Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш тартиби қандай бўлади?
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг аниқлик киритишича, ижарага олувчи ерга ижара ҳуқуқини бошқага ўтказишдан олдин ундан камида 3 йил фойдаланиши керак. Қайта ижарага беришни расмийлаштиришда шартномавий муносабатлар бўлади ва кадастр органларида қайд этилади, аммо ҳеч қандай давлат органларидан рухсат олиш талаб этилмайди.
23 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги томонидан президентнинг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда янги қабул қилинган фармоннинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
Kun.uz мухбири «2021 йил 8 июндаги президент фармони билан ҳокимларнинг ерни олиб қўйиш ваколати тугатилган эди, аммо ҳозирги янги фармонда йилнинг охиригача истисно берилмоқда, сабаби нима? Ахир бу «йилнинг охиригача фойдаланиб қол» дегандек бўляпти-ку», деган савол билан расмийларга юзланди.
Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримовнинг маълум қилишича, йил охиригача ноқонуний фойдаланишда бўлган, қоғозда кўпроқ ёки камроқ кўрсатилган ер участкаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш учун янги норма киритилган.
«6243-сонли президент фармони ер соҳасидаги ислоҳотларни белгилаб берувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Фармонга кўра, туман-шаҳар ҳокимликларининг ер ажратиш бўйича ваколатлари тўлиқ бекор қилинган, яъни ушбу қарорда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар ҳақида гап кетяпти, бундай ерлар очиқ аукционда сотилиши белгиланган. Янги фармонда ҳам йил охиригача ҳокимликларга қўшимча ваколат берилмаяпти. Халқ депутатлари туман кенгаши, яъни вакиллик органлари йил охиригача давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкалари бўйича бир қатор чоралар кўриши белгиланмоқда.
Давлат рўйхатидан ўтказиш дегани ноқонуний фойдаланишда бўлган, қоғозда кўпроқ ёки камроқ кўрсатилган ва шу каби ер участкаларини қайта кўриб чиқиб, йил охиригача эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлади. Агар ноқонуний эгалланган ер бўлса, захирага қайтариш кўзда тутиляпти. Захирага қайтарилганда келгусида кадастр органлари қишлоқ хўжалигида фойдаланаётган ер участкаларини расмийлаштириб беради. Шу маънода бу нормани ортга қайтиш эмас, балки қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган субъектлар манфаати учун киритилган дейиш мумкин», деди Алишер Каримов.
Kun.uz мухбири «Ер ижара хуқуқини бошқа шахсга ўтказиш тартиби қандай бўлади, ҳокимлар бу ишга аралашадими ёки нотариал тартибда ва ДХМ орқали расмийлаштириладими» , деган савол билан ҳолатга аниқлик киритишни сўради.
Адлия вазири ўринбосарининг таъкидлашича, ижарага олинган ер учаскасини қайта ижарага беришда ҳеч қандай давлат органларидан рухсат олиши шарт эмас.
«Ер участкаларини қайта ижарага бериш ушбу ижара ҳуқуқини сотиб олган муддат учун берилади. Хусусуан, 30 йилга ижара ҳуқуқи асосида сотиб олиш мумкин. Шарти шуки, ер 3 йил белгиланган мақсадда мажбурий фойдаланилади, агар юридик шахс бўлса, бу муддат – 5 йил. Келгусида эса ҳеч қандай давлат органлари рухсатисиз қайта ижарага бериши мумкин. Фақат битта шарти бор: қайта ижарага беришда дастлабки ижарага олиш мақсади ўзгармайди, бошқа шахс ҳам ўша мақсадда фойдаланиши керак бўлади. Қайта ижарага беришни расмийлаштиришда шартномавий муносабатлар бўлади, келгусида кадастр органларида қайд этилади, лекин айтганимдек, ҳеч қандай давлат органларидан рухсат олиши шарт эмас», деди Алишер Каримов.
Аввалроқ, 1 мартдан бошлаб, фермерларга қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини сотишга рухсат берилгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:47 / 08.01.2025
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш тартиби белгиланди
14:43 / 04.01.2025
2025 йил учун ижара ҳақининг янги минимал ставкалари белгиланди
20:18 / 27.12.2024
Кунгабоқар уруғи экспортига тақиқ бекор қилинди
09:27 / 11.12.2024