Жаҳон | 16:26 / 30.07.2020
52967
10 дақиқада ўқилади

Миллий иммунитет хусусиятлари: нега Таиланд пандемияни бу қадар енгил ўтказмоқда?

Фото: Reuters

Хитой ҳудудидан ташқарида илк марта COVID-19 юқтириш ҳолати 13 январь куни Таиланд қироллигида аниқланганда (уни уҳанлик турист олиб келган), аввалига таиландликларни фалокат кутаётгандек кўринган эди. Чунки мамлакатда ҳар йили ўн миллионлаб хорижлик туристлар ҳордиқ чиқаришади.

Лекин асл ҳолат таиландликлар қўрққанчалик бўлиб чиқмади. Шу кунгача 3298 юқтириш ҳолати, 58 та ўлим ва 30 июль куни 70 миллион аҳолига эга давлат 106-ўринда турибди — буни ҳисоблашлардаги барча хатоликлар ва тестдан ўтказишнинг нисбатан паст даражаси (685 минг)га қарамасдан муваффақият санаш мумкин.

Боз устига, йил бошида қиролликка одатдагидек минглаб хорижий туристлар дам олишга келишган эди. Ҳаттоки пандемия қаттиқ исканжага олган мамлакатлардан ҳам.

Дарвоқе, Таиланднинг ўзида маҳаллий аҳоли ичида «ички» зарарланиш деб аталаётган янги юқтириш ҳолатлари икки ойдирки, қайд этилмаяпти. Бармоқ билан санаш мумкин бўлган барча юқтирганлар чегара ортидан кириб келган.

Маданият ва генлар

Таидандда бунга қандай эришилди? Бу саволга биттада жавоб қайтариб бўлмайди. Мутахассислар таиландликларга ёрдам берган ўнлаб эҳтимолли сабабларни санашмоқда. Афтидан, барча сабаблар якуний натижага олиб келган.

Таиландликларга уларнинг маданиятида генетик даражада мавжуд бўлган ижтимоий масофалашув ёрдам берган бўлиши аниқ: қироллик аҳолиси учрашганда қўл бериш кўришмайди, кўчада умуман қучоқлашишмайди, кафтларини юзи олдига жамлаганча салом беришади.

Таиландда жуда эрта, биринчи зарарланиш ҳолатидан кейиноқ ҳимоя ниқобларни тақа бошлашгани ҳам ўз ролини ўйнагани кўриниб турибди. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам яхши йўлга қўйилганини ҳисобдан чиқармаслик керак. Кўп вақтини тоза ҳавода ўтказувчи таиландликларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Эҳтимол, коронавирус нимага «ёпишиб» олишни ҳам билмагандир — мамлакатда сурункали касалликлар даражаси ҳам паст.

Афтидан, таиландликларга коронавирусга муваффақиятли қарши туришда уларнинг иммун тизими хусусиятлари ҳам ёрдам берган кўринади.

Уларнинг Меконг дарёси оқимидаги қўшниларида ҳам шунга ўхшаш кўрсаткичлар. Мьянмада, масалан, 350 та ҳолат ва 6 та ўлим қайд этилган, Камбожада — 226, Лаосда — 20. Боз устига, Камбожа ва Лаосда Вьетнам каби коронавирусдан бирор киши ўлмаган.

Меконг дарёси оқиб ўтувчи Хитойнинг жанубида ҳам шунга ўхшаш манзара. 50 миллион киши истиқомат қиладиган Юннан провинциясида бор-йўғи 190 киши коронавирус юқтирган. Айни пайтда у ерда бирорта касал йўқ.

Таиландда эпидемиянинг кечишига доир яна бир хусусиятга Паттани провинциясида эпидемияни ўрганган Бангкокнинг Чулалоргкорн университетидан Випут Фулчароен эътибор қаратган. Аниқланишича, зарарланишларнинг 90 фоиздан ортиғи симптомларсиз кечган.

Випут бу ғалати ҳолатни иммун тизими турли вирусларга қарши турлича курашиши билан тушунтиради. Масалан, яхши маълумки, таиландликлар ва Жанубий шарқий Осиёда яшовчи бошқа халқлар вакиллари денге безгагига жуда заиф.

«Ҳозир биз иммун тизимини ўрганмоқдамиз, — дейди у. — Агар иммун тизимимиз денге безгагига кучсиз қаршилик кўрсатар экан, нега у COVID-19га кучлироқ қаршилик кўрсата олмас экан?»

«Гап фақат иммунитет ва генетикада деб ўйламайман, — дея фикрлайди Таиланд соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Тавесин Висангютин. — Менимча, бу ерда гап маданиятда. Таиландча саломлашишда жисмоний контакт йўқ. Дарвоқе, Меконг бассейни мамлакатларида ҳам мана шундай манзарани кузатишингиз мумкин».

Табиийки, ҳокимият томонидан қабул қилинган чеклов чораларини ҳам ҳисобдан айирмаслик керак. Қиролликда карантин 24 мартда эълон қилинган эди. Албатта, юзлаб қоидабузарлар бўлди, лекин профессионалларга ишонувчи таиландликлар, умуман олганда, хавфсизлик қоидаларига жуда масъулият билан ёндашишди.

Коронавирусга қарши курашишда 75 мингдан зиёд қишлоқларда ишлаган 1 миллиондан сал кўпроқ кўнгиллилар (асосан аёллар) ҳам ижобий рол ўйнаган.

Июлдаги янги йил

Таиланддаги уй хўжаликлари Осиёда қарз бўйича биринчи ўринда бўлса керак. Кўплаб таиландликлар айни дамда будда ибодатхоналарига бориб текин тарқатилаётган гуручни олмоқда. Пандемиягача кунига 1000 бат (31 доллар) ишлаган пойтахт Бангкокдаги таксичиларнинг даромади 7 баробарга пасайиб, кунига 150 батни ташкил этмоқда, у бензинга ҳам етмайди.

Бош вазир Прают Чан-Очи ҳукумати иқтисодиёт ва аҳолига ёрдам сифатида рекорд даражадаги 1,9 триллион бат ажратди. Март ойида даромади пандемия туфайли сезиларли даражада тушган ҳар бир кишига уч ой давомида 5 минг бат ажратилиши эълон қилинган эди. Пул олиш учун қиролликнинг қарийб ярми — 29 миллион киши мурожаат қилган.

Бюрократик тўсиқлар ва рад этишлар кўпчиликни тушкунликка тушириб қўймоқда. Апрель ойида умидсизликка тушган аёллардан бири Таиланд Молия вазирлиги биноси олдида маргумуш ютган. Уни қутқариб қолишган, бироқ қиролликда ўз жонига қасд қилиш даражаси сезиларли кўпайган.

Аҳолисининг кўп жилмайиши ҳисобига Таиландни Табассумлар юрти деб аташларига қарамасдан, уларнинг маданияти ва психологиясининг фарқли томонларидан бири депрессия ва ўз жонига қасд қилишга мойиллик ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра, 2016 йилда Таиланд 100 минг аҳолига 14,4 худкушлик билан Жанубий-шарқий Осиёда биринчи ўринда турган. Сайёрада бу кўрсаткич 10,6 га тенг.

Covid Thailand Aid хайрия фонди ёрдам сўралган мурожаатларга тўлиб кетган, дейди фонд асосчиларидан бири Натали Наркпрасерт. Коронавирусдан Мьянма ва Камбожадан келган миллионлаб меҳнат мигрантлари ҳам қаттиқ азият чеккан. Уларнинг бир қисми чегара ёпилгунча уйларга қайтишга улгурган, қолган қисми эса Таиландда қолиб кетиб, ўзлари ишлаган меҳмонхоналар, қаҳвахона ва ресторанлар ёпилганда уч ой пулсиз қийналган.

Июнь ойида Таиланд нормал ҳаётга қайта бошлади. Карантиндан тўрт босқичли чиқиш 33 кун давом этди. Июль ойининг бошида таиландликлар биринчи байрам — апрелда пандемия туфайли бекор қилинган таиландча янги йилни нишонлашди. У ички туризм ривожланишига туртки берган.

Ҳукумат хориждан келаётган туристлар учун қироллик чегарасини эҳтиёткорлик билан очмоқда. Бангкокдагилар яхши тушуниб турибди: улар иқтисодиётга тезроқ тикланишга ёрдам бериш билан бир қаторда мамлакатга янги зарарланиш ҳам келтириши мумкин.

Хорижликлар билан боғлиқ ёқимсиз ҳолатлардан бири июль ойининг ўрталарида Районг курортида рўй берган. Коронавирусга мусбат тестли мисрлик учувчи карантиндан қочиб чиқиб, харид учун дўконларга ўзини урган. Уни ушлашган, ҳудудда яна мактаблар ёпилган.

Бойлардан умид

Иқтисодиёти туризмга қаттиқ боғланган (туризм соҳаси ўтган йили ЯИМнинг қарийб 20 фоизини таъминлаган ва меҳнатга лаёқатли таиландликларнинг 21,4 фоизини ишли қилган) қироллик пандемиядан жуда кучсиз бўлиб чиқди. Таиланд туризм ва спорт вазирлиги иқтисодчиларининг прогнозларига кўра, йил охиригача меҳмонхоналарнинг 60 фоизи ёпилиши мумкин.

Бош вазир Прают 28 май куни пандемия нафақат соғлиқни сақлаш соҳасида, шунингдек иқтисодиётда ҳам инқироз келтириб чиқарганини тан олди. Май ойида саноат ишлаб чиқариши қарийб чорак мартага қисқарган. ХВЖ прогнозига кўра, жорий йилда Таиланд иқтисодиёти пасайиши ЯИМнинг 6,5 фоизига тенг бўлади. Бутунжаҳон банкининг баҳолашича, 2020 йилда қиролликнинг 8 миллион аҳолиси иш ва яшаш учун маблағсиз қолиб кетиши мумкин.

Таиланд иқтисодиётида вазият оғирлигини миллий валюта ҳам исботлаб турибди. Апрель ойида чоралар кучайтирилгач, уч ҳафта ичида батнинг долларга нисбатан қиймати 2,6 фоизга пасайди ва Осиёдаги энг арзон валюталардан бири бўлиб турибди (Индонезия рупиясидан сўнг). Қиролликда ҳозир асосий ставка 0,5 фоизга тенг.

Офат ёлғиз ўзи келмайди. Пандемия узоқ йиллар ичидаги энг катта қурғоқчилик билан бирга келди.

Мамлакат раҳбарияти иқтисодиётни таназзулдан қандай қилиб чиқаришни аниқ тасаввур қила олмаётганга ўхшамоқда. Бундай ўтиш даврларида ўзгаришлар қилмаслик тавсия этилса-да, бош вазир ҳукуматда жиддий ўзгартиришларни амалга оширишга қарор қилди. 16 июль куни дастлаб молия вазири Уттама Саванаяна истеъфога чиқарилди. Ундан сўнг иқтисодиётга масъул бош вазир ўринбосари Сомкид Жатусрипитак ишдан олинди. Кейингиси Bank of Thailand бошлиғи Виратай Сантипрабоб бўлиши ҳам аниқ. Энергетика, олий таълим ва меҳнат вазири ҳам истеъфога тайёргарлик кўрмоқда.

Мамлакат бош банки иқтисодчилари халқаро ташкилотлардан ҳам кўра пессимистик прогноз бераётгани ҳайратланарли. Таиланд Марказий банкидагилар мамлакат иқтисодиёти жорий йилда рекорд 8,1 фоизга пасайишини айтишмоқда.

Таиланд ҳукумати туризм соҳасига ёрдам дастурини ишлаб чиққан. Туризм вазири Пхипхат Ратчакитпракарннинг интервьюсидан келиб чиқсак, 1 июль куни чегараларини хорижликлар учун очган Таиланд максимал даражада туристларни (айниқса, жами туристлар сонининг қарийб 60 фоизини ташкил этган Хитойдан) олиб кириш эмас, бой туристларни жалб этишга уринмоқда.

Бу йил Бангкок ўтган йилгидек 39 миллион эмас, 10 миллион хорижий туристни олиб киришни режалаштирган. Пхипхата туризм соҳасининг мамлакат ЯИМга улуши 2020 йилда 1,23 триллион бат бўлишини прогноз қилмоқда, бу эса ўтган йилгидан 59 фоизга кам.

Вазирнинг сўзларига кўра, Пҳукет, Самуи, Пҳанган ва Пҳи-Пҳидаги қимматбаҳо отелларда тўхтаган бойвачча турист беш нафар оддий туристдан кўра кўпроқ харажат қилиши мумкин. Бой туристларнинг бошқа муҳим афзалликлари ҳам бор. Масалан, уларни ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя этишга чақириш шарт эмас, улар шундоқ ҳам ёлғиз дам олишни яхши кўришади.

Прают ҳукумати ички туризмга ёрдам беришни ҳам мўлжалламоқда. Бу мақсадларга 22 миллиард бат ажратилган. Ўз ватанида дам олаётган таиландликлар меҳмонхонада 5 сутка яшагани учун 40 фоизлик, суткасига 3 минг батдан ошмаган чегирмага эга бўлишади. Улар кунига 600 бат ҳисобидан ресторан, сувенир дўконлардаги тўловларга кредит олишлари ҳам мумкин. 2 миллион таиландликлар одам бошига 1000 батдан транспорт харажатларига ҳам компенсация олишади.

Мавзуга оид