўша жадвал ҳаммага тарқатилади. Домла билан талаба ўртасида ўша жадвал асосий воситачи бўлади. Талаба домладан нима қилишимиз керак, нима ўқишимиз керак, деб сўрайвермайди, ўзи мустақил равишда ўрганади.

Дарсликлар ҳам йўқ. Талабалар ҳар битта ҳафтага бўлинган мавзу бўйича дунёнинг энг нуфузли манбаларидаги мақолаларни ўқийди. Биз дарслик ўқитмаймиз. Ёки китоблардан бўлаклар. Бунинг учун домланинг ўзи нима нуфузли эканлигини яхши билиши керак. Талабалар жуда ҳам кўп ўқишади.

Дарсларимда 2-, 3-, 4-курслар бор. Улар ҳафтасига 100 бет ўқийди. Бу меъёрий ҳолат ҳисобланади. Бу битта дарсдан фақат. Бир вақтда минимум 5тача курс олади.

Дарсга ўқиб келганидан кейин ўша билимини мен билан бирга таҳлил қилади. Фақат қуруқ ёдлаш эмас. Талабанинг ўқиганини текшириш йўллари бор. Биз асосан таҳлилга эътибор берамиз. Таҳлилда ҳам шунчаки таҳлил эмас, балки танқидий таҳлил.

Талабалар нафақат ўқиши, балки ўша мақолага нисбатан ўзида фикр пайдо бўлиши керак. Мақола деганда мен 25 бет атрофидаги материални айтяпман. Бу нарса бизда йўқ. Агар бизда шулар ички тизимга ўрнатилса, нафақат талаба, балки домлани ҳам ўқишга ўргатса, натижа бўлади. Улар шу дарсдан нимадир олиб чиқиб кетиши керак.

Ёшлигимда тенгдошларимда шунақа тушунча бўларди: институтга кирдим, энди диплом олиб кета оламан. Америкада унақа эмас. Ўқишлар қиммат бўлгани учун улар агар чиндан хоҳламаса, нима қилади пулини кетказиб? Шу нарсани тушуниб етишимиз керак. Ўқиш талабанинг ўзига керак. Диплом ҳеч нарса олиб бермайди, бу шунчаки қоғоз. Оладиган нарсаси – бошидаги билими.

Маълумот учун, Азиза Шоназарова Тошкент давлат шарқшунослик институтида бакалавр ва магистратура, Польшадаги Варшава университети, АҚШнинг Индиана-Блумингтон олийгоҳида магистратура босқичида ўқиган.

Дунёнинг етакчи Оҳайо, Манчестер, Варшава, Иллинойс, Сорбонна, Бонн, Пекин университетлари билан илмий ҳамкорлик олиб боради. Гендер тарихи, аёлларнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни, сўфийлик – унинг илмий иш мавзулари ҳисобланади.

Азиза Шоназарова Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда давлат раҳбари томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Top