«Ливерпул» Каталонияда ўзини ортиқча қийнамади. Жамоа куч тежаган ҳолда натижага эришишни кўзлаганди. Аммо «Жирона» турнир жадвалининг қуйи қисмларида келаётган бўлса-да, ўз уйида жиддий рақобат кўрсатадиган жамоа. Мезбонлар илк хавфли ҳужумида очиқчасига меҳмонларни кечиришди, Блинд дарвозабон ҳудудида туриб тўпни хато тепди, Данжуманинг кучсиз зарбаси эса газонга йиқилиб бўлган Алиссоннинг ўзига борди. Ҳил ҳам ҳужумни якунлашда сусткашлик қилди, фақат Асприлянинг кучли зарбасидан кейин меҳмонлар дарвозабони чинакамига қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди.
Умуман олганда, Арне Слот жамоаси дастлабки 45 дақиқаликда ўз вазиятларидан фойдалана олмаслик жазоланиши мумкинлигини тушуниб етди. Иккинчи бўлимда ҳал қилувчи вазият VAR аралашуви билан содир бўлди: ван де Бек жарима майдони ичида Диаснинг оёғини босиб олди, белгиланган пеналтини аниқ ижро этган Салоҳ савия эвазига ғалаба қозониш қандай бўлишини намойиш этди. Мерсисайдликлар олти учрашувда олти ғалабага эришиб, турнир жадвалида 18 очко билан яккапешқадамлик қилмоқда ва амалда плей-офф масаласини ҳал қилди, аммо Слот ўйиндан кейинги матбуот анжуманида шогирдларининг ҳаракатларидан норози бўлди ва бу турнирдаги энг ёмон ўйини бўлганини қайд этди.
«Аталанта» кўтарилиш даврида ва ўтган ҳафтани А серияда якка пешқадам сифатида якунлаганди. «Реал» эса жароҳатлардан азият чекмоқда ва ўз тарихида илк бор турнир гуруҳ босқичидаги беш турдан учтасида ютқазди. Бундай ҳолатда ўйинда ким фаворитлигини аниқ айтиб бўлмайди, аммо шу куни мадридликлар сафида Винисиус Жуниор сафга қайтганди. Мбаппе ҳам аста-секинлик билан формага қайтмоқда. Бергамода француз ҳужумчиси илк дақиқалардан майдондаги энг фаол футболчи бўлди ва 10-дақиқада жарима майдони олдида тўпни қабул қилиб, бир ҳаракат билан Де Ронни йўлдан олди ва 26 ёшга тўлишига ўн кун қолганида асосий еврокубокдаги 50-голини нишонлади. Бундай натижага ундан ёшроқлигида фақат Месси эришган (24 ёшу 284 кунлик).
Аммо Килиан 36-дақиқадаёқ жароҳат олди ва Родригога алмаштирилди. Қолаверса, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳимоя марказида тушган Тшуамени Колашинацни йиқитди ваа Де Кетеларе пеналтидан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда эса Винисиус етакчилик сифатларини намойиш этди. У ўзи гол урганида омад ҳам кулиб боқди, тўп унга Бразилия миллий жамоасидаги шериги Эдерсондан келди. Винининг меҳмонларнинг ҳисобдаги устунлигини мустаҳкамлаган Беллингҳемга паси эса Кроосга хос услубда анча ичкаридан етказиб берилди ва ўйиннинг безагига айланди.
Ҳисобдаги фарқни қисқартирган Лукманнинг ўйини ҳам мақтовга сазовор, у Лукас Васкес ортидан туриб яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Ўйиннинг энг яхши футболчиси мақомини Винисиусдан тортиб олган нигериялик футболчи жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиши ҳам мумкин эди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда унинг узатмасидан кейин бергамоликларнинг энг яхши ҳужумчиси Ретеги дарвозабон ҳудудида туриб хато зарба йўллади. Жан Пиеро Гасперини шогирдлари турнирда илк бор ютқазди, «Реал» эса — Карло Анчелотти ваъда қилганидек — вазиятни ўнгламоқда. Лекин олти турдан кейинги тўққиз очко ҳали Мадрид учун ўта камтарона кўрсаткич. Кейинги турларни «Реал» «Залсбург» ва «Брест»га қарши ўтказади.
Ўйиндан олдин плей-офф ҳудудидан ташқарида бўлган «ПСЖ» бор аламини залцбургликлардан олди, парижликлар сафида ўйиннинг илк қисмида Гонсалу Рамуш фаоллиги билан ажралиб турди. Португалиялик ҳужумчи августда олган жароҳатидан яқинда тузалганди, аммо Луис Энрике форвардга ишонч билдирмоқда ва уни сўнгги ўйинларда бошланғич таркибга киритмоқда. Рамушга гол ҳисси қайтиши керак эди ва сешанба оқшомида у иккинчи уринишда бунга эришди. Биринчи эпизодда форвард Ҳакими ташлаб берган тўпни икки метр масофадан туриб дарвозага кирита олмади, аммо бу боғлам барибир иш берди. Ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлган Барколя тўпни қарама-қарши қанотда очилган Ҳакимига етказиб берди, унинг қанотдан дарвозабон ҳудудига йўллаган узатмасини эса Рамуш йиқилаётиб дарвоза бурчагига йўналтириб юборди. Унинг мавсумдаги дебют голи Франция чемпионлари ЕЧЛнинг бу мавсумида сафар ўйинларида урган илк голи бўлди.
Австриядаги португаллар оқшомини эса иккинчи бўлимда Нуну Мендеш давом эттирди, у ҳужумга фаол қўшилиб, захирадан тушган Дуэнинг узатмасини кучли зарба билан голга айлантирди. Дуэнинг ўзи эса ўзига билдирилган ишончни оқлаб, Ҳакимининг яна бир голли пасидан кейин ўйиндаги якуний натижани ўрнатди. «ПСЖ» 2020 йил октябридан буён илк бор турнир сафар ўйинларида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бунгача парижликлар 21 ўйин давомида мунтазам равишда гол ўтказишганди. Жамоанинг вазияти аста-секин яхшиланмоқда, «ПСЖ» 7 очко билан чоршанба кунги ўйинлар якунлангунича 24-ўринга чиқиб олди. Бу плей-оффга йўлланма берадиган сўнгги ўрин, аммо барчаси январда ҳал бўлади — «Манчестер Сити» ва «Штутгарт»га қарши ўйинларда.
«Бавария» фанатлари «Шахтёр»нинг бошқа ўйинларига қараганда чипта нархлари қимматлашганига қарши Гилзенкирҳендаги ўйинни бойкот қилишга чақирди. Шу туфайли номинал мезбонлар нархни пасайтиришга мажбур бўлишди ва «Фелтинс Арена» трибуналари ниҳоят тўлдирилди. Мухлислар ўйин бошланиши билан мюнхенликлар дарвозасига урилган голга гувоҳ бўлишди, Кевин рақиб мудофаасидаги хатони жазолади. Аммо танаффусга қадар барчаси ўз жойига тушди. Аввалига жарима майдони ичида тўпни эгаллаб олган Лаймер уни тўсин остига йўллади ва бу йирик ҳисобдаги ғалабанинг бошланиши эди.
Биринчи бўлим охирида баварияликлар прессинги Мусиала Мюллерни дарвоза қаршисига чиқариши билан якунланди. Томас ЕЧЛда қаторасига ўн олтинчи мавсумда гол урмоқда ва бу билан Райан Гиггз ҳамда Криштиану Роналдунинг натижасини такрорлади. Рекорд серияга эса Месси ва Бензема эгалик қилади (18 тадан мавсумда). Айтиш мумкинки, сешанба оқшомида Мюллер ҳужум чизиғида жароҳатланган Кейннинг йўқлигини билдирмади. Штатдаги пеналтичи роли эса Ҳарридан вақтинча Олисега ўтди. Мусиала ҳам ўз голисиз майдонни тарк этмади. У биринчи бор дарвозани ишғол этганида ҳужумдаги фол туфайли гол бекор қилинди, аммо ўйин охирида яримҳимоячи дарвозабон ва ҳимоячиларни болаларча алдаб, барибир ўз мақсадига эришди.
Барча беш учрашувда ютқазган «Лейпциг» олтинчи ўйинда учинчи дақиқадаёқ гол ўтказиб юборди, Уоткинс тўпни дарвоза қаршисида турган Макгиннга ташлаб берди. Англиядагилар дарҳол бу «Астон Вилла»нинг еврокубокларда 1983 йилдан буён энг тезкор голи бўлганини қайд этишди. Аммо бўлим ўрталарида Эмилиано Мартинес ва Диего Карлос бир-бирига ишониб қолганида газондан чўпчиган тўпга Опенда эга чиқиб, бўш дарвозани ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда эса мезбонлар дарвозабони Гулачи ҳам хатога йўл қўйди. Захира қироли Дураннинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси кучи, аниқлиги ва траекторияси билан чиройли чиқди, аммо тўп барибир дарвозабон турган марказ томон келганди. Кейин Опенда яна бир бор ўзини кўрсатиб, анча ортдан етказиб берилган тўпга етиб бориб, Баумгартнерни голли пас билан таъминлади, аммо ўйиндаги сўнгги сўзни барибир Унаи Эмери шогирдлари айтишди. Ҳал қилувчи вазиятда Гулачидан омад юз ўгирди, Баркли узоқ масофадан йўллаган зарбадан кейин тўп рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди. «Вилла» 13 очко билан амалда плей-оффда, «Лейпциг» эса умидсиз аҳволда.
«Брест» тарих ёзишда давом этмоқда. Рақиб сафида Сайбарининг зарбаси устунга тегиши ва дарвозабон Бизотнинг сейвлари ҳам бунда катта рол ўйнади, аммо французларнинг ўзи ҳам ҳақли ғалабага эришди. Фақат Бенитес яқин масофадан йўлланган зарбани тўсиб, интригани охирги дақиқаларгача сақлаб қолди. Якунда 1:0 ҳисоби ўзгармади. «Брест» олти турда тўрт ғалабага эришди, бу эса француз клублари учун 1996 йилдан буён энг яхши натижа ҳисобланади, ўшанда «Осер» гуруҳ босқичини ўта кучли ўтказганди. Эрик Руа эса ватандош мураббийлар орасида XXI асрда асосий еврокубокдагиилк мавсумида бундай натижа қайд этиш борасида Зинедин Зидан билан бир қаторда туради. Аммо нюанс бор. Зизу «Реал»да ишлаган, Руанинг жамоаси эса — кўпчиликка нотаниш «Брест».
«Спортинг» Рубен Аморим кетганидан кейин чўкишда давом этмоқда. «Арсенал»дан учралган 1:5 ҳисобидан кейин «Брюгге»га сафарда мағлуб бўлинди, гарчи лиссабонликлар Катамонинг зарбасидан кейин ҳисобни очган бўлса-да. «Шерлар» етти йилдан буён илк бор кетма-кет икки ўйинда рақиблари иродали ғалабага эришишига йўл қўйишди. Бу орада миллий чемпионатда «Санта Клара» ва «Морейренсе»га ҳам имконият бой берилганди. Белгиядаги фиаскодан кейин плей-офф масаласини янги йилгача ҳал қилиш имконияти йўққа чиқди. Энди барча умид январдаги ўйинлардан, 10 очкога эга «Спортинг» «Лейпциг» ва «Болоня» билан ўйнайди. Асосийси — унгача Аморимсиз қандай ўйнашни ўрганиб олиш керак.
Юмшоқ қилиб айтганда, Загребдаги зерикарли ўйинни фақат натижа нуқтайи назаридан эслаш мумкин. «Селтик» очколари сонини 10 тага етказиб олди ва январдаги биринчи турда Брендан Роджерс жамоаси ўз уйида «Янг Бойз» устидан ғалаба қозониб, плей-офф масаласини ҳал қилиши мумкин. Саккиз очкога эга «Динамо» учун ҳам ҳали барчаси бой берилгани йўқ, аммо янги йилнинг биринчи ойида хорватларда жуда қийин тақвим бор, сўнгги икки турда жамоа аввалига «Арсенал»га сафар қилади, кейин «Милан»ни қабул қилади.
Кун статистикаси
«Астон Вилла» ҳужумчиси Дуран бу мавсумда 6 бор захирадан ўйинга тушиб гол урди. Бу топ-5 лигалардаги энг яхши кўрсаткич.
«Аталанта» форварди Де Кетеларе 7 (3+4) самарали балл тўплади — бу Чемпионлар лигасида бир кампаниядаги клуб рекорди.
Алиссон «Ливерпул» сафида ЕЧЛнинг 21 ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бразилиялик посбон Пепе Рейнага тегишли бўлган клуб рекордини такрорлади.
«ПСЖ» ҳимоячи Ашраф Ҳакими турнирдаги голли узатмалари сонини 24 тага етказди. Бу парижликлар жамоаси ҳимоячилари орасида Максвеллга тегишли бўлиб турган рекорд такрорланишидир.