Иқтисодиёт | 16:39 / 04.10.2025
8520
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда авиаёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Лойиҳа қиймати 5,9 млрд доллар

Тупроққалъа туманида 5,9 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида, биомассадан авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Инвестор – Allied Green Ammoniya (Австралия). Завод учун хомашё – қишлоқ хўжалиги чиқиндилари бўлади. Корхона йилига 400 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғисини ишлаб чиқариши айтилмоқда.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Хива шаҳрида ўтказилган халқаро инвестиция форуми доирасида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Австралиянинг Allied Green Ammoniya компанияси бошқаруви раиси Алфред Бенедикт билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Томонлар Тупроққалъа туманида 5,9 млрд долларлик инвестиция киритиш эвазига “Экологик тоза авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокара ўтказиб, тегишли келишувларни имзолади.

Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 400 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғиси ишлаб чиқарилади, дейилади хабарда.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Бу лойиҳа бўйича дастлабки англашув меморандуми 2025 йил апрел ойида, Бирлашган Араб Амирликларидаги инвестиция форуми доирасида, Allied Green Ammonia ва Ўзбекистон Республикаси Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ўртасида имзоланган.

Унда томонлар қиймати 5,5 млрд долларлик яшил карбамид ва авиация ёқилғиси (SAF) лойиҳасини ўрганишга келишиб олганди.

Ўша келишувга кўра, лойиҳада йилига тахминан 800 минг тонна яшил карбамид, 350 минг тонна барқарор авиация ёқилғиси (SAF) ва 35 минг тонна яшил дизел ишлаб чиқариш қуввати кўзда тутилган эди. Янги тафсилотларга кўра эса, 400 минг тонна авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Таклиф этилаётган лойиҳа учун 4 гигаваттгача қайта тикланадиган энергия манбалари ва кунига 6 минг тонна қишлоқ хўжалиги чиқиндиларига асосланган биомассадан фойдаланилади. Умумий лойиҳа майдони 7 минг гектарни ташкил этади.

Маълумот учун, Allied Green Ammoniya (AGA) — Австралияда жойлашган тоза энергия компанияси бўлиб, дунёдаги энг йирик яшил аммоний ва водород ишлаб чиқариш иншоотларидан бирини яратиш устида ишламоқда. Компания барқарор энергия инфратузилмасини ривожлантириш орқали, “net zero” (нол карбон чиқиндиси)га эришишни ўз миссияси деб эълон қилган.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид