Ўзбекистон | 11:46 / 10.01.2025
20603
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги меҳмонхонада россияликлар вафот этгани юзасидан 4 киши қамоққа олинди

Россиялик мухбир Инесса Паперная ва яна икки киши меҳмонхонада заҳарланиб вафот этганига оид тергов доирасида меҳмонхона эгаси, унга иситиш қозонини сотган икки киши ҳамда уни ўрнатган сантехник қамоққа олинган. Kun.uz ўрганган ҳужжатда меҳмонхонага ўрнатилган иситиш қозони эски бўлгани ва нотўғри ўрнатилгани кўрсатилган.

Фото: РЕН ТВ

Тошкент шаҳрида 3 киши заҳарланиб вафот этган меҳмонхонага иситиш қозони сотган шахслар ҳамда уни ўрнатган сантехник қамоққа олинди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг тергов органига яқин манбаси хабар берди.

Манбага кўра, иш доирасида меҳмонхона эгаси А.Хўжақулов, унга иситиш қозонини сотган З.Жамолдинов ва А.Юсупов ҳамда уни ўрнатган сантехник Н.Қурбоновга Жиноят кодексининг

186-моддаси 4-қисми «а» банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан айблов эълон қилинган. Уларнинг барчасига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, З.Жамолдинов ва А.Юсупов иситиш қозонлари савдоси билан шуғулланиб келган. Улар Karaman Palace Hotel меҳмонхонаси раҳбари А.Хўжақулов ва сантехник Н.Қурбонов билан биргаликда меҳмонхонага иситиш қозонини ўрнатган. Аммо улар томонидан ўрнатилган иситиш қозони хизмат муддатини ўтаган, эски ва конструкциясига ўзгартишлар киритилган, яъни конденсат чиқариш тизимидаги сифон олиб ташланган бўлган.

Шу тариқа, сув иситиш қозонининг конденсат чиқариш қувури тўғридан тўғри, яъни сифонсиз канализацияга уланган, газ ускунасининг дудбуронлари нотўғри, техник ва меъёрий қоида талабларига зид равишда ўрнатилган. Дудбуронлар текширувдан ўтказилмай туриб иситиш қозони ишлатилган.

2024 йил 20 октябр куни иситиш қозонидан ис гази сизиб чиққан. Бунинг оқибатида Россия фуқаролари – 47 ёшли Инесса Паперная ва 45 ёшли Максим Радченко, шунингдек, ўзбекистонлик 48 ёшли Хушнуд Удеков ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг тегишли хулосаларида уларнинг ўлими ис гази ва водород сулфид газларидан ўткир заҳарланиш оқибатида нафас етишмовчилигидан рўй бергани қайд этилган.

Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза марказининг судга оид комплекс техник экспертизаси хулосасида иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат қилиш муддати ўтиб бўлгани, конструкциясига ўзгартиришлар киритилиб, конденсат чиқариш тизимидаги сифон олиб ташлангани ҳамда конденсат чиқариш қувури тўғридан тўғри канализация тизимига улангани қайд этилган. Шунингдек, хулосада конденсат чиқариш тизими носоз бўлган иситиш қозонларидан фойдаланиш, сифонсиз канализация қувурига улаш ис гази сизиб чиқишига олиб келиши ва бунинг оқибатида заҳарланиш хавфи пайдо бўлиши, газ ускуна ва жиҳозлари техник ҳамда меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, иситиш вентиляция ва кондициялаш талабига риоя қилинмагани оқибатида ис газининг чиқиши аниқлангани келтириб ўтилган.

Ҳодиса ҳақида

Инесса Паперная Россиянинг Lenta.ru нашри журналисти бўлган. У ҳамроҳи 45 ёшли Максим Радченко билан Миробод туманидаги Karaman Palace Hotel’да бўлишган. 20 октябр куни улар нонуштага чиқмаган. Меҳмонхона ходимлари аёл ётган хонага қўнғироқ қилганда ҳеч ким жавоб бермаган. Шундан сўнг ходимлар хонага киришган ва ваннада Инесса ва Максимнинг жонсиз ётганига гувоҳ бўлишган. Меҳмонхонанинг бошқа хонасида ўзбекистонлик Хушнуд Удеков ҳам вафот этган. Кейинчалик россиялик журналистнинг қонида ис гази аломатлари топилгани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид