Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истеъмолимиздаги электр энергиясининг 85 фоизи Иссиқлик электр станцияларида ҳосил қилинади – соҳа раҳбари билан суҳбат
Иссиқлик электр станциялари ўзи нима, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни қанақа? Бугунги кунда соҳада қандай янгиликлар амалга оширилмоқда? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун - «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Бошқаруви раиси Фарҳод Маъмурович Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик.
– Иссиқлик электростанциялари ҳақида умумий маълумот берсангиз. Уларнинг сони нечта, асосан қайси ҳудудларда жойлашган?
– Савол жуда оддий туюлади, лекин аслида жуда муҳим масалани қамраб олади. Кўпчилик фуқароларимиз, жумладан, шунақа ҳолатлар бўлган, ҳаттоки жамоатчиликнинг энг фаол аъзолари ҳам иссиқлик электр станцияси деганда иссиқлик энергиясини, яъни иссиқ сувни етказиб берувчи корхонани тушунадилар. Аслида, Иссиқлик электр станциялари – бу иқтисодиётимиз ва кундалик ҳаётимиз асоси, чунки истеъмолимизда бўлган электр энергиясининг асосий қисми айнан шу станция ва марказларда ҳосил қилинади. "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятининг асосий вазифаси эса, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш, юртимизнинг энергетик хавфсизлигига эришиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимизда юритилаётган энергетика сиёсатини амалга оширишдан иборат. Бугун юртимизда шу мақсадларда 8 та иссиқлик электр станциялари (Тошкент, Ангрен, Янги-Ангрен, Тўрақўрғон, Сирдарё, Навоий, Толимаржон ва Тахиатош) ҳамда 3та иссиқлик электр марказлари (Тошкент, Фарғона ва Муборак) фаолият юритмоқда.

– Қайси ИЭС энг кўп электр энергиясини беради? ИЭСларнинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши қандай?
– Айни пайтда станция ва марказларимизнинг юртимизда жами истеъмолдаги электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги улуши 85 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Мамлакатимиз аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлашда 10 000 нафардан зиёд ишчи-хизматчиларнинг заҳматли меҳнати ётади. Миллий энерготизимнинг «отахон»ларидан бири бўлишига қарамай, «Сирдарё ИЭС» АЖ айни пайтда энг кўп электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири. Бугун бу ерда инвестиция дастури доирасида модернизация ишларининг якуний учинчи босқичи амалга оширилмоқда. Шу билан бирга энг замонавий, энерготежамкор ва энергосамарадор технологиялар жорий этилган Толимаржон, Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари бугун соҳанинг локомотив корхоналари ҳисобланади.

Иқтибос: 2017 йил таҳлилларига кўра, ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган. Лекин, ўтган 4 йил ичида мамлакатимизда энг янги, энергия самарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.
– Ҳозир инвестициялар ва модернизация ҳақида гапириб ўтдингиз. Бугунги кунда энг жиддий масала бўлган айнан модернизация ва камхаржликни таъминлаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Тўғри таъкидладингиз, станцияларимиздаги аксарият энергоблоклар ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган. Бугунга келиб ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирган. Натижада эски ускуналарда ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғи сарфи, яъни йўқотишлар кўп. 2017 йил таҳлилларига кўра ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган.
Лекин, ўтган 4 йил ичида мамлакатимизда энг янги, энергия самарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.
Фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги энергосамарадор қувватларни ишга тушириш Акциядорлик жамиятимиз олдида турган устувор вазифалар ҳисобланади.

Президентимизнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан бугун биз соҳада ижобий ўзгаришларни кузатяпмиз. Биргина мисол, 2016 йилгача янги жорий этилган замонавий ускуналарнинг умумий қуввати 505 Мвт(жами ишлаб чиқариш қувватларининг 5,45 фоиз)ни ташкил этган бўлса, 2016-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида қўшимча 3 504 МВт янги қувватлар ишга туширилиб, энерготежамкор, энг замонавий-энергосамарадор ускуналарнинг умумий қуввати 4 009 Мвтга етди ва иссиқлик электр станциялари умумий қувватининг қарийб 30 фоизини ташкил қилмоқда.
Бу нима дегани, янги қурилмалар ёқилғини икки баробар кам сарфлайди, натижада маҳсулот таннархи пасайишига эришилади.
Давлат раҳбарининг электр энергияси таннархи барқарорлигини сақлаш, маҳсулот учун тўловларни ортиқча оширмаслик бўйича белгилаб берган устувор вазифалари ижросини таъминлашда айнан янги жорий этилаётган қувватларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Ишлаб чиқариш харажатларининг камайиши, ўз ўрнида маҳсулотни етказиб беришнинг якуний таннархига таъсир этади. Шу билан янги технологиялар қувватларни барқарор ишлаб чиқаришни таъминлайди, аварияли ўчишлар олди олинади.
Шу мақсадларни кўзлаб, ўтган беш йил мобайнида Толимаржон, Ангрен, Тошкент, Навоий, Тахиатош станцияларида янги буғ-газ қурилмалари жорий этилди, Сирдарёда блоклар модернизациясининг иккита босқичи якунланиб, якуний ишлар амалга оширилмоқда. Водий аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон станцияси бунёд этилди, Фарғона иссиқлик электр марказида замонавий газ-турбина ускуналари ишга туширилди.
Иқтибос: Таъмир ва модернизация ишларининг бажарилиши натижасида иссиқлик электр станцияларининг амалдаги қуввати 293 МВтга ошади. Шу билан мавсум давомида ишлаб чиқариш барқарорлиги, ускуналардан самарали фойдаланиш коэффициенти ошади.

– Айни пайтда юклама пасайган, яъни эҳтиёж юқори эмас. Мана шундай кунларда захира яратиш бўйича нималар қилиняпти?
– Афсуски, электр энергия шундай кам сонли маҳсулотлар қаторида турадики уни жамлаб бўлмайди. Электр энергияси ишлаб чиқарилаётган сонияларнинг ўзида истеъмол қилинади.
Тўғри таъкидладингиз, айни пайтда юкламалар пасайган. Бу давр биз учун ёз мавсумига, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш вақти. Бугунги кунга келиб, куз-қиш мавсумида бўлгани каби, аҳолининг ёзда ҳам электр энергияга бўлган талаби юқори бўляпти, зеро ёз мавсуми давомида хонадонлар ва корхона-ташкилотларда маиший техника воситалари, жумладан, совитиш тизимларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.
Ускуналарнинг беталафот ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлигига эришиш йўлида муҳандислар, ишчи-хизматчилар таъмирлаш ва созлаш ишларини олиб боришмоқда.
Бу борада, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини жорий ёз мавсуми ва 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳукуматнинг тегишли қарорлари қабул қилинган.
Станция ва марказларимизда 2021 йилда капитал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун таъмирлаш фондининг прогноз суммаси 1,1 трлн. сўмни ташкил этиши режалаштирилган бўлиб, шундан 899,6 млрд. сўми ускуналар ва эҳтиёт қисмлар учун, 206,4 млрд. сўм эса меҳнат харажатлари учун тақсимланиши кўзда тутилмоқда.
Таъмир ва модернизация ишларининг бажарилиши натижасида иссиқлик электр станцияларининг амалдаги қуввати 293 МВтга ошади. Шу билан мавсум давомида ишлаб чиқариш барқарорлиги, ускуналардан самарали фойдаланиш коэффициенти ошади.
Ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2021 йил якунига қадар режа бўйича 424,8 млрд. сўмлик 643,6 миллион кубометр табиий газ ва 38,1 миллиард сўмлик 137,7 млн. кВт соат электр энергиясини тежаш кутилмоқда.
Иқтибос: Ишлаб чиқариш харажатлари жуда катта. Бир суткада корхоналаримиз томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш учун тахминан 45-50 млн. кубометр табиий газ (шунинг ўзи 30-33 млрд сўм), кўмир ва бошқа ёқилғи турлари сарфланади.

– Таъмирлаш ишлари, умуман станция ва марказлар фаолиятини молиялаштириш қайси маблағлар ҳисобидан амалга оширилади?
– Барча корхоналаримиз юридик мақомига кўра акциядорлик жамиятлари ҳисобланади ва ўз фаолиятини ўзи молиялаштиради. Яъни амалга оширадиган фаолияти доирасида электр энергиясини ишлаб чиқаради ва уни сотишдан келиб тушган маблағдан ишчиларга маош тўлайди, ускуналар эксплуатацияси ва ишлаб чиқариш харажатларини қоплайди.
Ишлаб чиқариш харажатлари жуда катта. Бир суткада корхоналаримиз электр энергияси ишлаб чиқариши учун тахминан 45-50 млн. кубометр табиий газ (шунинг ўзи 30-33 млрд сўм), кўмир ва бошқа ёқилғи турлари сарфланади, ўн минглаб ходимлар корхоналарда хизмат кўрсатишади.
Шу борада истеъмол қилинаётган электр энергияси учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши жуда муҳим. Истеъмол учун ўз вақтида тўланган ҳақ – бу ускуналарни ўз вақтида таъмирлаш, янги замонавий қувватларни ишга тушириш ҳамда ўн мингдан ортиқ фуқароларнинг ўз вақтида ойлик маошини олишини англатади. Бундан келиб чиқиб, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлиги таъминланади.
– Бугун трансформация ёки рақамли трансформация иборалари тез-тез қўлланилмоқда, бу борада ишлар қандай йўлга қўйилган?
– Трансформация жараёнидан кўзланган мақсад – бу корхоналаримиз фаолиятини жаҳонда тан олинган корпоратив бошқарув механизмлари асосида ташкил этиш, ортиқча сарф-харажатлардан воз кечиб, соҳага очиқ бозор муносабатлари тамойилларини жорий этиш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва фаолиятимиз шаффофлигини таъминлашдан иборат.
Бу нима учун керак. Аввало, хабарингиз бор, мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш бозорига давлат ва хусусий шерикчилик асосида жаҳонда етакчи компаниялар кириб келмоқда. Бунда биз улар билан рақобатбардош бўлишимиз даркор. Иккинчиси, соҳа ўтган кўп йиллар давомида ёпиқ тизим бўлиб, бу мавжуд имкониятларни кенгайтириш, корхоналаримизни ривожлантиришга, халқаро тажриба алмашинишга тўсиқ бўлиб келган. Трансформация воситасида соҳани ривожлантириш, очиқ-ошкора фаолият юритиш, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш эвазига халқаро рейтингларни қўлга киритиш имконияти пайдо бўлади.
Бу йўналишда халқаро консалтинг компаниялари билан ишлаяпмиз, ҳамкорларимиз тақдим этаётган таҳлиллар фаолиятимизни танқидий кўз билан кўриб, ишимизни янги босқичга кўтаришга ёрдам бериши шубҳасиз.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро станлартлари (МҲХС) жорий этилиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 50 нафарга яқин бухгалтерларимизга халқаро тан олинган рейтингларни қўлга киритишлари учун ўқув курслари ташкил қилинган.
Халқаро аудит корхоналарининг тегишли баҳоларини олиш бўйича жаҳонда тан олинган «катта тўртлик» аудиторлик компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Соҳа олдида турган муҳим вазифалардан яна бири бошқарув, маълумотлар алмашинув ва ишлаб чиқариш жараёнини рақамлаштириш, тизимга жаҳонда етакчи ҳисобланган IT-технологияларини жорий этиш ҳисобланади.
«Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси ва рақамли трансформация дастурини самарали ташкил этиш бўйича биз бир қатор халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар, жумладан, «Икс холдинг», «Mars Solutions», «САП СНГ» ва «SAPRUN» компаниялари билан иш олиб бораяпмиз.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:36 / 27.04.2024
Иссиқлик электр станцияларидаги давлат улуши сотилади
22:30 / 27.10.2023
Куз-қиш мавсумида ИЭС томонидан 27,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган
10:37 / 21.02.2023
“Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг 2022 йил натижалари эълон қилинди
19:00 / 19.01.2023