Ўзбекистон | 23:16 / 21.04.2020
25837
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаган ходимларга прописка берилади

Бундан буён Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаган мутахассислар мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни имзолаган фармонда шундай белгиланган.

Яъни, Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси тушунтиришича, фуқаро пойтахтда ёки Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилса, мактаб директорининг; поликлиникада ишласа, поликлиника мудирининг маълумотномаси билан пропискага кириши мумкин.

Бунда асосий шарт шуки, фуқаро битта ташкилотда ишлаган даври беш йилдан кам бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида уй-жой сотиб олмаган фуқаролар нотариусга иши тушганда, нотариал хатти-ҳаракатларни амалга ошириш вақтида нотариусларнинг улардан прописка талаб қилиши бекор қилинади.

Шу билан бирга, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда тегишли қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш белгиланган.

Бундан олдин, мазкур фармон билан Тошкентдан уй олиш учун прописка сўралмаслиги, ишдан бўшаган ходимнинг пропискаси «куймаслиги» белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид