Жамият | 14:18 / 18.01.2021
52560
4 дақиқада ўқилади

«Бирорта жўрамнинг онаси ташлаб кетмаган, сиз менинг бошимни эгдингиз» – МИБ онаси билан кетишни истамаган болалар бўйича изоҳ берди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида содир бўлган воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда она суд қарори ва МИБ ходими ёрдамида болаларини олиб кетишга урингани, аммо болалар бунга кескин қаршилик қилишгани акс этган.

Фото: Видеодан кадр

Видеолавҳадан кўринадики, она болаларни ўз тарбиясига олиш бўйича суд қарорини қўлга киритган ва МИБ ходими ҳамроҳлигида болалари ёнига келган. Бироқ ака ва унинг икки синглиси бунга жон-жаҳдлари билан қаршилик қилади. Айниқса, аканинг икки синглисини ортига паналаб, онасидан ҳимоялагани кўпчиликни таъсирлантирган.

“Сиз мени шарманда қилгансиз, ая! Отаси ташлаб кетганлари бор, лекин бирорта жўрамнинг онаси ташлаб кетмаган. Мен сиздан ор қиламан ая, сиз менинг ғуруримни синдирдингиз, мен ҳеч қачон сиз билан кетмайман”, – дейди ўғил йиғлаб.

Она номидаги аёл эса қўлларини бигиз қилиб, “ҳали керак бўлса сени ҳам оламан”, дейди ўғлига қарата.

Дод солаётган синглисини қучоқлаб олган опа эса онасига шундай сўзларни айтади:

“Бир вақтлар керакмас, деб ташлаб кетган эдингиз. Энди керак бўлиб қолдикми биз, бормаймиз”.

МИБ вакили ҳам онани бу ҳаракатдан қайтаради ва шундай дейди:

“Тўғри, болалар сизнинг тарбиянгизга олинсин, дейилган. Лекин уларни мажбурлаб олиб кета олмайсиз. Агар бундай ҳолат бўлишини билганимда сиз билан умуман келмасдим”, – дейди онага қарата.

МИБ: болалар ҳозирги кунда онаси билан

Kun.uz мухбири воқеага расмий изоҳ олиш учун Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати билан боғланди.

Қайд этилишича, воқеа 2020 йилнинг 18 сентябр куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида содир бўлган. Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг О.Б. тарбиясида бўлган, вояга етмаган 2 нафар, 2009 йилда туғилган Д.С. ва 2012 йилда туғилган А.С.ни Ф.Б.нинг тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим ижро иши юритувига келиб тушган ва давлат ижрочиси Х.Бозорбоев томонидан ижрога қаратилган бўлиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун отага 15 кунлик муддат берилган.

МИБ амалда суд қарорларини муҳокама қилмасдан, унинг ижросини таъминлайди, бу одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида отанинг тарбиясида бўлган икки нафар фарзандини ундирувчининг тарбиясига олиб бериш учун унинг доимий яшаш манзилига бир неча маротаба борилганда, фарзандлари онасига бормаслигини билдирганлиги сабабли ҳужжат ижросини таъминлаш имкони бўлмаган.

Шундан сўнг, ижро ҳаракатлари давомида ота тарбиясида бўлган икки нафар фарзандни онанинг тарбиясига бюронинг Жомбой туман бўлими биносида тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда олиб берилган ва ҳозирги кунда ундирувчи онанинг тарбиясида эканлиги маълум қилинди.

“Ҳозир фарзандлар онаси тарбиясида катта бўлишмоқда ва мактабда таҳсил олишмоқда. Ота-оналарнинг ажралиши жамият учун ачинарли ҳолат, бунда фарзандлар кўпроқ жабр чекишади. Ажралиш ҳақида ўйлаганлар болалар тақдирини унутмасликлари лозимлигига мана шу ҳолат ёрқин мисол бўла олади”, – дейилади МИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим қилган изоҳида.

Мавзуга оид