Мбаппе тўхтовсиз гол урмоқда, «Барса» 5 та гол билан бошлади. ЕЧЛда кун ўйинлари
Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи бошланди. Сешанба оқшомидаги ўйинларда урилган голлар ва гуруҳ жадвалларидаги вазият.
F гуруҳи
Мбаппенинг беш ўйиндаги саккизинчи голи ва «Нюкасл»нинг Миландаги бардоши
«ПСЖ» — «Боруссия» Д 2:0
Голлар: Мбаппе (49, пеналти), Ҳакими (58).
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр, Эрнандес, Данилу Перейра, Угарте, Витиня (Ли Кан Ин, 80), Заир-Эмери, Дембеле, Мбаппе, Коло-Муани (Гонсалу Рамуш, 80).
Боруссия Д – Кобел, Ҳуммелс, Зюле, Шлоттербек, Рюэрсон, Волф (Бенсебайни, 78), Забитцер (Нмеча, 14), Жан (Байно-Гиттенс, 76), Брандт (Ройс, 62), Мален (Фюллкруг, 62), Адейеми.
Огоҳлантиришлар: Шлоттербек (66), Жан (67).
Чемпионлар лигасининг биринчи кунида чинакамига топ-тўқнашувлар йўқ эди, лекин нисбатан номдор жамоаларнинг ўзаро учрашувлари топиларди. Париждаги «Парк де Пренс» стадионида «ПСЖ» Дортмунднинг «Боруссия» клубини қабул қилди. Бир неча йил олдин бу жуфтлик катта резонанс келтириб чиқарган бўларди, аммо сўнгги бир неча трансферлар ойнаси ичида Парижни Месси ва Неймар тарк этди, Дортмунддан эса Ҳоланд, Санчо ва Беллингҳем каби жамоалар юқори чўққиларни забт этиш учун йўл олди. Шунга қарамай, ҳақиқий футбол ихлосмандлари учун бу ўйинда интрига бор эди.
Немисларда таркиб бўйича муаммолар юзага келган: Беллингҳем ҳам бошқа чемпионатга ўтиб кетганидан кейин жамоада ёрқин номлар деярли қолмади (фақат Адейеми ва Маленнинг ўйини қизиқиш уйғотиши мумкин), қолаверса, «Боруссия» янги мавсумни ҳам жуда кучсиз бошлади — «Боҳум» ва «Ҳайденҳайм» каби аутсайдерлар билан дуранглар, «Кёлн» билан ўйиндаги базўр қозонилган ғалаба жамоа учун ишончни барбод қилди. «Асаларилар» тўртинчи турга келиб «Фрайбург»дан уч очко олгани (4:2) жамоага ишончни қайтарган бўлиши мумкин, аммо бу ўйинда Эдин Терзич жамоаси рақиб сафидаги футболчи қизил карточка олганидан кейин устунликни қўлга олганди.
Бундай шароитда «ПСЖ» — яққол фаворит бўлиб кўринарди. Аммо Луис Энрикеда ҳам янги кампания стартида муаммолар юзага келди: Асенсио ва Кимпембе жароҳат олди, Мендеш ва Мукиеле ҳали тиклана олмади, Усмон Дембеле кутилганидек ўйин кўрсатмаяпти (тўрт ўйинда бирорта гол ёки голли пас муаллифи бўлмади). Натижалар ҳам катта таассурот қолдира олмайди — «Лорян» ва «Тулуза» билан ўйинларда дуранглар, «Лион» ва «Ланс» билан ўйинларда ғалаба ва кутилмаганда «Ницца»дан учралган мағлубият. Ҳозирча барча умид Мбаппедан, у барча учрашувларда юқори даражадаги формасини намойиш этиб, стартдаги тўрт ўйинида етти гол уришга улгурганди (биринчи турда туширилмаган).
Жамоаларнинг бошланғич таркибига қараб ҳам ўйин қандай йўналишда кетиши тушунарли эди. Терзич уч марказий ҳимоячи - Зюле-Ҳуммелс-Шлоттербек - билан ҳимояни зичлаштирди, майдон марказида ҳам Забитцер-Жан-Брандт учлиги (биринчиси тезда жароҳат олиб, ўрнини Нмечага бўшатиб берди) ҳаракатланди, олдинги чизиқда эса Адейеми-Мален жуфтлиги туширилди. Илк дақиқаларданоқ «Боруссия» ўз жарима майдони ҳудудида ҳимояланишга ўтди, биринчи бўлимда вақти-вақти билан қарши ҳужумларга ўтиб турилган бўлса-да, кейин буткул ҳимояга ётишди ва ташаббусни тўлиқ мезбонларга топширишди. Меҳмонлар майдоннинг иккинчи қисмида ҳам босим уюштиришга ҳаракат қилган бўлса-да, асосий эътибор французларга қанотларда бўш ҳудудлар қолдирмаслик ва уларни фақат узун узатмаларга таянишга мажбур қилишга қаратилди, бу ҳолатда баланд бўйли ҳимоячилар узатмаларни осонлик билан қайтаришига ишонч билдирилганди.
Луис Энрике ўйинни ўзи учун классик, тўпга эгалик қилишда энг яхши танлов бўлган 4-3-3 схемасида бошлади, аммо бунда айрим қизиқарли деталлар киритилганди. Масалан, ҳужум триоси жуда қизиқарли ишлади — Дембеле мунтазам равишда қанотларни алмаштириб ўйнади (ҳолбуки у ўнг қанотда ўйнашга ихтисослашган), Мбаппе мунтазам равишда марказга кўчди ва Коло-Муани билан жуфтлик ҳосил қилди, бу вақтда эса чап қанотда унинг ўрнини марказий яримҳимоячи Витиня эгаллаб турди. Парижликлар кескин вазиятларни асосан ўнг қанотда яратишди, Дембеле, Заир-Эмери ва Ҳакими биртепар усулда комбинациялар уюштириб, зич ҳимоядан ўтишга ҳаракат қилишди. Бу иш берди — Витиняда ҳисобни очиш учун ажойиб имконият пайдо бўлди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб майдондан чиқиб кетди.
«ПСЖ»нинг янги бош мураббийи ҳали комбинацион ўйинни идеал даражага олиб чиқмагани «Боруссия»нинг фойдасига ишлади. Мбаппенинг ҳаракатлари кескин чиққан бўлса ҳам, Килиан жамоа ўйинидан узилиб қолгандек туюларди. Биринчи бўлимда зарбалар бўйича 11:3, тўпга эгалик қилиш бўйича 72:28 нисбати қайд этилган бўлса-да, бу дортмундликлар парижлик юлдузлар ҳужумига дош берганини эмас, кўпроқ мезбонларнинг ўйини яхши чиқмагани туфайли бўлди.
Аммо иккинчи бўлимда «ПСЖ» барибир мақсадга эришди. Танаффусгача ҳам тўп бир марта жарима майдони ичида Зюленинг қўлига текканди, аммо арбитр Хесус Ҳил Мансано нуқтани кўрсатмаганди. 47-дақиқада эса ушбу ҳимоячи яна бир бор ўз дарвозаси яқинида тўпни қўл билан ўйнади ва бу сафар VAR ҳакамлари ишорасидан кейин испаниялик ҳакам 11-метрли жарима зарбасини белгилади. Мбаппе тўпга яқинлашди ва Кобелга имконият қолдирмади.
Ўтказиб юборилган голдан кейин «Боруссия» нисбатан фаоллашди, аммо пеналтидан 10 дақиқа ўтиб иккинчи гол ўтказиб юборилди. Ҳакими Витиня билан девор услубида ўйнаб, қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва бир ҳаракат билан тажрибали Ҳуммелсни газонга ётқизиб, бутсасининг ташқи қисми билан қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Шундан кейин Дортмунд жамоасида ўйинни қутқариш учун деярли ҳеч қандай имкон қолмади. Терзич тажрибали ҳужумчи Фюлкруг ва ёш англиялик Байно-Гиттенсни майдонга ташлади. Аммо бу ўйин картинасига жиддий таъсир кўрсатмади, фақат англиялик футболчи 79-дақиқада жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан устунни титратди.
Ўз навбатида, «ПСЖ» куч тежаб ўйнаган ҳолда ўзига керакли натижани сақлаб қолди (лекин Мбаппеда ўйин охирида дубл қайд этиш имконига эга бўлди). 2:0 ва гуруҳ етакчилиги — Луис Энрикедан 1-турдан кейин кутилган натижа. «Боруссия» эса кейинги ўйинларда фақат кўпчилик бўлиб ҳимояланиши эмас, ҳужумда ҳам ностандарт ҳаракатлар амалга ошириши керак.
«Милан» — «Нюкасл» 0:0
Милан – Менян (Спортиелло, 81), Калабрия (Флоренци, 46), Томори, Тиав, Эрнандес, Крунич, Лофтус-Чик (Муса, 72), Побега (Рейндерс, 61), Леау, Чуквуэзе (Пулишич, 61), Жиру.
Нюкасл – Поуп, Триппиер, Шер, Ботман, Берн, Гимараэс, Лонгстафф, Тонали (Андерсон, 72), Мёрфи (Уилсон, 63), Гордон (Алмирон, 63), Исак.
Огоҳлантиришлар: Калабрия (40), Шер (49), Муса (82), Жиру (83), Крунич (89).
Бир қарашда, «Милан» — «Нюкасл» вивескаси Чемпионлар лигасига хос кўринмайди. Италияликларнинг бу турнирдаги энг яхши дамлари аср бошида қолиб кетган (ўтган мавсумда яримфиналгача етиб борганига қарамай), англияликлар эса асосий еврокубокда 20 йил ичида илк бор қатнашмоқда. Лекин бу юзаки кўриниш — бу учрашувда интрига етарлича эди.
Биринчидан, «Нюкасл» ЕЧЛда тасодифий меҳмон эмас. «Қарғалар» жиддий лойиҳа қуришмоқда, жамоа ўз ҳаракатлари билан дунёнинг энг кучли лигасида кучли тўртликка кира олди — ва бу жамоанинг катта турнирдаги иштирокини кузатиш қизиқарли эди.
Иккинчидан, «Милан» янги даврни бошлаган. Жамоани Чемпионлар лигаси фаворити деб ҳисоблаш қийин («Бавария» ёки «Реал» каби), аммо аутсайдер деб аташ ҳам қийин. Россонерилар ҳурмат қозониш учун курашмоқда ва уларнинг турнирдаги қаторасига учинчи иштироки — катта воқеа.
Шу билан бирга, «Милан»ни ҳозирда яхши формада дейиш қийин. Жамоа ЕЧЛ ўйинидан уч кун олдин «Интер» билан дербида йирик ҳисобда ютқазганди — қўшнилар рақибини 5:1 ҳисобида тор-мор этишди. Пиоли шогирдлари принципиал рақибга бир йил ичида бешинчи бор (ва қаторасига) мағлуб бўлишди.
Англияликларда ҳам ишлар бир текисда эмас — жамоа янги мавсум стартида қаторасига уч ўйинда ютқазди, тўғри, уларга бу ўйинларда жуда кучли рақиблар тўқнаш келганди. Ҳау шогирдлари АПЛнинг 2-турида «Сити» билан, 3-турда — «Ливерпул» билан учрашганди. Лекин дам олиш кунларида жамоа барибир «Брентфорд» қаршилигини енга олганди (1:0).
Бу ўйиннинг дастлабки 25 дақиқалигида эса «Милан» меҳмонларни кўз очирмади. «Нюкасл»да амалда дарвозабон Ника Поупдан бошқа футболчилар тўп билан муомила қилмади. Меҳмонлар посбони ярим бўлим ичида олти бор сейв амалга оширишига тўғри келди.
37-дақиқага келиб зарбалар бўйича ҳисоб буткул ноодатий кўриниш олди – 15:0. Бу зарбалар майдондаги ўн футболчидан саккиз нафари томонидан йўлланган. Бўлим охирига яқинлашганда мезбонлар шунчалик ўзини эркин ҳис қилишдики, томошабинлар учун ўйнашга тушиб кетишди. Хусусан, Рафаэл Леао товони билан гол уришга ҳаракат қилган бўлса, Жиру — қайчи услубида зарба йўллаб кўрди ва бу воқеалар бир неча дақиқа фарқ билан рўй берди. «Нюкасл» футболчиларига фақат ҳамдардлик билдириш мумкин эди — улар танаффусга зарбалар бўйича 2:17 статистикаси билан йўл олишди.
Иккинчи бўлим анча мўътадил бошланди. Италияликлар бироз чарчаган, англияликлар эса олдинга ташланишга шошилмасди — шунга қарамай, икки томон ҳам ҳужумлар қилиб турди. Аммо энди кўп ҳолларда иш зарбагача етиб бормасди, натижада мураббийлар янги футболчиларни майдонга ташлашни бошлади. Пиоли Рейндерс ва Пулишични, Ҳау — Алмирон ва Уилсонни туширди, футболчи алмаштиришлардан кейин яна «Милан» ўйинни кучайтирди ва зарбалар берила бошланди.
Шу билан бирга, россонериларда муаммолар ҳам пайдо бўлди. Аммо уларни «Нюкасл» яратмади (меҳмонлар устози асосий эътиборни ҳимояланишга қаратганди). Аввалига Лофтус-Чик 72-дақиқада мушакларини шикастлаб олиб, алмаштиришни сўради. Аммо энг ёқимсиз ҳолат 80-дақиқада тўғри келди, асосий дарвозабон Менян ҳам мажбуран алмаштирилди.
Якуний 10 дақиқалик анча хотиржам кечди. «Нюкасл» футболчилари ҳакам ҳуштаги чалинишини кутиб ўйнашди. «Милан» футболчиларида эса куч тугади ва уларнинг барча зарбалари бесамар кетди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар охирида эса «қарғалар» ўйин давомидаги энг хавфли вазиятини яратди, аммо тўп бироз юқоридан ўтиб кетди.
«Милан» бу ўйини билан фахрлана олмайди — зарбалар бўйича 26:6 (дарвоза соҳасига аниқ берилган зарбалар бўйича 8:1) статистикасида бирорта гол ура олмасликдан уялса ҳам бўлади. «Нюкасл» эса, афтидан, натижадан рози — инглизлар «Сан-Сиро»дан бир очко олиб қайтди. Аммо инглизлар «Боруссия» ва «ПСЖ» ҳам бор гуруҳда бундай услуб билан нимага эришмоқчи бўлаётганини тушуниш қийин.
4 октябр. Нюкасл — ПСЖ, Боруссия Д — Милан.
G гуруҳи
Сюрпризларсиз
«Манчестер Сити» — «Црвена Звезда» 3:1
Голлар: Алварес (47, 60), Родри (73) — Букари (45).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Аке, Диаш (Льюис, 83), Гомес (Аканжи, 58), Силва (Доку, 44), Родри (Филлипс, 83), Фоден (Бобб, 83), Нунеш, Ҳоланд, Алварес.
Црвена Звезда – Глазер, Драгович, Родич, Жига, Митрович (Лучич, 78), Иванич (Олайинка, 68), Ҳванг Ин Бом (Кангва, 83), Стаменич, Мияйлович, Букари (Дегенек, 83), Ндиайе (Крассо, 68).
Огоҳлантиришлар: Родри (24), Родич (32), Диаш (56), Стаменич (82).
Амалдаги чемпионлар кубокни ҳимоя қилишни турнир тарихидаги энг парадоксал бўлим билан бошлашди. 22 зарба (Ҳоланднинг зарбаси тўсинга теккани статистикага кирмаган), рақиб жарима майдони ичида тўп билан 41 марта муомила қилиш — ва ҳеч қандай натижа йўқ. Илк дақиқаларданоқ автобус қўйиб ўйнаган «Црвена Звезда» эса биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни очишга эришди. Вазиятга VAR аралашиб, Букарида офсайд қайд этган лайнсменнинг хатосини тузатди.
Бўлим бундай якунланиши «Ман Сити»нинг ғазабини келтирди ва иккинчи бўлим бошланиши билан Ҳоланд Алваресни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Кейин эса аргентиналик футболчи чап қанотдан оширган тўп дарвозабоннинг қўпол хатоси туфайли дарвоза тўрига бориб тушди. Исроиллик дарвозабон Глазер тўпни муштлари билан уриб юбормоқчи бўлганди, аммо тўпга ета олмади. Ўйин давомида жуда кўп зарбаларни (37) бартараф этиш билан машғул бўлган дарвозабон барибир хатога йўл қўйди. Ўйин мантиқий ҳисоб билан якун топди, лекин «Звезда»га интрига учун миннатдорчилик билдириш керак.
«Янг Бойз» — «Лейпциг» 1:3
Голлар: Мешак (33) — Симакан (3), Шлагер (74), Шешко (90+2).
Янг Бойз – Рачоппи, Жанко (Блум, 69), Бенито, Камара, Аменда, Гарсия (Перссон, 77), Лаупер (Малес, 77), Угринич, Нияссе (Нсаме, 85), Элиа, Иттен (Ганвула, 70).
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс, Лукеба, Симакан, Раум, Симонс (Вернер, 88), Форсберг (Баумгартнер, 80), Кампл, Шлагер, Поулсен (Шешко, 64), Опенда (Ленц, 88).
Огоҳлантиришлар: Бенито (45), Кампл (55), Лаупер (61), Симонс (67), Блум (77), Форсберг (79), Симакан (90).
Гуруҳдаги бошқа бир фаворит «Лейпциг» ўз услубида бошлади. Тезкор гол урилди, аммо немисларга муваффақиятни ривожлантиришга йўл қўйилмади. «Янг Бойз» ўзининг сунъий қопламали майдонида барча учун хавфли рақиб саналади ва швейцарияликлар буни исботлашди, Элиа фавқулодда қарор қабул қилиб, тўпни оёқлари учи билан дарвоза тўрига жойлади. Кейин эса бу футзалча номер унинг жамоадоши томонидан ҳам такрорланди ва бу яна хавфли чиқди.
Марко Розе жамоасидан эса омад юз ўгиргандек кўринарди. Чави Симонс жарима майдони ичида йиқилганида пеналти белгилаш ўрнига, симуляция учун сариқ карточка берилди, Шешконинг голи эса кичик офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо якунда Шлагернинг зарбаси барчасини ҳал қилди — тўп футболчилар орасидан ўтиб дарвоза бурчагига аниқ бориб тушди. Шешко эса ўйинга якуний нуқтани қўйди. Словениялик ҳужумчи 20 ёшу 11 кунлигида «Лейпциг»нинг асосий еврокубокда гол урган энг ёш футболчисига айланди.
4 октябр. Лейпциг — Манчестер Сити, Црвена Звезда — Янг Бойз.
Н гуруҳи
Кўк-анорранглиларнинг рекордлари куни
«Барселона» — «Антверпен» 5:0
Голлар: Феликс (11, 66), Левандовски (19), Бетай (22, автогол), Гави (54).
Барселона – тер Стеген, Жоау Канселу (Роберто, 76), Кристенсен, Кунде, Балде, Гундўған, де Йонг (Ромеу, 58), Гави (Лопес, 58), Рафиня (Ферран Торрес, 68), Феликс (Ямал, 68), Левандовски.
Антверпен – Бюте, Батай (Керк, 74), Алдервейрелд, Кулибали, Вейндал, Кейта, Эккеленкамп (Юсуф, 61), Вермерен, Муя (Валенсия, 83), Баликвиша (де Лат, 61), Янссен (Иленикена, 60).
Огоҳлантириш: Гави (36).
Хавининг собиқ жамоадошлари — «Антверпен» бош мураббийи Марк ван Боммел ва Белгия клуби спорт директори Марк Овермарс — билан илиқ учрашуви кўк-анорранглилар мухлисларида носталгия уйғотгани аниқ. Аммо ўйин бошланганидан кейин «Барса» меҳмонларни аяб ўтирмади. 22-дақиқа ичида уч гол — кўк-анорранглиларда ЕЧЛда бундай кучли дебют ўн беш йилдан буён кузатилмаганди. Ўшанда, 2008/09 йиллар мавсумида Гвардиола бошқарувидаги каталонияликлар асосий совринларни қўлга киритганди.
Бу ўйинда айниқса болалигидаги орзуси бўлган жамоада ўйнай бошлаган Жоау Феликс жонбозлик кўрсатди. Португалиялик футболчи ҳужум учлигининг чап қанотида ўзини жуда қулай ҳис қилмоқда. Диего Симеоненинг қатъий схемаларидан кейин у ниҳоят эркинликка эришди ва ўзининг ижодкорлик имкониятларидан баҳра олиб ўйнамоқда. Финтлар билан ҳимоячиларнинг бошини айлантириш ва тўпни кучли зарба билан яқин бурчакка киритиб юбориш керакми? Марҳамат! Шунга ўхшаш номер ижро этиб, якунда тўпни олис устун олдида турган Левандовскига ошириш керакми? Бу унинг учун осон!
Шу тариқа, Феликс полшалик тўпурар Криштиану Роналду ва Лионел Месси ортидан еврокубокларда 100 гол урган учинчи футболчига айланишида ўз ҳиссасини қўшди. Леви 34 ёшу 260 кунлигида «Барса» учун ЕЧЛда гол уриш орқали Жерар Пикенинг ҳам рекордини янгилади. Қолаверса, захирадан майдонга тушган Ямал (16 ёшу 68 кунлик) каталонияликлар сафида ЕЧЛда ўйнаган энг ёш футболчи бўлди. Аммо у Европа рекордини ўрната олмади, чунки «Боруссия» форварди Мукоконинг натижаси икки ойга яхшироқ.
«Шахтёр» — «Порту» 1:3
Голлар: Келси (13) — Галено (8, 15), Торимий (29).
Шахтёр – Ризник, Конопля (Гочолейшвили, 76), Ракицкий, Лемкин (Азаров, 65), Дисмас, Степаненко (Кашчук, 65), Назарина, Судаков, Зубков, Сикан (Эгиналдо, 81), Келси (Бондаренко, 65).
Порту – Кошта, Жоау Мариу (Санчес, 73), Пепе, Карму, Сануси (Венделл, 46), Андре Франку (Гонсалу Боржеш, 82), Эуштакиу, Ҳайме (Нико Гонсалес, 73), Варела, Галено, Торимий
Огоҳлантиришлар: Карму (4), Сикан (6), Степаненко (31), Мариу (54), Конопля (76).
«Порту» стартда жиддий муаммосиз уч очкони қўлга киритди ва рақибнинг жавоб голи ҳеч қандай муаммо туғдирмади. Дастлаб қайтган тўпга зарба бериб ҳисобни очган Галено рақиб жавобидан икки дақиқа ўтиб иккинчи голини ҳам урди ва «аждарлар»га ҳисобдаги етакчиликни қайтарди. Бразилиялик футболчи икки голидан ташқари Торимийнинг голида ассистентлик ҳам қилди.
4 октябр. Порту — Барселона, Антверпен — Шахтёр.
E гуруҳи
Симеоне учун шок
«Лацио» — «Атлетико» 1:1
Голлар: Проведел (90+5) — Барриос (29).
Лацио – Проведел, Марушич, Габаррон, Романиоли, Пеллегрини (Ладзари, 38), Луис Алберто, Весино (Каталди, 76), Камада (Гендузи, 62), Фелипе Андерсон (Исаксен, 62), Дзаккани (Педро, 76), Иммобиле.
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Эрмосо, Витцел (Корреа, 75), Саул, Лиоренте, Барриос (Хименес, 46), Лино (Рикелме, 79), Гризманн, Мората.
Огоҳлантиришлар: Гризманн (26), Лино (67), Габаррон (84), Иммобиле (84), Корреа (90+4).
Қуръадан кейин бу гуруҳ «Атлетико» ва бошқалардан иборат экани айтилганди. Римдаги ўйин бошлангач, мадридликлар «Олимпико»да йиғилганларни яққол кучсиз кўринаётган «Лацио» футболчиларига ҳуштакбозлик қилишга мажбур эди. Римликлар дарвозабони ўз футболчиси орқали йўналишни ўзгартирган тўп қаршисида ожиз қолди.
Барриос 20 ёшу 96 кунлигида «матрасчилар» сафида ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчи бўлди. Олдинги рекордчи Саул ҳам шу куни майдонда эди. Меҳмонларнинг яна бир ҳужуми рикошет орқали устунга борди, шундан кейин испанлар аста-секинлик билан ташаббусни топшира бошлади. Лекин Симеоне жамоаси учун бу ҳеч қандай қўрқинчли ҳолат эмасди.
Финал ҳуштаги чалинишига жуда оз вақт қолганида эса майдонда ақл бовар қилмас ишлар бўлиб кетди ва дарвозабон Проведел бош билан йўллаган зарбаси орқали Римни мағлубиятдан қутқариб қолди. Проведел 15 ёшига қадар ҳужумчи амплуасида ўйнаганди ва бу унга гол уришда қўл келди. Эътиборли жиҳати, у бир неча йил муқаддам В Серияда ҳам 90+5-дақиқада гол уриб, ўша вақтдаги жамоаси «Стабия»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди. 29 ёшли 2009 йилдан кейин Чемпионлар Лигасида гол урган биринчи (тарихдаги бешинчи) дарвозабонга айланди. Шу вақтгача ЕЧЛда дарвозабонлар фақат пеналтидан гол уришган: Ҳанс-Йорг Бутт уч марта («Байер» ва «Бавария»), Димитар Иванков («Левски») икки марта, шунингдек, Синан Болат («Стандард») ва Винсент Энема («Ҳапоэл») бир мартадан.
«Фейеноорд» — «Селтик» 2:0
Голлар: Стенгс (45+2), Жаҳонбахш (76).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Пайшао (65).
Фейеноорд – Велленройтер, Гертрюйда, Траунер, Ганцко, Ҳартман, Сауэр, Иванушец, Тимбер (Зерруки, 73), Виффер, Стенгс, Игор Пайшао (Жаҳонбахш, 67), Минте (Лингр, 68).
Селтик – Ҳарт, Жонстон, Скейлз, Лагербилке, Тэйлор, Макгрегор, О`Райли (Паулу Бернарду, 82), Атате (Ҳолм, 58), Палма (Ҳёнг Чунг, 58), Маэда (О Ҳёнг Гу, 82), Фуруҳаси (Ивата, 67).
Огоҳлантиришлар: Лагербилке (31), Макгрегор (36), Тимбер (56).
Четлатишлар: Лагербилке (63), Ҳолм (68).
Роттердамдаги ўйин «Фейеноорд»нинг яққол устунлиги билан ўтди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Стенгс жарима нуқтасидан ажойиб зарба йўллаб, бу устунликни голга айлантирди. Иккинчи бўлимда Жо Ҳарт Игор Пайшаонинг пеналтидан йўллаган зарбасини қайтарган бўлса-да, «Селтик»да мағлубиятдан қутулиш учун имкон йўқ эди. 11-метрлик жарима зарбаси белгиланганда шотландлар футболчиси майдондан четлатилганди, кўп ўтмай жамоанинг яна бир фуболчиси қизил карточка олди, тўққиз киши бўлиб қолган меҳмонлар иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди. Мезбонлар ғалабаси эса жамоанинг хорватиялик футболчиси Иванушецнинг жароҳати туфайли бироз хира тортди, у майдонни замбилда тарк этди.
4 октябр. Атлетико — Фейеноорд, Селтик — Лацио.
Мавзуга оид
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
10:10 / 11.12.2024
Мбаппе гол урди ва жароҳат олди, аммо «Реал» бир амаллади. ЕЧЛда кун ўйинлари
10:38 / 09.12.2024
Европада камбэклар куни. «Челси» ҳимоячиси рақибга голлар совға қилди ва бутсасини ташлаб юборди
12:04 / 08.12.2024