Жаҳон | 07:46 / 30.06.2023
10374
3 дақиқада ўқилади

Францияда уч кундан бери оммавий тартибсизликлар давом этмоқда

Францияда ўсмирнинг ўлимидан сўнг полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар қайта бошланди. ОАВ маълумотларига кўра, 255 киши қўлга олинган.

Фото: AURELIEN MORISSARD / AP

Франциянинг йирик шаҳарларида полициячи отиб ўлдирган 17 ёшли ўсмирнинг ўлимидан сўнг бошланган тартибсизликлар учинчи кундан бери давом этмоқда. 30 июнь, жумага ўтар кечаси полиция 200 дан ортиқ одам қўлга олингани ҳақида хабар берди. Франция бўйлаб 40 минг полициячи жойлаштирилади - бу бир кун олдин сафарбар қилинганидан деярли тўрт баравар кўп, деб ёзади Reuters.

Полиция билан тўқнашувлар 29 июнь оқшомида қайта бошланган. Парижнинг ғарбий чеккасидаги Нантер шаҳрида намойишчилар машиналарга ўт қўйди, кўчаларни тўсди ва полиция билан тўқнашди. Реймс ва По шаҳридаги полиция бўлимларига ҳужум уюштирилди, деб хабар берди BFMTV. 

Марселда сайёҳлик марказида намойишчилар билан тўқнашув чоғида полиция кўздан ёш оқизувчи газ гранаталарини қўллади, деб хабар бермоқда La Provence шаҳар газетаси. Париждаги Шатле майдонида дўконлар талон-торож қилинган, полиция билан тўқнашувлар ҳам бўлган. Пойтахтда камида 14 киши ушланди, деб ёзади Le Figaro. Нантда автомобиль супермаркетга қараб ҳайдалган.

BFMTV маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 2:30 га қадар 255 киши участкаларга олиб кетилган.

Миллий жандармерия «жамоат тартибини сақлаш» учун ерда ва ҳавода «барча воситаларни» сафарбар қилишга ваъда берди. 

Махсус кучлар Нантер, Париж ва «барча керак бўлган жойларда» сафарбар қилинади, деб хабар берди пойтахт полицияси. 

Ўсмир билан боғлиқ фожиа 27 июнь куни юз берган. Полиция маълумотларига кўра, машинани бошқараётган Наэл М. исмли йигит унинг талабларини бажаришдан бош тортган. Франциянинг Rfi интернет нашри хабарига кўра, ёш ҳайдовчини отган 38 ёшли полициячи қасддан қотилликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. 

27 июнь куни ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видео тарқалди. Ундан кўриниб турибдики, сариқ рангли машинани текшириш вақтида полициячилардан бири ҳайдовчига қурол ўқталиб турган. Машина узоқлашаётганда полициячи ўқ узган ва ҳайдовчининг кўкрагини нишонга олган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар Наэлни қутқара олмади. Маълумотларга кўра, у билан бирга машинада яна икки киши бўлган. Улардан бири қочишга муваффақ бўлган, иккинчиси - вояга етмаган шахс, қўлга олинган, аммо 29 июнь куни эрта тонгда қўйиб юборилган. 

Мавзуга оид