СССРда яширилган фожиалар – Москвадаги Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган меҳмонхона қандай ёниб кетганди?
1977 йилда СССРда фожиали ҳодисалардан бири содир бўлади. Москва марказида, Кремл яқинида жойлашган дунёдаги энг йирик меҳмонхонада ёнғин содир бўлади. Оқибатда анча одам ҳалок бўлади. Бошқалар шифохонага тушади. Ҳодисадан сўнг меҳмонхона фаолияти вақтинча тўхтатилади. СССР парчаланиб кетгандан сўнг у “снос” қилинади.

Зулм салтанати сифатида тарих саҳнида 69 йил яшаган СССРда одамлар ўлими билан боғлиқ жуда кўп ҳодисалар оммадан яширилган.
Бундан мақсад, СССРда барча шод-хуррам, фаровон яшаяпти, бу мамлакатда ҳалокатлар, жиноятлар, оммавий тўполонлар содир бўлмайди деган ёлғон тарғиботни омма онгига сингдириш бўлган.
1977 йилда Москвада содир бўлган ҳалокат ҳам ўз даврида оммадан яширилган эди. Ўшанда нафақат СССРдаги, дунёдаги энг йирик “Россия” меҳмонхонасига ўт кетган ва кўплаб одамлар ҳалок бўлганди.
Ёнғин меҳмонхона бўйлаб тарқалар экан, ҳодиса жойига СССР ички ишлар ва Мудофаа вазирлари, КГБ раҳбари ва бошқа юқори лавозимли шахслар етиб келганди.
Минглаб ўт ўчирувчилар оловни ўчириш учун қарийб бир сутка кураш олиб боришади. Ёнғин ўчирилганда муҳташам меҳмонхона вайрона ҳолга тушган эди.
Гиннесснинг рекордлар китобига кирган меҳмонхона
Россия меҳмонхонаси 1964-1967 йиллар оралиғида шундоққина Кремл яқинида, шаҳарнинг тарихий “Китайгород” деб аталадиган қисмига туташ қилиб қурилганди.
Меҳмонхона қурилишидан аввал совет мутахассислари Европа ва Америкада бўлиб, замонавий меҳмонхоналар қурилишини ўрганишади.
Меҳмонхонани жиҳозлашда Американинг меҳмонхоналар тармоғига эгалик қилувчи Hilton компанияси мутахассисларини чақириб, маслаҳат олишади.
Ўша пайтларда СССРда турли объектларни октябр ойига, эски тақвим билан 1917 йил 7 ноябрда содир этилган давлат тўнтариши кунига топшириш одат эди. Советлар бу кунни “Улуғ Октябр революцияси куни” деб номлашарди.
Москвадаги меҳмонхона битгандан сўнг уни ҳам байрам куни 7 ноябрда очишга қарор қилишади. Ўша куни совет раҳбарлари иштирокида лента кесилади ва меҳмонхона очилгани эълон қилинади. Унга “Россия” деб ном беришади.
“Россия” Ғарб давлатларидаги беш юлдузли меҳмонхоналар каби жиҳозланган ва унда асосан маҳаллий амалдорлар ҳамда хорижий меҳмонлар тунаб қоларди. Меҳмонхонага хорижликлар “Рус Ҳилтони” деб ном беришганди.
Меҳмонхона тўртбурчак шаклда, тўртта 12 қаватли, битта 23 қаватли корпусдан иборат эди. “Россия”да 3 100 та хона бўлган ва у бир вақтнинг ўзида 5 300 нафар меҳмонни қабул қила олган.

Ўша пайтларда бундай йирик меҳмонхона дунёнинг ҳеч қаерида йўқ эди. Шу сабабли 1970-йиллар бошларида “Россия” энг йирик меҳмонхона сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилганди.
Меҳмонхонадаги концерт залида юлдуз қўшиқчилар концерт беришган. Ундаги кинотеатрда филмлар намойиш этилган.
Маълумотларга кўра, меҳмонхона ўз фаолияти давомида 10 миллиондан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатган. Уларнинг 2 миллиондан ошиғи хорижликлар бўлган.
“Россия” меҳмонхонасида давлат раҳбарлари ва бошқа таниқли шахслар ҳам меҳмон бўлган. Жумладан, СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв, АҚШни 1988-1992 йиллар давомида бошқарган Катта Жорж Буш, машҳур боксчи Майк Тайсон шу меҳмонхонада тунаб қолишган.
Ҳодиса
1977 йил 25 феврал. Кечки пайт, соат 21:30 ларда “Россия” меҳмонхонасининг концерт залида қизиқчи Аркадий Райкин томоша қўймоқда.
Райкин томоша чоғида “Ўртоқлар, меҳмонхонада кичик ёнғин юз бермоқда. Оловни ўчириб бўлишгунча ваҳима кўтарилмаслиги учун биз сизларни шу ерда чалғитиб туришимиз керак”, дейди.
Залдагилар машҳур қизиқчининг гапларини навбатдаги ҳазил деб тушунишади ва кулишда давом этишади. Аслида эса йирик меҳмонхонанинг бошқа томонида ҳақиқатан ёнғин содир бўлаётганди.
Ўшанда аввалига тутунни ҳеч ким сезмайди. Ёнғин бошланганини билишганда эса ёнғин анча жойга ёйилиб улгурганди.
Шундан сўнг бу ҳақда саҳна ортида бўлган қизиқчига секин шиптишади ва концерт залда бўлган мингдан ортиқ томошабинни ёнғинни ўчириб бўлгунча чалғитиб туришни буюришади. Лекин оловни ўчириш осон бўлмайди ва у анча вақт давом этади.
Воқеа жойига етиб келган Москва шаҳар ИИБ Ёнғинга қарши кураш бошқармаси бошлиғи генерал Антонов вазият жиддийлигини кўриб, дарҳол раҳбариятга маълумот беради.
Шундан сўнг ёнғин бўлаётган жойга СССР Ички ишлар вазири Шчёлоков, КГБ бошлиғи Юрий Андропов, Мудофаа вазири Дмитрий Устинов, ҳукумат раиси Косигин ва бошқа раҳбарлар етиб келади.

Олов кучайган пайтда 5, 11 ва 12-қаватлар ёнарди. Ёнғин бошлангандан сўнг Москва шаҳридаги ўт ўчириш бошқармасига ҳодиса ҳақида 50 дан ортиқ хабар келиб тушади.
Ўша куни меҳмонхонада жуда кўп одам бор эди. Улар СССРнинг турли ҳудудларидан келган юқори лавозимли амалдорлар ва чет элликлар бўлган.
Бундан ташқари, меҳмонхонанинг 23-қаватида “Кремл” ресторани жойлашган ва ёнғин бошланган пайтда у ерда 250 нафар одам бўлган.
Бу одамларнинг асосий қисми ресторан хизматчилари – ошпазлар, официантлар, оркестр мусиқачилари бўлган. 11 ва 12-қаватда содир бўлаётган ёнғиннинг аччиқ тутуни уларнинг пастга тушиш йўлини тўсиб қўяди.
Ўтни ўчириш учун меҳмонхонага Москва шаҳри ва вилоятидан 1 400 нафар ўт ўчирувчи, 35 та сув сиғимига эга махсус машина, 61 та ўт ўчириш машинаси жалб қилинади.
Ўт ўчирувчилар пастки қаватлардаги оловни ўчиришади. Бироқ ўша пайтда дунёнинг иккинчи қутби сифатида ўзини қудратли давлат деб биладиган СССРда 11 ва 12-қаватлардаги оловни ўчиришга махсус техника топилмайди. Оқибатда 23 қаватли корпуснинг тепа қаватларида бўлганлар қамалда қолиб кетишади.
Ўт ўчирувчилар бинодан жами мингдан ошиқ одамни олиб чиқишади. Бироқ 11 ва 12-қаватларда бир гуруҳ одамларнинг чиқиш эшигини олов тўсиб қўйганди.
Ўша пайтларда совет ўт ўчириш машиналаридаги нарвонлар 7-8-қаватларгача етарди холос. Иккита нарвони 52 метрли ва битта 62 метрли ўт ўчириш машиналари бор эди. Бироқ улар билан оловни батамом ўчириб бўлмасди.
Ана шундай шароитда ўт ўчирувчилар қаҳрамонлик кўрсатишади. Улар нарвонларни бир-бирига боғлаб, юқори қаватларга чиқишади ва 50 кишини қутқаришади. Унгача эса анча одам нобуд бўлади.
Бир неча соат давом этган курашдан сўнг олов ўчирилади. Шундан сўнг бинодан чиқишга улгурмай ҳалок бўлган ва куйиб тан жароҳати олганларни олиб чиқа бошлашади.
Расмий маълумотларга кўра, ўша куни 42 киши вафот этганди. Уларнинг 12 нафари аёл, 30 нафари эркак бўлган. Бироқ норасмий маълумотларда ўлганлар сони икки-уч карра кўп бўлгани айтилади.
Шунингдек, 52 киши, улар орасида 13 нафар ўт ўчирувчи ҳам бор эди, турли даражада куйиш жароҳатини олади. Ёнғиндан бир неча кун ўтгач, шифохонага ётқизилганлардан яна 20 киши вафот этади.
Суриштирув ва ҳодисанинг яширилиши
Ёнғин ўчирилгандан сўнг КГБ ҳодиса тафсилотлари ҳақида оммага маълумот беришни тақиқлаб қўяди. Бироқ одамлар меҳмонхонада нима бўлганини билиб бўлганди.
Орадан тўрт кун ўтгач айрим марказий газеталар “Россия” меҳмонхонасида кичик кўнгилсизлик бўлгани ва бир неча киши енгил жароҳатлангани” ҳақида хабар беради холос.
Ҳодиса сабабларини ўрганиш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилади. Олти ойдан ошиқ давом этган текширувлардан сўнг комиссия ёнғин сабабини топа олмайди.

Аммо тахминлар бор эди. Уларнинг бирига кўра, ёнғинга меҳмонхона радиоузели жойлашган хонада ёниқ қолдирилган электр жиҳоз сабаб бўлган.
Бошқа версияга кўра, ёнғин ўша куни меҳмонхонада махсус тадбирини ўтказган КГБ ходимларининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққан.
Бу ҳодисанинг турли талқинлари ҳам бор. Унга кўра, меҳмонхонада КГБ ходимлари билан бирга ИИБ ҳам назорат ўрнатган ва кўпинча икки соҳа ходимлари бир-бирлари билан баҳслашиб турарди.
Ёнғин содир бўлган куни КГБ ходимлари милиционерлар ўтирадиган хонани ёқиб юборади. Оловни тезда ўчирган милиционерлар бунга жавобан КГБ ходимлари ўрнатган эшитиш мосламаларини назорат қиладиган ускуналарга ўт қўйади. Шундан сўнг ёнғин бошланади.
Яна бир тахминга кўра, ўша куни меҳмонхонада грузин ва абхаз миллатига мансуб шахслар ҳам бўлган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Оқибатда ёнғин келиб чиққан.
Охир-оқибат, ёнғин содир бўлишида “Россия” радиоузелида ишловчи икки ходим, ёнғинга қарши кураш учун масъул бўлган ходим, бош муҳандис ва меҳмонхона директори айбланади.
Директор, бош муҳандис ва масъул ходим Октябр революциясининг 60 йиллиги муносабати билан афв этилади. Бироқ кўп ўтмай меҳмонхонада ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар бўлган ходим ўз жонига қасд қилади. 1978 йилда радиоузелнинг икки ходими суд қилиниб, бир неча йилга қамалади.

Меҳмонхонанинг таъмирланиши
Ёнғин ўчирилгандан кейин ўтказилган текширувларда меҳмонхона жиддий шикастлангани аниқланади. Жумладан, 87 та хона ёниб кетган, яна кўплаб хоналар ўт ўчирувчилар сепган сув ва кўпик туфайли таъмирталаб бўлиб қолганди.
Ёнғин содир бўлгандан 2 кун ўтиб, 27 феврал куни Москва шаҳар қўмитаси раиси Виктор Гришин архитекторлар ва қурувчиларни йиғиб мажлис ўтказади.
Мажлисда меҳмонхонани таъмирлаш масаласи кўриб чиқилади. Гришин “Россия”ни 9 май Ғалаба кунигача тўлиқ таъмирдан чиқариш лозимлигини айтади.
У қурувчилар ва архитекторлардан меҳмонхонани кўздан кечириб, аслидай қилиб таъмирлаш учун қандай материаллар кераклигини рўйхат қилиб беришларини сўрайди.
Қурувчилар ва архитекторлар бир неча кунда рўйхатни қилиб беришади ва уларга рўйхатдаги барча қурилиш материаллари муҳайё қилинади.
Белгиланган муддат қисқалиги учун қурувчилар кеча-ю кундуз меҳнат қилади ва 29 апрел куни ишларни тугаллашади. Шундан сўнг меҳмонхона яна фаолият кўрсатишни бошлайди.
Расмий маълумотларга кўра, меҳмонхонани таъмирлаш учун 20 млн рубл ишлатилади. Ўша пайтда бу сумма 30 млн доллар атрофида бўларди.
Норасмий маълумотларга кўра эса меҳмонхонани таъмирлашга 40 млн рубл ёки 60 млн доллар атрофида маблағ сарфланган.
Меҳмонхонанинг “снос” қилиниши
1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг ҳам бир муддат Россия меҳмонхонаси Москва шаҳар ҳокимлиги ихтиёрида қолади.
1994 йилда шаҳар мэри Юрий Лужков меҳмонхонани реконструкция қилиш ҳақидаги фармойишни имзолайди. Ўшанда реконструкция ишларига 235 млн доллар сарфланиши кўзда тутилганди.
Бироқ сармоядорлар топилмагани учун реконструкция ишлари қилинмайди. Шу тариқа айрим тадбирларни айтмаганда меҳмонхона қаровсиз қолиб кетади.
2004 йилда Москва шаҳар ҳокимлиги Россия меҳмонхонасини “снос” қилиш ва унинг ўрнида замонавий меҳмонхона мажмуасини қуриш ҳақида қарор қабул қилади.
Янги лойиҳани амалга ошириш учун ўтказилган тендерда қатнашган Bauholding Strabag AG концерни ва Dubai Investments компанияси 2 млрд долларлик сармоя таклиф этади.

“Монаб” компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланадиган Еврофинансбанк эса 1,45 млрд долларлик лойиҳа таклиф этади. Бироқ тендерни ўта шубҳали тарзда 830 млн долларлик лойиҳа таклиф этган “СТ Деволепмент” ютиб олади.
“Монаб” компанияси тендер ноҳалол ўтказилгани юзасидан судга мурожаат қилади. Судда тендер ўтказиш жараёнида айрим қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани айтилади. Бироқ натижа ўзгаришсиз қолади.
2006 йил 1 январда меҳмонхонани бузиб олиш ишлари бошланади. Ишлар 2008 йилда тугатилиши белгиланганди. Бироқ “Россия”ни бузиб олиш ишлари 2010 йилгача давом этади.

Охир-оқибат тендерда ғолиб чиққан “СТ Деволепмент” ҳам ютқазади. Чунки 2012 йилда меҳмонхона ўрнидаги қурилишларни кўздан кечириш учун келган Владимир Путин ўша ерда истироҳат боғи ташкил этиш ҳақида гапиради.
Шундан сўнг барча лойиҳа бекор қилинади ва меҳмонхона ўрнида истироҳат боғи ташкил этилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Ўзбекистонда кейинги ҳафта жазирама иссиқ бўлади
Ўзбекистон | 15:46 / 13.06.2025
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон ва Исроил ўртасида авиақатновлар тўхтатилди
Ўзбекистон | 16:05
-
АЭХА раҳбари ядровий хавфсизликни таъминлаш учун Эронга боришга тайёр
Жаҳон | 15:47
-
Маскат ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилади
Ўзбекистон | 15:00
-
Гуржистонда «Ўзгаришлар коалицияси» етакчиси Гварамия ҳибсга олинди
Жаҳон | 14:59
Мавзуга оид

12:36
Москва 1200 нафар Украина фуқаросининг жасадини Киевга топширди

09:30 / 11.06.2025
Россиянинг постсовет давлатлари ҳудудидаги ҳарбий объектлари. Улар нима учун ташкил этилган?

22:14 / 09.06.2025
Москва ва Пхенян ўртасида тўғридан-тўғри темирйўл қатновлари йўлга қўйилади

19:46 / 09.06.2025