«Ўзбекистондан ҳеч ким Alibaba’га мол сотмаяпти» - Мутахассислар тадбиркорлик ривожига тўсиқлар ҳақида
Alibaba компаниясининг бугунги кунда 250 миллион аъзоси бор. Аммо Ўзбекистондан ҳеч ким унга мол сотаётгани йўқ.
Тошкентда Иқтисодиёт ассамблеяси ҳамда Мебелчилар ва ёғочсозлик саноати уюшмаси томонидан турли соҳа вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Тадбирда ассамблея раиси, халқаро иқтисодчи Мухтор Умаров тадбиркорликни ривожлантиришда зарур омиллар хусусида фикр билдирди.
«Олдимизда турган энг муҳим мақсад – илмни ривожлантириш ва уни бизнес билан интеграция қилишдан иборат. Биз илм борасида анча ортда қолиб кетмоқдамиз.
Бугунги кунда дунёда энг ривожланган соҳалардан бири рақамли тижорат бўлиб қолди. Масалан, Alibaba компаниясини оладиган бўлсак, компаниянинг 250 миллион аъзоси бор. Аммо Ўзбекистондан ҳеч ким Alibaba’га мол сотаётгани йўқ.
Бизнесмен сифатида айрим камчиликларимизни айтаман. Мисол учун, божхона имтиёзларидан хабаримиз йўқ. У ерда «яшил йўлак» тизими жорий этилган. Лекин кўп тадбиркорлар уни тушунмаяпти. Керак бўлса, юкларни божхонадан онлайн ўтказиш мумкин. Лекин тадбиркорлар ўзлари овора бўлишяпти. Чунки улар бу имкониятлардан бехабар.
Яна бир оғриқли нуқтамиз – кадрлар етишмаслигида. Ҳар бир тадбиркорга ва умуман, бутун жамиятга билимли, салоҳиятли кадрлар етишмаяпти.
Бугун бирлашадиган пайтимиз келди. Тадбиркорлар бирлашиши, ўз устида ишлаши, қонун ташаббускорлигида ҳам бемалол қатнашиши энг муҳим масала бўлиб турибди», дея ташкилот раиси сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шунингдек, Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов божхона тизимини рақамлаштириш ва бунинг тадбиркорларга берадиган қулайлиги ҳақида гапирди.
«Ҳамма идора ўзича ислоҳот қиляпти. Лекин тизимли ислоҳот йўқ. Биз божхонада ислоҳотнинг драйвери бўлишга ҳаракат қиляпмиз-у, лекин оқсаяпмиз. Нега? Сабаби божхона локомотив бўлиб тушганида, орқада 10та, 20та вагонни тортиб кетишингиз керак. Яъни орқада барча рухсатнома берувчи ва бошқа ҳамкорликда ишлайдиган идоралар бор. Ўшалар «тормоз»ни босиб қўяди. Сертификат олиш қийин бўлгани учун божхонада расмийлаштирув қийин.
Лекин якуни божхона бўлгани учун ҳамма тош бизга отилади. Бунда рақамлаштириш ҳамма нарсани енгиб ўтади. Биз энг олий мақсадимизни рақамлаштиришга қўйганмиз ва ҳар бир қилаётган ўзгаришимизни лойиҳавий бошқарувга асослантирмоқдамиз.
Биз рақамлаштириш орқали иш ҳажмини камайтирдик. Мисол учун, икки йил олдин ҳар бир машина ёки вагонни очган бўлсак, ҳозир 30 фоизи ҳам очилмайди. Чиқмаяпмиз ҳам, кўрмаяпмиз ҳам. Келажакда буни 5 фоизгача туширамиз.
Галдаги вазифамиз – тадбиркорнинг ўзига имконият беряпмиз ва ўзини-ўзи тортсин, деяпмиз. Уларни ажратяпмиз. Сиз ҳалол тадбиркор экансиз, деб қўшимча имконият беряпмиз. Бошқаларига сизлар кўриб қўйинглар, деяпмиз. Булар ҳалол бўлса, «яшил йўлак»да юраверади. Офисда ўтириб декларация ташлаб, расмийлаштиряпти.
Алдашга ҳаракат қилаётганларни тизимнинг ўзи автомат тарзда топади. Янги дастурни ишга туширганимизда, у 75 минг тадбиркордан бор йўғи 500 нафарини ҳалол, деб кўрсатиб берди. Сабаби, кўп фирмалар импорт-экспортда 3 ой ишлайди, кейин уни ёпади. Чунки солиқдан қочишга ҳаракат қилади.
Эндиликда фирма қанча кўп ишласа, дастур унга шунча яхши балл бераверади.
Божхона бизнесни юритиш учун энг яхши шароитларни яратиб бериши керак. Менинг энг катта ғоям – божхона божхоначисиз бўлиши керак.
Бу дегани тўғри, минглаб одамларни ишсиз қолдириши мумкин. Лекин сиз божхонага келиб, божхоначини кўрмаслигингиз ва умуман божхонага бормаслигингиз керак. Бу ерда тизимнинг ўзи ишлаши керак. Тадбиркор уйида ўтириб юкларни юклатиб олиб чиқа олиши лозим. Божхона борлигини сезмаслиги керак. Лекин бунда қарс икки қўлдан чиқади», деди божхона расмийси.
Аввалроқ, Мухтор Умаров экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ҳақида гапирганди.
Шунингдек, Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Ўзбекистонда тадбиркорларнинг рақамли иқтисодиёт, хусусан, электрон савдо имкониятларидан кенг фойдаланиши учун интернет ва банк тизими ислоҳ қилиниши лозимлигини ҳам таъкидлаган.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022