Ўзбекистон | 20:16 / 01.09.2022
30825
15 дақиқада ўқилади

“Романтик сиёсатчи” — Ўзбекистонликлар СССРнинг охирги раҳбари ҳақида нима демоқда?

СССР биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёвнинг вафоти ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарди. Жумладан, ўзбекистонлик фаоллар ҳам унинг президентлиги давридаги қайта қуриш сиёсатининг аҳамияти, ошкоралик даври ҳақида ёзишмоқда.

Фото: Boris Yurchenko / AP / dpa

Назар Эшонқул, ёзувчи:

— ХХ асрнинг энг буюк сиёсатчиси, руснинг империалистик васвасасини синдиролган одам эди.

“Инқилобни ҳақиқий адолатпарварлар бошлаб беради. Уни жаллодлар амалга оширади. Қаллоблар бошқара бошлайди”. “Артемио Круснинг ўлими” романида шундай гап бор эди. Рус шовинизмини ҳатлаб ўтган Горбачёвнинг буюклиги ҳали келажакда кўп бора тан олинади.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

— Собиқ СССР президенти Михаил Горбачёвнинг дафн маросими, Россияда давлат даражасида ўтказилмас экан. Путин номидан таъзия билдирилган, лекин Горбачёвни дафн қилиш борасида, давлат ўзини тортган. Шу ҳолат ҳам Путиннинг СССРга ва унинг тарқалишида маълум рол ўйнаган Горбачёвга салбий қарашини кўрсатади.

Горбачёвнинг Путинга муносабати ҳам зиддиятли эди. Баъзан Путинни танқид қиларди, баъзан мақтарди. Горбачёв Россиянинг Грузияга қарши урушини ҳамда Қримнинг аннексия қилинишини маъқуллаган эди. Лекин шу йилги Украинага бостириб киришини жиддий танқид қилганди.

Ельцин ҳокимиятдан кетгач, бир неча марта бўлаётган ишларга, жумладан, Россиядаги демократиянинг демонтаж қилинишига қарши фикр билдиришга ҳаракат қилганди. Ҳатто бир-икки марта Путин сиёсатига қаршироқ интервью ҳам берди. Лекин шундан кейин Ельцин атрофини кучлироқ қуршовга олишди ва 2007 йилда у вафот этганди. Горбачёв бўлса, ҳаётининг охиригача тўсиқларга қарамади, ўрнатилган ўйин қоидаларига ҳам кўпинча риоя қилмади. У Ельцинни ҳам, Путинни ҳам танқид қилиб турди.

РФнинг биринчи президенти Борис Ельцин ҳамда СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв/ Фото: РИА Новости

Ҳозир постсовет ҳудудида собиқ СССРдан қолган жароҳатлар, ҳиссиётлар кучли. Шунинг учун, СССРга тарих сифатида эмас, кечаги зулм машинаси ва истиқболдаги эҳтимолий лойиҳа сифатида қараш мавжуд. Вақти келиб, СССР тўлиқ тарихга айланади. У билан боғлиқ эҳтирослар тинади. Ана ўша пайтда, Ўзбекистонда ҳам “СССР тарихи музейи” ташкил қилиш, ва келажак авлодларга бу давлат инсоният тарихидаги энг катта сиёсий экспериментлардан бири бўлганини кўрсатиш лозим бўлади. СССРда даҳшатли жиноятлар, катта ижтимоий ютуқлар ҳам бор эди.

СССР тарихи ва унинг парчаланиши ҳақида гап кетганда, Горбачёв ва Ельцинлар ҳам алоҳида тилга олиниши лозим бўлади. СССР давлати ҳақида фикрлашдаги энг асосий савол, назаримда, “нима учун Бухоро Амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари, Туркистон/Марказий Осиё давлатлари ва халқлари шу қадар рақобатдошликни йўқотиб, Европанинг энг қолоқ империяларидан бири бўлмиш Чор Россиясига, сўнгра қизил империяга тўлиқ ўз мустақиллигини бериб қўйди?” бўлиши керак.

Тарихни билишнинг асосий вазифаси – хатоларни яшириш эмас, кўрсатиш ва уларни билгач, бу хатоларнинг олдини олиш устида ишлаш бўлади. Кимки, ниятидан қатъи назар, тарихнинг кичик бир қисмини бўлса ҳам яширишни ёки айланиб ўтишни таклиф қилар экан, ўша даврдаги хатоларни билиш ва тузатишга тўсиқ яратаётган бўлади. Ўзбекистонда эса тарих – хонликлар даврида ҳам, совет даврида ҳам, ҳозир ҳам, мафкуравий қобиқда қоляпти...

Миродил Абдураҳмонов, “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири, филолог:

— Тарихнинг энг мураккаб шахсларидан бири бўлиб қолади Горбачёв. Кўп ўтмай у билан боғлиқ ҳақиқатлар очилиб, собиқ иттифоқнинг ҳалигача яширилаётган “дунё”си юзи кўринади...

АҚШнинг 40-президенти Роналд Рейган ва Михаил Горбачёв рафиқалари билан СССРнинг Вашингтондаги элчихонасида кечки овқатга йўл олишмоқда. / Фото: Оқ уй

Иқбол Қўшшаева, журналист-санъатшунос:

— Михаил Сергеевич рус шовинизми қабул қилолмайдиган сиёсатчи эди. Горбачёв янгиликларга очиқлик билан қарарди, интеллектуалларни қадрларди.

Саксонинчи йилларда мамлакат маданий ҳаётида инқилоб бўлган, қулликка исён ўлароқ талқин этилган “Холстомер” спектаклини кўриш учун Ленинградга бориб, Георгий Товстоногов ва унинг жамоасини табриклагани тасмаларда муҳрланган. Рус элитаси ундан юз ўгирган пайтда Иннокентий Смоктуновский юбилейи шарафига уюштирилган зиёфатга таклиф этиб, ҳурматини изҳор этганди.

Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” романининг муҳокамасида ҳам қатнашган. У қизил империянинг сўнгги тирик афсонаси эди. Зора, Горбачёв тажовузкор рус империяси билан боғлиқ жамики хаёллар-у афсоналарни ҳам ўзи билан олиб кетса...

Тириклигидаёқ уни унутган Россияни айни чоғда тарк этишининг ўзида Аллоҳнинг минг бир ишораси бордек.

Анвар Назир, тарихчи:

— ...Горбачёвнинг ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати Ўзбекистонга ўзбек тили, пахта монокултураси, Орол денгизи муаммолари ҳақида гапириш имкониятини очди. Горбачёвнинг қайта қуриши ва шахсан Горбачёв имзолаган фармон КГБ, Коммунистик партия Марказий Қўмитаси архивларини очди, биз Сталин қатағонлари ҳақида билиб олдик ва кейинчалик бу бизга минглаб одамларни реабилитация қилишни бошлаш имкониятини очди.

Совет тузуми томонидан ўлдирилган ўзбекистонликларни оқлашга йўл очиб берди. Aндропов даврида тақиқланган Наврўз М.Горбачёвнинг фармони билан бизга қайтарилди, айнан Горбачёв СССР мусулмонларига Макка ва Мадинага ҳаж қилишларига рухсат берувчи фармон чиқарди. Aйнан Горбачёв СССР халқ депутатлари қурултойида Гдлян ва Иванов гуруҳи фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқди ва ўзбек иши деб аталмиш туҳмат фош қилинди, шундан кейингина қўрқоқ ўзбекистонлик депутатлар Гдлян ва унинг гуруҳини танқид қила бошладилар.

Дарвоқе, “Ўзбек иши”ни баъзилар айтганидек Горбачёв эмас, Aндропов бошлаган. Aммо энг муҳими, иттифоқнинг сўнгги раҳбари ҳокимиятга куч билан ёпишмади ва совет тарихининг қулаши қонсиз бўлиб чиқди. Бу буюк воқеа ва шунга барча империалистик исқирт сталинистлар Горбачёвни кечира олмайди.

АҚШнинг 40-президенти Роналд Рейган ва СССР президенти Михаил Горбачёв. 1992 йил 2 май, Рейганнинг Калифорниядаги ранчосида. / Фото: Bob Galbraith

Михаил Горбачёв амалга оширган яна бир ажойиб нарса – афғон урушини якунлагани. СССР Aфғонистонни тарк этди, айнан унинг қарори билан. Горбачёв афғон муаммосини ҳал этиш йўлида қатъий ният билан ҳокимият тепасига келди ва Брежнев бошлаган ва Aфғонистон халқининг узоқ муддатли фожиасини бошлаб берган бу шармандали урушни тугатди.

[...] Энг муҳими, Горбачёв ҳеч нарсани ўғирламади, у Нобел мукофоти учун миллион долларлик гонорарини олтита касалхона, жумладан, Оролбўйида битта касалхона қурдиришга хайрия қилган. Мана шундай инсон бўлган у.

У ўзи оддий инсон каби пул топишдан тортинмади, масалан, пиццани реклама қилди, дунё бўйлаб кўп маърузалар ўқиди ва бунинг учун яхши гонорарлар олди, лекин яхталари, саройлари, оффшор банк ҳисоблари бўлган ҳозирги ўғриларга ўхшаб эмас, ўзи ҳалол пул топди.

Улуғбек Орипов, журналист:

— 91 ёшни қарши олган кекса Михаил Горбачёв вафот этди. Бизга ўхшаган ёш авлод катталарнинг ҳикоялари ва тарих сабоқлари орқали бу одамнинг даври ҳақидаги гапларни билади.

Фактларга қарайдиган бўлсак, Михаил Сергеевич мураккаб шахс бўлган. Бир томондан жамиятни эркинлаштиришни илгари сурган, бошқа томондан СССРни сақлаб қолишга уринган (бунга чин дилдан ҳаракат қилганми-йўқми, ёлғиз Ўзига аён).

Бундан ташқари, Путиннинг кўп ҳаракатлари (масалан, Қрим аннексияси)ни оқлаган ва қўллаган. “Агар Путиннинг ўрнида бўлганимда, мен ҳам Қримни қўшиб олардим. Афсуски, СССР тарқалиб кетди. У мавжуд бўлганда бугунги ҳудудий муаммолар вужудга келмасди”, деган у.

Кўпчилик Ғарб давлатлари раҳбарлари Горбачёвни илиқ сўзлар билан хотирлашмоқда. Албатта, ўзларининг улкан рақибларини тиз чўктиришга катта ҳис қўшган, муросасозлик қилган одамни мақташларига асос бор. Албатта, бу шахсий фикрим.

Михаил Горбачёв ва Владимир Путин. 2001 йил 8 октябр, Кремл, Москва / Фото: РФ президенти матбуот хизмати

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

— СССР уч марта ўлади. Биринчи марта бундан ўттиз бир йил аввал, 1991 йил августда ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ўлган СССР. ГКЧП мағлубиятидан кейин.

Иккинчи марта СССР онгларда, шуурларда ўлган. Эркин, ёш, мустақил, фикрловчи авлод ўлдира олган ичидаги СССРни. Ўлдир, сен ҳам ичингдаги СССРни ўлдир! Бу – СССРнинг мафкуравий ўлими.

Учинчи мартасида СССР ичидаги СССРни ўлдира олмаганлар билан бирга жисмонан ўлади. Шундайлардан бири Горбачёв эди. Бу СССРнинг жисмоний ўлими. Бир кун Путин ҳам ўлади ва СССР бутунлай ўлади.

Ҳа, шундайлардан бири Горбачёв эди. СССРни тарқатиб юборган, ўлдирган деган тамға унга нисбатан энг адолатсиз ва ёвуз тамға эди. У охиригача СССРни сақлаб қолишга уринган. ССГ, Янги СССР каби шаклларда. Бир кун келади ГКЧП унинг зимдан амалга оширган энг охирги махсус операцияси эканини ҳам тарих очиқлайди. Лекин биз Горбачёвдан шунинг учун миннатдор бўлишимиз керакки, у ўлаетган СССРни сақлаб қолиш учун яна минглаб, ўн минглаб, миллионлаб одамлар ҳаётини қурбон қилишга бормаган. Боролмаган.

Жойида тинч ётсин.

Зафар Ҳошимов, тадбиркор:

— Буюк инсон эди. Асослари дарз кетган мамлакатни ислоҳ қилиб, янги асрга олиб кирмоқчи бўлган романтик сиёсатчи бўлиб қолади ёдимда.

Ислоҳотга мойил бўлмаган мамлакатнинг ахири тинч тарқалишида катта хизмати бор.

Ўлган куни ҳам символизмга тўла.

PS. Дарвоқе, Михаил Горбачёв ўзининг аёли Раиса Максимовнага бўлган муносабати ҳам эътиборга лойиқ. Шу борада ҳам уни совет раҳбарларининг энг одамийи бўлган деса бўлади.

Михаил Горбачёев ва унинг рафиқаси Раиса Максимовна Москвага келган АҚШ президенти Роналд Рейганни кузатиб қўймоқда. 1988 йил 2 июн, Кремл, Москва / Фото: Юрий Абрамочкин

Шарофиддин Тўлаганов, журналист:

— Михаил Горбачёвнинг ўлимини ҳамма ўз билганича кутиб олди. Кимдир уни қораламоқда, кимдир уни оқламоқда. Энг қизиғи, Facebook ажойиб-да, қора деганлар ҳам қораланмоқда, оқ деганлар ҳам қораланмоқда... Нима бўлганда ҳам вақт – олий ҳакам. Горбачёв улуғ ишни қилиб кетди. Шахсан мен унинг тарих олдидаги буюк хизматларини олқишлайман.

...Горбачёв нотиқ эди. Кўп гапирарди. У бошлаган ислоҳотлар халқ томонидан нохушлик билан кутиб олинди. Чунки бу даврда дўконлар бўшаб қолган, бунинг устига гап билан қорин тўйдириб бўлмасди. “Гап кўп-у, умр оз”.

“Жадаллаштириш”, “ошкоралик”, “плюрализм” иборалари тилимизга кириб келди. Аммо одамларга гап эмас, нон керак эди. Горбачёв бошлаган ислоҳотлар муваффақиятсизлиги асосий сабаби ҳам мана шунда – иқтисод ўз ҳолига ташлаб қўйилганида эди.

Бироқ одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни ўрганишди.(Аслида энг катта ютуқ мана шунда эди). Москвада эсган кучли бўрон миллий республикалар пойтахтларига енгил шаббода ҳолида етиб борган бўлса-да, одамларнинг кўзи очила бошлади.

У миллий республикаларга шундай эркинлик бердики, бундан фақат Болтиқбўйи республикалари унумли фойдаланишди. Бошқа республикалар Кремлга қараб иш тутишда давом этавердилар. Иттифоқдош республикалардан биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик лавозими жорий этилиши айнан Горбачёвнинг бағрикенглиги исботидир...

1991 йилнинг 19 августида ҳокимият ГКЧП қўлига ўтди. Ўшанда Горбачёв ўзини ўзи қутқарган эди. Агар у ошкоралик сиёсатини олиб бормаганида эди, унинг уй қамоғига олинганини, СССРда давлат тўнтариши юз берганини биров билиб, биров билмасди. Айнан ошкоралик туфайлигина қонуний президентни ҳимоя қилиш мақсадида халқ кўчага чиқди. (Эсланг, 1964 йил октябрда дам олаётган Никита Хрушчев ими-жимида хокимиятдан четлаштирилган эди...)

Россиянинг Украинадаги “махсус амалиётлари” миллий республикалар мустақиллиги хавф остида эканини кўрсатмоқда. Буни “мустақилликка Горбачёвнинг хизмати йўқ” деяётганлар билиб қўйиши керак.

Миллий республикалар мустақиллигига Горбачёвнинг бевосита ва билвосита хизмати бор. Бир нарса аниқ, агар, Черненконинг ўлимидан сўнг ҳокимиятга номзод сифатида кўрилган Гришин (Москва раҳбари) ё Романов (Ленинград вилояти раҳбари) келганида эди, тарих ўзани бошқача бўларди. Миллий республикалар мустақилликни хаёлига ҳам келтирмасди.

Нигора Умарова, журналист:

— У сиёсатга келганида СССР аталмиш “қудратли” давлатда турғунлик даври кайфияти ҳукм сурар, мамлакатнинг оддий аҳолиси турмуш тарзи ночор бўлса ҳам юқоридаги раҳбариятнинг ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК, КОММУНИЗМГА ЕТИШНИНГ ИЛҒОР ҒОЯЛАРИга ишониш ёки ишонмаслик ҳолатида эди. Ишонай деса, ҳаётдаги бошбошдоқликлар, ишонмай деса...

1980 йилларнинг ўрталарида у СССР сиёсатига ҚАЙТА ҚУРИШ ва ОШКОРАЛИК тушунчаларини олиб кирди, халқ ичига кириб борди. Ана ундан кейин СССР деб аталмиш мамлакатнинг ПАНДОРА ҚУТИСИ очилиб, мамлакат қандай қурилгани ошкор бўла бошлади, биродар ўн бешта республика ва бошқа миллат, элатларнинг дарди очилди.

У СССР ва ғарб ўртасидаги темир деворни олиб ташлади. АҚШга ташриф буюриб, унинг ўша пайтдаги президенти Рональд Рейган билан учрашувини СССР халқи зангори экран орқали қилт этмай томоша қилди. Ғарбий ва шарқий Германия (ГФР ва ГДР) ўртасидаги Берлин девори олиб ташланишида ҳам унинг ҳиссаси бор дейишади.

Берлин, 1986 йил / Фото: Германия миллий архиви

У инсонлар онгига мафкура фақат пештахталар озиқ-овқатга тўлалиги билан эмас, миянинг эркинлик мафкураси билан тўйинтирилиши лозимлигини кўрсата олди...

...У фаолият олиб борган даврда СССРда яшовчи халқларнинг деярли барчаси ўз тарихини, миллати қаҳрамонларини рўй-рост кўрсата олиш имконига эга бўлди. Марказий Компартиянинг съездини миқ этмай кузатиб ўтирган 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган халқ ПАХТА ИШИ, ЎЗБЕКЛАР ИШИ ҳақидаги гапларни, Одил Ёқубовнинг ўша машҳур маърузасини эшитди.

У ўн бешта республика эркинлик билан ўз сиёсатини юритишга ҳақли эканлигини билдира олди.

Инсонлар ўртасида у ҳақида вангалашган нострадамусона афсоналар бичиб-тўқилганди. Эмишки, СССРни парокандаликка олиб келувчи раҳбарнинг бошида мамлакат харитасини эслатувчи нори бўлармиш. У 1988-90 йилларнинг халқ оғзаки ижоди қаҳрамонига айланганди.

У СССР деб аталмиш “буюк” мамлакатнинг биринчи ва охирги президенти бўлиб қолди. Бу Михаил Сергеевич Горбачёв эди. 1980 йилларнинг охири, 1990 йилларнинг бошида онги энди шаклланаётган ўқувчи сифатида унинг қиёфаси менда шундай шаклланиб қолган.

Мавзуга оид