Ўзбекистон | 07:42 / 03.03.2020
13447
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро университет ташкил этилади - Президент қарори лойиҳаси

Tashkent International University of Education нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш мўлжалланмоқда

Фото: Dreamstime

Президентнинг “Tashkent International University of Education нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳрида Tashkent International University of Education халқаро университетини нодавлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари учун талаб юқори бўлган мутахассисликларнинг бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар ҳамда таълим тизими учун замонавий педагог ва бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Университетнинг асосий вазифалари деб ҳисобланади.

Университетни таъсис этишда Халқ таълими вазирлиги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ва тизимдаги фойдаланмаётган биноларни ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Бунда, потенциал инвесторга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

ўз маблағлари ҳисобидан Университетнинг фаолиятини молиялаштириш, объектларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, уларга тегишли ҳудудни ободонлаштириш;

Университетга берилаётган объектда таълим хизматлари кўрсатиш юзасидан фаолиятни амалга ошириш;  

Университет томонидан белгиланган квота доирасида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра The Times Higher Education World University Rankings рейтингидаги дунёнинг 1000таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида имтиёзли грантлар ажратиш йўли билан тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширади.

Белгилаб қўйилишича:

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, ўз мустақил балансига эга бўлади, ўз ихтиёридаги маблағлар ва мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради;

Университетга ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш ва юритиш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, шунингдек абитуриентларни ўқишга қабул имтиҳонларини ўтказиш ва чет эллик юқори малакали мутахассисларни ёллаш учун хорижий ҳамкор сифатида The Times Higher Education World University Rankings рейтингидаги дунёнинг 1000таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасаларини белгилаш ва университет базасида уларнинг филиалларини очиш ҳуқуқи берилади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, Университет ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки ва махсус сиртқи йўналишлари бўйича амалга оширилади;

Университет бакалавр ва магистратура битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги диплом берилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади;

Университетнинг магистратура таълим босқичи битирувчилари Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари номенклатурасига киритилади;

Университетнинг магистратура дастурида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ва халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар учун 5 йил муддатга ойлик иш ҳақининг 50 фоиз бўлган миқдорида устама белгиланади (бошқа белгиланган қўшимча тўловлар ва нафақалардан қатъий назар);

Умумтаълим муассасаларида фаолиятини бошлаган Университетнинг бакалавр босқичи битирувчиларига тўғридан-тўғри иккинчи малака тоифаси, магистратура битирувчиларига биринчи малака тоифаси берилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқилишида ва уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида кўмаклашади.

2023 йил 30 декабрга қадар:

Университет барча турдаги солиқлар тўлашдан;

Университет Ўзбекистондаги фаолиятидан ҳам доимий муассаса орқали, ҳам тўлов манбаидан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича потенциал инвестор томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда Ўзбекистонда яшаш жойида вақтинча прописка қилинишини белгиланган тартибда таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид