Ўзбекистон | 17:16 / 09.10.2019
25189
12 дақиқада ўқилади

«Қовунлар мавсуми» қачон тугайди? Мансабдор ва ОАВ муносабатидаги янги босқич ҳақида

Фото: Getty Images

Сўнгги 2-3 йилда ОАВнинг амалда ўз сўзини айта олаётгани ахборот тарқатувчиларга ҳар хил таъсир кўрсатди. Кимдир берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, жамиятнинг ўткир муаммоларини фош қиляпти. Яна кимдир ўз чўнтагини ўйлаб, шов-шув кўтариш орқали машҳурликка эришиш илинжида.

Шу билан бир вақтда, ўзига хос тенденцияга айланган «қовунлар мавсуми» ҳам давом этяпти. Марказий давлат идоралари раҳбарлари матбуот анжуманларида қатнашишлари одатий ҳолга айланган бир пайтда, бу анжуманларда улар томонидан турли баҳс-мунозара ва кинояларга сабаб бўлаётган фикрлар янграши ҳам янгилик бўлмай қолди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг бозорчи аёллар ҳақидаги гапи, Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевнинг биздаги инфляцияни Венесуэладагиси билан солиштиргани, Фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг ўзбекистонликлар жуда кўп гўшт еяпти деб ҳисоблаши, бунга кетма-кет равишда Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилот амалдорининг биз гўёки «бутун дунёдаги энг ривожланган давлатлардан ҳам кўпроқ электр энергиясини истеъмол қилаётганимиз»ни айтгани ва яна бошқа кўплаб вазиятлар халқнинг мутасаддиларга ишончи тушишига сабаб бўлмоқда.

Бу каби ҳолатларга ОАВ билан муносабат ўрнатиш ўзбек мансабдори учун ҳозирча янгилик экани, уларда жамоатчилик диққат-марказидаги шахс бўлиш тажрибаси камлиги сабабми? Ёки журналистлар сенсацияга берилишмоқдами? Бундай вазиятларда ташкилотларнинг матбуот хизматлари қандай ўрин тутиши керак? Қатор мутахассисларга шу каби саволлар билан юзландик.

«Сенсацион материаллар «кўча матбуоти» намунасига айланиб қолди»

Севара Ўринбоева (журналист):

– Журналистика одамларга кўзгу вазифасини бажариши керак. Бу кўзгуда барча тасвирлар қандай бўлса, шундай акс этиши зарур. Афсуски, бугун айрим журналистлар одамларга мана шу кўзгуни тутишда сенсациянинг ортидан қувиб, холисликдан узоқлашиб, замонавий тилда айтганда «фотошоп» ҳолатларни кўрсатишга уриняпти.

Тўғри, демократия, сўз эркинлиги таъминланган юртда ҳар ким фикрлаш эркинлигига эга. Аммо «Оғзига келганни демак, нодоннинг иши» деганларидек, кўпчилик ОАВ вакиллари, агар уларни ОАВ вакили дейиш мумкин бўлса, шу нодонларнинг ишини қилишяпти.

Фикримни мисолларда ифодаласам янада тушунарли бўлади. Масалан, касбим тақозоси билан кўплаб тадбирларда бўламан. Маърузачиларни тинглайман. Орадан бир оз вақт ўтгач мана шу тадбир тафсилотлари интернет нашрларда ёритила бошлайди. Ачинарлиси, маъруза бутунлай бошқа, контекстдан юлиб олинган интервью бошқа маънода қўлланганига гувоҳ бўламан. Бу холислик эмас, бу – нотўғри хабар тарқатиш, ахборотни нотўғри талқин қилишдир (бу борада қонунчиликда жавобгарлик бор).

Айрим вақтларда маърузачининг эмоционал ҳолатидан фойдаланиш ҳам учраяпти. Тўғри, маърузачилар етти ўлчаб бир кесиши керак. Уларнинг хато гапиришга ҳаққи йўқ. Буни инкор этмайман. Аммо баъзан кутилмаган саволлар берилганда маърузачи эмоционал ҳолатда ўз фикрини тўғри ифодалай олмаслиги мумкин. Бундан кўплаб ҳамкасбларимиз фойдаланишга уринишяпти.

Авваллари сариқ матбуот деган тушунча оммалашганди. Ахборотни сенсация кўтариб етказиш айнан шу турга хос эди. Энди ана шу ахборотни ҳам сенсацион, ҳам нохолис етказувчи «кўча матбуоти» пайдо бўлгандек.  Бу эса жамиятни маърифатга эмас, таназзулга етаклайди. Бора-бора одамларда сенсациянинг ортидан қувиш натижасида агрессивлик, ҳайратланмаслик каби ҳолатлар кузатилади. Сенсацияга ошиқиш оқибатида эса одамлар ғийбатчига айланади, холос. Бу билан миллатни тарбиялаб бўлмайди.

Журналистларнинг касб одоби кодекси қабул қилинди. Менимча, мана шундай ахборотларни етказаётганлар шу кодекс борлигини билмаса ҳам керак. Агар уни ўқиб кўрганларида, балки журналистнинг ахборот етказишдаги масъулияти, шахс дахлсизлиги, холислик принципи нима эканлигини яхши билган бўларди.

Энди матбуот хизматларининг ахборотни ўз вақтида бермаслиги ҳақида гапирсам. Матбуот хизматлари жонланган. Улар ишламаяпти, деб айта олмаймиз. Журналистлар ахборот олишда қийналмасликлари учун, аввало, шу ташкилотда ходимлар ўртасидаги ахборот алмашинуви яхши йўлга қўйилган бўлиши керак. Бу биринчи навбатда, ташкилот раҳбарига ҳам боғлиқ.

Лекин яна бир масала бор. Айрим вақтларда ўрганилиши талаб қилинадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Шу сабабли ҳам ахборот хизматидан материал кечроқ тақдим этилиши мумкин. Бу эса ахборотнинг холис ва тўғри бўлишига хизмат қилади, холос.

Яна бир сабаб эса ташкилотда ахборот хизматининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ички эркинликнинг йўқлигидир. Агар халққа шу ташкилот ҳақида ахборотлар тақдим этилмаса, уларда мазкур идорага нисбатан саволлар кўпаяди. Шу сабабли ҳар бир ташкилот иш фаолияти хусусида хабардор қилиб бориши шарт.

«Расмий сукунатнинг узоқлиги – давлат идоралари ахборот хизматларининг асосий камчилиги»

Наргис Қосимова (филология фанлари номзоди, доцент, медиатренер):

– 2019 йил 27 июнь куни президентнинг «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Асосий мақсад – давлат ва нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларни фаоллаштириш, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, ташкилотлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш эди.

Давлат органлари ахборот хизматларининг асосий камчилиги – мавжуд ахборот хуружларига тезда ва вақтида жавоб қайтармаслиги, «расмий сукунат»ни сақлашидир. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, Хотин-қизлар қўмитасининг бозордаги аёлларнинг маънавиятини ошириш борасида расмий баёнотига қарши фикрларга дарҳол жавоб берилмаганлиги ёки Самарқандда «қизамиқ эпидемияси» тарқалганлиги борасидаги ижтимоий тармоқлардаги миш-мишлар айнан мутасадди вазирликнинг «расмий сукунати» сабаб анчагина кенг тарқалганлигини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Юқоридаги қарор бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, ахборот хизмати ходимларининг малакасини ошириш, фаолиятини сифат босқичга кўтаришни тақозо қилди.

Ахборот хизматларининг асосий вазифаси ташкилотнинг имижини шакллантиришдан иборат. Ахборот хизмати ташкилот фаолияти тўғрисида янгиликлар, лавҳалар ва бошқа материаллар тайёрлайди, ОАВ ва жамоатчилик била ҳамкорлик қилади. Ишончим комилки, бугунги кунда барча мавжуд ахборот хизматлари мазкур фаолиятни тўлақонли амалга оширишади. Аммо уни қай даражада сифатли ёки сифатсиз амалга ошириш ахборот хизмати ходимларининг билими, креативлиги, дунёқараши, ташкилот фаолиятини тушунишига боғлиқ.

«Ташкилот раҳбари чой қуйиб турадиган котибасидан кўра матбуот котиби билан кўпроқ кўришиб туриши керак»

Азиза Қурбонова (журналист):

– Кўпинча муаммолар мутасаддиларнинг наинки ОАВ, балки ўз матбуот хизмати билан ҳам ишлашга тоқати йўқлигидан келиб чиқади. Мутасаддилар ҳафталар, ойлар давомида ўз матбуот хизмати раҳбари/котибини ёнларига йўлатмайдилар, унга ишонмайдилар. Ташкилот раҳбари чой қуйиб берадиган котибадан ҳам кўра кўпроқ матбуот котиби билан юзма-юз кўришиб турса, ўзига фойда. Агар шунга муносиб матбуот хизмати раҳбари/котиби бўлса, албатта.

Оқ уйда матбуот хизматида ишлаган Маргерит Х. Салливаннинг «Матбуот хизмати: ичкаридан назар» қўлланмасида шундай ёзилган:

Нохуш янгиликлар бўлганда нима қилиш керак:

- Ёлғон гапирманг.
- Яширмасликка ҳаракат қилинг. Ёлғон гапирсангиз ёки яширсангиз, ишончни йўқотасиз.
- Репортёрларнинг қўнғироқларига жавоб беришдан ўзингизни олиб қочманг.
- Муаммолар борлигини тасдиқланг.
- Масала қандай ҳал этилаётганини тушунтиринг.

Ҳеч қандай янгилиги йўқ, ҳамма вазиятда бирдек ишлатса бўладиган оддий инструкция бу.

«Қовун тушиши»га сабаб бўлган омиллардан бири – давлат хизматининг ислоҳ қилинмаганлигидир»

Азиза Умарова (SmartGov консалтинг компанияси ижрочи директори):

– «Қовун тушиши» ҳолатларига сабаб бўлаётган омиллардан бири – давлат хизматининг ислоҳ қилинмаганлигидир. Давлат хизматчилари ҳукумат лавозимларига танлов асосида қабул қилинмаган. Бу, ўз навбатида, кадрлар сифати тушишига сабаб бўлди.

«Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилингани юқоридаги ҳолатларнинг олдини олишига умид қиламиз.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: мансабдор шахслар ва ҳукумат ташкилотлари ОАВ билан ишлашда ҳам маълум тажрибага эга бўлишлари талаб этилади. Бунда матбуот хизматлари фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда улар информацион майдонда содир бўлаётган хабарларга нисбатан тезкорлик билан муносабат билдиришга ҳаракат қилишмоқда. Ўйлайманки, бу катта ижобий қадамдир.

Ушбу хизматларнинг ишини янада жадаллаштиришда маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади. Маълумотлар уч хил: махфий, хизмат юзасидан фойдаланиладиган ва очиқ маълумот. Иккинчи тоифадаги маълумотлар иложи борича очиқланиши лозим. Шунда ахборот хизмати ходими ОАВга ахборот тақдим этишдан чўчимайди.

Ахборот хизматлари ходимлари нафақат ижтимоий тармоқдаги негатив материалларга муносабат билдиришлари, балки ўзлари фаолият юритаётган ташкилотга оид маълумотлар билан фаол ишлашлари зарур. Бу маълум соҳага оид турли маълумотлар очиқланишини англатади, яъни бунда ахборот турли ҳудудлар ва йиллар кесимида қиёсан тақдим этилиши зарур.  

Хулоса

Юқорида савол берилди: нега «қовунлар мавсуми» тугамаяпти, деб. Бизнингча, бунга бир нечта жавоблар мавжуд. Биринчидан, амалдор ва мутасаддилар журналистлар билан ишлаш кўникмасига эга эмас. Жамоатчилик олдида чиқиш қилганда ҳар бир гапни масъулият билан айтиш даражаси жуда паст. Бу ҳолатнинг асосий сабаби – илгарилари ташкилотдан фақат битта сўзамол ходимлардан бири ОАВда кўриниш бергани, қолганлар панада сақлангани оқибати.

Иккинчидан, матбуот хизматлари ташкилот ва ОАВ ўртасида кўприк бўлолмаяпти. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилаётган тадбирларга эътибор берилса, матбуот хизмати ходимлари кўп ҳолларда иштирок этмайди. Агар мутасадди ахборотни журналистларга тўғри етказиб беролмаса, матбуот котиби унинг хатосини зийраклик билан тўғрилаб кетиши керак. Бу билан яна битта қовун тушишининг олди олиниши мумкин.

Учинчидан, афсуски, кўплаб давлат ташкилотлари ходимлари ҳалиям эскича қолипларни ёриб ўтолмаяпти. Берилган саволлардан айланиб ўтиб, нотўғри ва ҳақиқатга мос бўлмаган ахборотларни бериш ҳолатлари учраяпти. Унутманг, амалдорлар, бугун одамларнинг фикрлаши анча ўзгарди. Аввалги «эртак»лар энди ўтмайди.

Хўш, нима қилиш керак? Энг аввало, бу вазиятни нормал, деб қабул қилавериш лозим (жуда хотиржамликка ҳам берилманг!). Чунки эркин матбуотга ўтиш даврида халқ ва ҳукумат ўртасида кўприк шаклланишига бироз вақт кетади. Бунда йўқотишлар, тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Журналистлар давлат идоралари раҳбарлари билан, раҳбарлар эса журналистлар билан қандай ишлаш кераклигини, бир-бирининг кимлигини англай олсагина, «қовунлар мавсуми» ёпилади. Бўлмаса, ҳар кунги спектакль давом этаверади.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид