Ўзбекистон | 10:45 / 25.03.2023
12055
4 дақиқада ўқилади

Орол фожиасига конституция даражасида эътибор. Бу нимани ўзгартиради?

Сўнгги 6 йилда БМТ минбарида 3-4 марта тилга олинган Оролбўйи муаммоси янги таҳрирдаги конституцияга ҳам киритилди: 49-моддада давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши белгилаб қўйилмоқда. Хўш бу нимани англатади?

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилиб, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш таклифини илгари сурганди. 2020 йилнинг 23 сентябрь куни давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга яна тўхталиб ўтди.

Президент нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. 2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

2023 йилнинг 24 март куни Саида Мирзиёева БМТ бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференциясида иштирок этиб, Ўзбекистон номидан чиқиш қилди. У ўз чиқишида дунё ҳамжамиятининг эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди.

Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейида осилган рассомларнинг ярқираб, жилваланиб, ҳаёт ва эркинлик бахш этувчи расмларида қолган. У қуриб битгандагина одамлар унинг қадрига етди. Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда. Мамлакатимиз Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда”, — деди Саида Мирзиёева.

Йигирманчи асрнинг энг катта экологик муаммоларидан бири бўлган Орол денгизининг қуриши минтақадаги экологик барқарорликни буткул издан чиқариб юборгани рост. Буни ҳудуддаги ерлар шўрланиши, касалликлар ортиши каби турли муаммоларда ҳам кўриш мумкин. Шу сабабли кейинги йилларда юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этишга киришилди. Ва бу ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, 2018-2021 йиллар мобайнида денгизнинг қуриган тубида 1,7 млн гектар майдонда саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил қопламалар барпо қилинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш ҳамда кўпайтириш, уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш мақсадида 3,6 млн гектардан иборат 5 та янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилди.  

Маълумотларга кўра, 2022 йилда 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилган. Жорий йилда эса 100 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари ҳисобланувчи яшил қопламалар барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилган. Айни пайтда бу ишлар давом эттирилмоқда. 

Албатта, мазкур ҳаракатлар Оролбўйи минтақаси масаласининг ўта жиддийлигини кўрсатади. Шу боис уни конституцияда алоҳида белгилаб қўйиш замон талабига айланди. Чунки ушбу глобал экологик муаммо 50 млн нафарга яқин минтақа аҳолисининг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оролбўйи масаласининг конституция даражасига олиб чиқилгани қорақалпоқ халқини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, минтақанинг ривожланиши учун барча шароитлар яратилишини кафолатлайди. Шунингдек, Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун муносиб яшаш шароитлари яратилишини ва турмуш даражасининг яхшиланишини таъминлайди. Мазкур норма аҳоли ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолишнинг ҳам конституциявий кафолатларини яратади.

Мавзуга оид