Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқдаги қатор ҳарбий базалар Эрон ҳужумига учради
Tasnim агентлиги хабарига кўра, БААда МРБнинг олти нафар офицери Эрон ракета зарбаси натижасида ҳалок бўлган.
Эрон Абу-Дабидаги ҳарбий-денгиз базасига дронлар билан зарба берди, деб маълум қилди БАА мудофаа вазирлиги.
Вазирлик баёнотида айтилишича, Абу-Дабида жойлашган “Ас-Салом” ҳарбий-денгиз базаси омборига иккита дрон келиб урилиши оқибатида икки контейнерда ёнғин келиб чиққан.
"БАА бу эскалацияга жавоб қайтариш ва ўз ҳудуди, аҳолисини ҳимоя қилиш, мамлакат суверенитети, хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш ҳамда миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади", - дейилади БАА мудофаа вазирлиги баёнотида.
Ироқдаги Арбил аэропорти яқинидаги Америка ҳарбий базасида дронлар ҳужуми чоғида портлашлар содир бўлди, деб хабар қилди Reuters ўз манбаларига таяниб.
Ўз навбатида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Эрон Кувайтда жойлашган АҚШ ҳарбий базасига зарбалар берганини маълум қилди.
"АҚШнинг Кувайтдаги ал-Салим ҳарбий-денгиз базаси яқинда амалга оширилган ҳужумлар натижасида бутунлай ишдан чиқди ҳамда АҚШнинг Кувайтдаги ҳарбий-денгиз инфратузилмасига қарашли учта объект йўқ қилинди", - дейилади Эрон давлат телерадиоси хабарида.
Tasnim агентлигининг хабарига кўра эса БААда МРБнинг олти нафар офицери Эрон ракета зарбаси натижасида ҳалок бўлган.
"Келиб тушган маълумотларга кўра, БААдаги МРБ офицерларининг қароргоҳига ракета ҳужуми натижасида МРБнинг олти нафар юқори лавозимли офицери йўқ қилинди, икки нафари яраланди", - дейилади хабарда.