Жамият | 12:42 / 14.08.2020
23454
2 дақиқада ўқилади

Мактаблар қачон очилиши махсус комиссия қарори билан аниқ бўлади – ХТВ ижтимоий тармоқлардаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда мактабларнинг қачон очилиши маълум бўлгани ҳақида турли хабарлар тарқатилмоқда. Халқ таълими вазирлиги мазкур хабарлар асоссиз эканини, якуний хулоса махсус комиссия томонидан чиқарилиши яна бир бор маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларнинг бирида «1-4 ва 11-синфлар 2 сентябрдан, 3-7 ва 9-синфлар 20 октябрдан, 5-8 ва 10-синфлар 5 ноябрдан мактабга бориши» ҳақида айтилган бўлса, яна бирида «10 сентябргача мактаблар очилишига кўрсатма берилгани» ҳақида айтилади.

Kun.uz мухбири ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова билан боғланди.

«Мактаблар қачон очилиши ҳақида якуний қарор махсус комиссия томонидан чиқарилади. Комиссия қарори яқин орада чиқиши керак. Вазирлик ҳам мактаблар қачон очилишидан хабардор эмас. Лекин ўқув йилини бошлаш бўйича ҳозир 3та сценарий устида иш олиб борилмоқда», деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилини қандай бошлаш борасида 3та сценарий асосида иш олиб борилаётганини, лекин якуний хулоса, яъни ўқув йилининг қайси шаклда бошланиши фақат республика махсус комиссияси қарори билан аниқ бўлишини маълум қилган эди.

Вазирлик томонидан эълон қилинган 1-сценарийга кўра, пандемия ҳолати барқарорлашиб, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди. Бу вазирлик ва ўқувчилар учун энг мақбул вариант бўлиб турибди. Халқаро тажриба мактаб ёшидаги болаларга касаллик кам ҳолатда юқишини, улардан катталарга юқиш хавфи ҳам камлигини кўрсатмоқда;

2-сценарий: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда болаларда вирус кечиши бўйича хулосаси ижобий бўлмаган тақдирда таълим онлайн тартибда давом эттирилишига тўғри келиши мумкин;

3-сценарий: Гибрид сценарий бўлиб, мактаблар очилади. Мактаблар ҳам синф тизимига ўтказилади. Фақат маълум бир ҳудуд, мактаб ҳолатидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг онлайн дарсларда ёки мактабдаги дарсларда билим олиши давом эттирилади.

Мавзуга оид