Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Турли “ўйинлар” сабаб 10 та туман ва шаҳар “Ташаббусли бюджет”да санкцияга учради
Бугундан бошлаб “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига овоз бериш бошланди. Лекин бу босқичда 7 та туман ва 3 та шаҳар ҳозирча иштирок этмаяпти: маҳаллий ишчи комиссиялар саралаш босқичида айрим лойиҳаларни асоссиз рад этган ёки мезонларга зид лойиҳаларни овоз беришга ўтказиб юборган.
Жарқўрғон тумани Жарқўрғон минораси маҳалласи / Фото: Openbudget.uz
“Ташаббусли бюджет”нинг саралаш босқичида маҳаллий комиссиялар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар туфайли 7 та туман ва 3 та шаҳар бугун, 11 мартдан бошланган овоз бериш босқичида вақтинча иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Вазирликка кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йилги 1-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан жами 21 049 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шундан 17 390 таси саралаш босқичидан овоз бериш босқичига ўтказилган.
Аммо Хоразм вилояти Урганч шаҳри, Боғот, Қўшкўпир, Урганч, Хива, Янгиариқ туманлари; Тошкент вилояти Зангиота тумани; шунингдек, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри ҳамда Навоий вилоятининг Ғозғон ва Навоий шаҳарларида лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилган ёки “Ташаббусли бюджет” мезонларига зид лойиҳалар овоз беришга ўтказилган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан лойиҳаларни амалдаги қонунчиликда белгиланган мезонларга асосан қайта кўриб чиқиш юзасидан сўровлар юборилган бўлса-да, тегишли туман (шаҳар) ишчи комиссиялари томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши таъминланмади.
Шу муносабат билан, ишчи комиссиялар томонидан лойиҳалар амалдаги мезонларга мувофиқ қайта кўриб чиқилмагунга қадар ушбу туман (шаҳар)ларда лойиҳаларга овоз бериш босқичи вақтинчалик чекланади”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Овоз бериш босқичи 20 март соат 23:59 гача давом этади.
Шериклик асосида ғолиб бўлган лойиҳалар

Жорий мавсумдан бошлаб “Ташаббусли бюджет”да шериклик механизми йўлга қўйилди: лойиҳа учун ҳисобланган зарур маблағнинг ярмини ташаббускорлар ўзлари тўплаган тақдирда, бу лойиҳалар овоз бериш босқичи бошланмай туриб автоматик тарзда ғолиб деб топилади.
Илк мавсумда 16 та лойиҳа шериклик асосида ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун фуқаролар томонидан жами 3,3 млрд сўм маблағ йиғилди.
Ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг 4 таси бундан аввалги иккита мавсумда кетма-кет ғолиб бўлгани учун танаффусга тушган маҳаллаларга тегишли. Ушбу маҳаллалар амалдаги тартибга мувофиқ берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, шериклик асосида лойиҳа илгари суриб, ғолибликни қўлга киритди.
Шериклик асосида ғолиб бўлган 16 та лойиҳа 7 таси – Қашқадарё вилоятига тўғри келади. Лойиҳалар рўйхати билан “Очиқ бюджет” порталига жойланган ушбу файлда (pdf) танишиш мумкин.
Мавзуга оид
11:10 / 21.03.2026
58 овоздан 13 минг 386 овозгача. «Ташаббусли бюджет» ғолиблари эълон қилинди
18:28 / 15.03.2026
“Мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беринг” - Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
12:58 / 03.03.2026
“Ташаббусли бюджет”да шериклик асосидаги илк ғолиблар аниқланди
12:15 / 12.02.2026