Ўзбекистон | 18:01 / 06.09.2025
3732
2 дақиқада ўқилади

Вазирликларга «юқоридан» кўрсатма кутмасдан қарор қабул қилишга рухсат берилади

Президент фармони билан ўз соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик ва идораларга идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазирлик ва идоралар ўз ваколати доирасида, Вазирлар Маҳкамаси ёки президентнинг кўрсатмаларини кутмасдан мустақил равишда меъёрий ҳужжатларни қабул қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда адлия вазири Акбар Тошқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасида кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, уларни ишлаб чиқиш ва ижро этишда вазирлик ва идораларнинг роли паст. «Демак, [уларнинг] масъулияти ҳам паст бўлади», деди Тошқулов.

Таъкидланишича, президент фармони билан ўз соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик ва идораларга идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

«Вазирлик ва идораларнинг масъулияти ўз соҳаси бўйича ошириляпти. Яъни уларга ҳукумат қарори, президент қарорини кутмасдан туриб, ўз соҳаси учун қарор қабул қилиш ваколати бериляпти. Бу ҳукуматнинг 30 фоиз ишини енгиллаштиради», деди вазир.

Тошқулов сўзларига кўра, ваколатлар тақсимланадиган аниқ йўналишлар белгиланган.

«Вазирлар қайси соҳада қарорни ўзи қабул қилади, қайси соҳада ҳукумат қабул қилади, қайси соҳада қонунлар билан қабул қилади. Бу, ўз навбатида, вазирларнинг ўз йўналиши бўйича сиёсатни ривожлантиришга хизмат қилади», деб қўшимча қилди у.

Бундай ҳужжатларни қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, муддатларини эса икки баравар қисқартириш режалаштирилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид