Ўзбекистон | 08:18 / 16.08.2018
4950
3 дақиқада ўқилади

Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун тавсия этиладиган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаси қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондириш;

фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларига ҳужжатлар топшириши, таълим олиши ва таълим муассасаларини тугатганидан кейин иш билан таъминланиши юзасидан уларга тавсиялар бериш;

фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларига ҳужжатлар топшириши,  таълим олиши ва таълим муассасаларини тугатганидан кейин иш билан таъминланиши юзасидан уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиши учун тавсия этиладиган таълим муассасаларининг ҳар йиллик рўйхатини шакллантиришда иштирок этиш;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакилликлари билан ҳамкорликда фуқароларга хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш бўйича маълумотлар бериш;

фуқароларга уларнинг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига амалий ёрдам кўрсатишда иштирок этиш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ташқи ишлар вазирлигининг фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиши учун тавсия этиладиган таълим муассасалари рўйхатини ҳар йили 1 январгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилиши хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид