Жаҳон | 16:45 / 10.02.2026
3685
3 дақиқада ўқилади

Россияда Telegram ишлашини «секинлаштириш» бошланди

Фойдаланувчилар сўнгги икки кун давомида ушбу мессенжерга кириш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилмоқда.

Nikolas Kokovlis / NurPhoto / Getty Images

Ҳукумат Россияда Telegram мессенжерини «секинлаштириш» бўйича ишларни бошлашга қарор қилди, деб хабар бермоқда РБК нашри соҳа ва тегишли идоралардаги манбаларга таяниб.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, «Роскомнадзор» (Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизмат) 10 феврал куни мессенжер фаолиятини қисман чеклашни режалаштирган. Манбалардан бири аллақачон «секинлаштириш чоралари» қўлланаётганини айтган.

«Роскомнадзор» бу борада ҳозирча расмий изоҳ бермади.

Россиядаги фойдаланувчилар иккинчи кундирки Telegram фаолиятидаги узилишлардан шикоят қилмоқда.

Давлат думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раҳбари ўринбосари Александр Юшченконинг айтишича, Telegram’ни секинлаштириш масаласи парламентда муҳокама қилинмаган. Депутат «Роскомнадзор» қонунчилик базаси бўйича мессенжерга эътирозлари бўлса, блоклашга ҳақли эканини қўшимча қилди.

Россияда 2018 йил апрел ойида мессенжер Россия Федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчилар хабарларини дешифрлаш калитларини топширишдан бош тортгани сабабли Telegram’га киришга чекловлар жорий этилган эди. 2020 йил июн ойида «Роскомнадзор» Telegram асосчиси Павел Дуров «терроризм ва экстремизмга қарши курашиш»га тайёрлигини эълон қилганини айтиб, блоклаш талабларидан воз кечган.

2025 йил августида «Роскомнадзор» Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқларни чеклаганди. Идора бу мессенжерлар «терактлар уюштириш ҳамда террорчиларни ёллаш, шунингдек, россияликларга қарши фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларни амалга ошириш учун фойдаланилаётгани»ни иддао қилганди.

2025 йил декабр ойи охирида ОАВ WhatsApp’нинг ишлаш тезлиги Россияда 70-80 фоизга пасайгани ҳақида ёзди. Ўшанда «Роскомнадзор» мессенжерга нисбатан «чеклов чораларини изчил жорий этишда давом этаётгани»ни маълум қилганди. Январ ойида идора Telegram’га қарши чекловлар қўйишни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, аммо ўшанда бу маълумот расман рад этилганди. Давлат думасидагилар Telegram мессенжери РФ ҳукумати билан етарли даражада ҳамкорлик қилмагани сабабли секинлаштирилаётганини айтишганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид