Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси атрофидаги фирибгарлик ҳолатларидан огоҳ бўлишга чақирди.
“Ҳурматли фуқаролар! “Ташаббусли бюджет” доирасида “овоз тўплашда кўмаклашамиз” ёки “лойиҳангизни ғолиб қилиб берамиз” каби ваъдаларга ишонмаслигингизни сўраймиз.
“Ташаббусли бюджет” ғолиблари фақат очиқ овоз бериш ҳамда бошқа белгиланган мезонлар асосида аниқланади.
Агар ғоянгиз бўлса, уни очиқ тарзда тақдим этинг, овоз йиғинг, жамоатчилик билан ишланг. Қолаверса, эндиликда лойиҳаларни шериклик асосида молиялаштириш ҳам мумкин. Шериклик лойиҳалари учун овоз тўплаш талаб этилмайди. Бу – қонуний, самарали ва энг асосийси ишончли усул”, – дейилади вазирлик эълонида.
1–20 феврал кунлари “Ташаббусли бюджет”да лойиҳа киритиш босқичи бўлиб ўтди. Ҳозирда лойиҳаларни саралаш жараёни кетяпти.
Саралашдан ўтган ташаббуслар 11 март куни овозга қўйилади. Овоз йиғиш босқичи 10 кун давом этиб, ғолиблар 21 март – Наврўз байрамида эълон қилинади.











