Ўзбекистон | 19:43 / 09.08.2025
5217
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президентини тарихий келишув билан табриклади

Ўзбекистон президенти Илҳом Алиевни Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик декларацияси имзолангани билан самимий қутлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари қардош Озарбойжон етакчиси ва халқини тарихий воқеа – Вашингтон шаҳрида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик декларацияси имзолангани билан самимий қутлади.

Тез фурсатда тинчлик битими расман имзоланиши Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг жорий йил июл ойида Озарбойжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.

8 август куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Вашингтонда, Доналд Трамп ҳузурида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолаган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид